Ҳозир фарғоналик кўплаб футбол мухлисларини бир савол қийнамоқда. “Нефтчи”га нима бўлди? Муваффақиятсизликларнинг охири борми? Кетма-кет мағлубиятларга ким айбдор? Хуллас, ҳамма ёқда дув-дув гап. Хўш, чиндан ҳам “Нефтчи” бундай аҳволга тушишининг сабаби нимада? Жамоага нима етишмаяпти? Бугун мана шу саволларга жавоб топишга ҳаракат қиламиз.
Англанмаган ҳақиқат
Дарҳақиқат, мухлисларнинг жон кўйдиришларича бор. Бир пайтда “Нефтчи” нафақат, мамлакатимизда балки, бутун қитъада ўз номига эга жамоа эди. Фарғонадан очко олиб кетишнинг ўзи айрим жамоалар учун орзу саналарди. Ҳозирчи? Ҳар бир ўйинда меҳмонлар “Нефтчи”га жиддий қаршилик кўрсатишмоқда. Бунинг сабаби оддий. Саркисян ҳамон эски замонда қолган тактикадан фойдаланмоқда. Унинг ўйин услубини эса рақиблар яхши ўзлаштиришган. Ҳақли савол туғилади? Нега буни Саркисянинг ўзи тан олгиси келмайди. Акс ҳолда матбуот анжуманларига чиқиб, ҳар сафар ҳакамларни айблайвермасди. Ўзини ҳурмат қилган инсон аввало айбни ўзидан ахтариши лозим.
Бундан ташқари, Юрий Вазгенович бир гапни такрорлашни ёқтиради. “Жамоамдан етакчи футболчилар кетишди. Уларни ўрнини тўлдириш осон кечмаяпти” деб нолийди. Бундай гапларни эшитиш кулгули. Ахир “Пахтакор” бир йилда 25 нафар футболчисини ижарага бериб юборса ҳам чемпионлик учун курашаверади. Чунки улардаги тизим шундай. Ҳар қандай ҳолатда фақат юқори ўринлар учун курашиш.
Тизимни янглаш лозим
Ҳамма гап тизимда. Саркисян ҳар доим янги ўйинчиларни тарбиялаётгани ҳақида бонг уради. Лекин сўнгги йилларда “Нефтчи”да юлдуз даражасига етишиб чиққан ўйинчининг ўзи борми? Терма жамоа даражасига чиққан футболчини айта оласизми? (Ислом Тўхтахўжаевни Миржалол Қосимов кашф этганини унутмаслик лозим). Замон сенга боқмаса, сен замонга боқ, деганларидек, янги тизимга ўтиш даври аллақачон келган. Жамоа ҳозир чиндан ҳам таъмирга мухтож. Ҳар бир чизиқда тажрибали ўйинчилар даркор. Масалан, Цой ва Чилматов кетгач, “Нефтчи” дарвозабонга ёлчимай қолди. Ҳар бир ўйинда дарвозабонлар кўпол хатога йўл қўйишмоқда. Агар қишда жамоа ўз сафига кучли посбонни таклиф этганида жиддий муаммога дуч келмасди. Майли, бошқаларни кўя турайлик, ҳеч бўлмаганда, Фарғона футболи тарбияланувчиси бўлган Дониёр Усмоновни жамоага қайтариш лозим эди. Ушбу ёш дарвозабон ҳозир “Гулистон”да ажойиб ўйин намойиш этмоқда. Бошқа чизиғи борасида ҳам шундай фикр билдириш мумкин. Анвар Беридев ҳужумда барқарор ўйнай олмаяпти, Асқаралиев ва Саидов марказда устунлик қила олишмаяпти. Ҳимоя чизиғи эса...
Қишда олий лигада иштирок этаётган 13 жамоа ўз сафига янги футболчиларни жалб этди. Фақат “Нефтчи” бу борада жим турди. Натижа эса ўзингизга маълум. Лекин бундай ҳолат узоқ давом этмаслиги керак. Саркисян ҳеч бўлмаганда, жамоанинг шонли тарихини ҳурмат қилса мақсадга мувофиқ бўларди.
Рақобат йўқ
Тан олиш лозим, ҳозир жамоада рақобатнинг ўзи қолмаган. Мансур Саидов ёки Иқбол Акрамов каби ўйинчилар асосий таркибдаги ўринларидан хавотир олишмайди. Натижада улар ўз устиларида ишламай қўйишган. Агар Саркисян ҳар бир чизиқда кучли футболчиларни таклиф этганида жамоадаги рақобат чиндан ҳам ошган бўлар эди. Бунинг учун юқорида айтганимиздек, эски қарашдан воз кечиш керак. Тўғри барча нарса маблағга бориб тақалади. Лекин “Нефтчи” ҳозир молиявий томондан у қадар муаммоларга дуч келаётгани йўқ, менимча. Ҳар ҳолда икки марта хорижда йиғин ўтказиб келди.
Эскирган тактика
“Нефтчи” ҳамон алмисоқдан қолган тактикадан фойдаланмоқда. Ҳануз ўша ўйиндан ташқари ҳолатни ушлаш ва қанотлардан жарима майдончасига тўп узатишлар. Гўёки, “Нефтчи” бошқача ўйнашни билмайдигандек.
Ўтган йили Гвардиола “Барселона”дан кетаётганида шундай деганди: “Бир жамоада узоқ вақт ишлаш мушкул. Ё сен футболчилардан безийсан, ёки футболчилар сендан безишади. Бу эса жамоага зарар келтиради. Бундан ташқари, бир хил тактика билан кўп ўйнаб бўлмайди. Демак, мен кетишим керак”.
Ҳа, Гвардиола “Барселона”ни қандай чўққига олиб чиқмасин, тактикаси эскираётганини бу эса жамоа ўйинига салбий таъсир кўрсатишини ҳис этган ҳолда клуб билан шартнома узайтирмади. Энди мухлислар уни буюк мураббий сифатида эслаб юришади. Агар Хосеп ўз вақтида кетмаганида бугунгидек ҳурматга лойиқ бўлмасди. Яна ким билади, дейсиз?
Айрим мухлислар Фергюсон ҳам 26 йилдан бери “МЮ”ни бошқариб келяпти-ку, дейишлари мумкин. Лекин ўша мақталган мураббий ҳам жиддий рақибларга қарши ўйинга шогирдларини руҳан тайёрлана олмаяпти. Узоққа бормайликда “Реал”га қарши баҳсни эсга олайлик. “Манчестер” Нанининг четалтилишидан кейин руҳан синди. Фергюсон эса уларга далда бўла олмади. Негаки, Фергюсоннинг ўзи ҳам ўша ҳолатда қаттиқ зарбага дуч келганди. Муҳим баҳсларда “Қизил иблислар”га шу нарса панд бермоқда.
Қолаверса, Фергюсон ва Саркисянни тенглаштириш мантиққа тўғри келмайди. Орангизда Юрий Вазгеновичсиз “Нефтчи”га қийин бўлади, дейдиганлар ҳам йўқ эмас. Аммо унутмаслик лозимки, ҳозир ҳам жамоа ёрқин дамларни ўтказяпти деб бўлмайди. Лекин нимагадир эришмоқ учун нимадандир воз кечишга тўғри келади. Шонли тарихни эслаб юриш эса жонга тегди.
Касаликнинг олдини олмоқ лозим
Тўғри, Саркисянинг Фарғона футболига қўшган ҳиссаси беқиёс. Айнан шу мутахассис туфайли “Нефтчи” кўплаб совринларни қўлга киритган. Ҳозир ҳам мухлислар орасида Юрий Вазгеновични ҳурмат қиладиганлар кўпчиликни ташкил этади. Айнан мана шу мухлислар ҳаққи ҳурмати Саркисян ўз ўрнини ёш мутахассисга бўшатиб берса мақсадга мувофиқ бўларди.
Майли, у “Нефтчи”дан бутунлай кетмасин бошқа лавозимларда ишласин. Масалан, катта мураббий ёки спорт директори. Фақат ёшларга имкон бериш даври келди. Ахир 1994 йилги Осиё ўйинларида ғолиб бўлган бир нечта футболчилар айни дамда Олий лига жамоаларини бошқаришмоқда-ку. Жумладан, Игорь Шквирин. Ёки Миржалол Қосимов. Жамоага ўзининг шахсий мулки сифатида қараш керак эмас.
Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, “Нефтчи”га зудлик билан янги қон қўйиш вақти келди. Акс ҳолда касаллик бутун танани забт этади. Касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олган афзал эмасми?
Аброр Деҳқонов
Манба: “FutbolMundial” газетаси