Кириш Регистрация
21/12 00:45 Верона 0-1 Милан
21/12 01:00 Жирона 3-0 Вальядолид
21/12 17:30 Астон Вилла 2-1 Манчестер Сити
21/12 18:00 Хетафе 0-1 Мальорка
21/12 19:00 Торино - Болонья
21/12 20:00 Брентфорд - Ноттингем Форест
21/12 20:00 Ипсвич - Ньюкасл
21/12 20:00 Вест Хэм - Брайтон
21/12 20:15 Сельта - Реал Сосьедад
21/12 22:00 Женоа - Наполи
21/12 22:30 Кристал Пэлас - Арсенал
21/12 22:30 Осасуна - Атлетик Бильбао
22/12 00:45 Лечче - Лацио
22/12 01:00 Барселона - Атлетико
22/12 16:30 Рома - Парма
22/12 18:00 Валенсия - Алавес
22/12 19:00 Фулхэм - Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер - Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед - Борнмут
22/12 19:00 Эвертон - Челси
22/12 19:00 Венеция - Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид - Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм - Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта - Эмполи
22/12 22:30 Леганес - Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас - Эспаньол

Юрий Вернидуб: «Яхшибоев – мутлақо бошқа савия...»

Баҳо:
+1 | -

Ҳамюртимиз Жасур Яхшибоев Қозоғистон чемпионатида мавсумнинг ҳақиқий кашфиётига айланди.

Ҳар ҳолда, февраль ойидагина амалдаги чемпион «Ордабаси» сафига қўшилган ҳужумкор футболчимиз бирданига клуб етакчилари қаторидан жой олди, қолаверса, ҚПЛ тўпурарлар пойгасига ҳам қўшимча «интрига» киритди. Аниқроқ айтсак, 27 ёшли Жасур қозоқ лигаси доирасидаги 17та ўйинда 9та гол ва 3та ассист қайд этди. Fanday.kz «Ордабаси»нинг «Женис»га қарши ўйини арафасида сайти Яхшибоев билан «Шах­тёр» (Солигорск) ва «Шериф» (Тирасполь) клубларида бирга ишлаган украиналик машҳур мураббий Юрий Вернидубдан эксклюзив интервью олди. Тажрибали мутахассис бутун суҳбат давомида асосан ҳамюртимиз ҳақида гапирди, уни савияси юқори футболчи сифатида мақтади.

Яхшибоев масжиддан қайтиши билан гол урганди...

- Юрий Николаевич, аввало, айтингчи, вақтида сиз билан ишлаган Жасур Яхшибоевни қандай эслайсиз?

- Уни илк марта Беларусь чемпионатида кўргандим. Ўша вақт Солигорскнинг «Шахтёр» клубида ишлардим, Яхшибоев эса «Энергетик-БГУ»да ўйнарди. Жамоа сафида яна 2 нафар ўзбекистонлик бор эди - Шаҳбоз Умаров ва Ҳумоюнмирзо Иминов. Ҳаммаси топ-футболчи. Беихтиёр ўйлаб ҳам қолгандим: «БГУ» бундай йигитларни қаердан топаркин?» Ҳа, ўзбек футболи мактаби жуда сифатли. Охир-оқибат, Яхшибоевни «Шахтёр»га олдик. Техник салоҳияти, тезлиги, майдонни кўриш қобилияти жуда яхши иқтидорли футболчи. Айниқса, чап оёқ билан ишлаш маҳоратини алоҳида таъкидлаш керак. У барча стандарт вазиятларни ижро этиш баробарида ўйин ҳолатидан ҳам  яхши зарба беради.

- Яхшибоевнинг кучли томонларини айтдингиз, хўш, у қайси жиҳатларни яхшилаши керак?

- Жисмоний тайёргарлигига бироз қўшиши лозим. Шунингдек, ҳимояда гоҳида охиригача курашмасди. У менинг жамоамда марказий ҳужумчи ёки «10-рақам» позицияда ўйнарди. Айни шу ролда орт­га қайтиб, ҳимояда ишлашни охирига етказмасди. Шунинг учун Яхшибоевдан кўпроқ марказий ҳужумчи сифатида фойдаланиш - энг тўғри ечим.

«Ордабаси»да уни марказий ҳужумчи, асосан ўнг қанот вингери сифатида ўйнатишяпти...

- Ҳозир шундай тенденция бор: футболчи чап оёқда зўр ўйнаса, уни ўнг қанотга қўйишади ёки аксинча. У марказга кўчиб, кучли оёғида дарвозага зарба бериши учун шундай йўл тутилади. Бунга яққол мисол - Украина термаси афсонаси Ярмоленко ёки буюк Месси.

- Яхшибоевга тааллуқли бирор қизиқарли воқеа ёдингизда қолганми?

- Жасур - мусулмон. Мен эса барча динларга ҳурмат билан қарайман. Фақат мусулмонларда умумий қоидалар насронийларникидан кескин фарқланади. Дейлик, мусолмонлар Рамазон ойида кундузи ҳеч нарса истеъмол қилишмайди. Қуёш ботганидан кейингина мумкин. Бу борада кичик муаммо шуки, Рамазон тугаганидан кейин футболчиларга бироз куч етишмайди. Лекин бу ҳолатда уларни тушунишга ҳаракат қиламан, хусусан, Яхшибоевга бошқаларга нисбатан камроқ юклама берардим. Яна бир томони, Солигорскда масжид йўқ, фақат Минскда бор. Яхшибоев бир сафар ўйин куни масжидга бориб келиш учун рухсат сўради ва қўшиб қўйди: «Агар бормасам, ўйнолмайман». Шунда уни қўйиб юбордим, масжид унча узоқ эмасди. Яхшибоев эса бориб келди ва зўр ўйнаб, гол ҳам урди. Балки ибодат чиндан ҳам, ёрдам берар... 

 

Тушунарсиз ҳолатлар ҳам йўқ эмасди...

- Умуман, Яхшибоев «Шахтёр» ва «Шериф»да қандай ўйнаган?

- «Шахтёр»да ўзини кўрсата олди, кўп гол урди. «Шериф»да ҳам. Ваҳоланки, Молдовада аввалига анча қийналди, чунки жисмоний томондан тўлиқ тайёр эмасди. Зеро, Варшаванинг «Легия»сидаги вақт давомида деярли майдонга тушмаганди. У билан озгина шуғулланишга тўғри келди. Кейинчалик ҳаммаси жойига тушди.

- Уни «Шериф»га чақириш ташаббуси сиздан чиққанмиди?

- Ҳа, менга «Легия»да Яхшибоев фамилияли футболчи борлигини айтишди. Шунда дарҳол фикримни айтдим: «О! уни биламан, «Шахтёр»да бирга ишлаганмиз. Тўғри, ҳозирги ҳолатидан бехабарман» Кейин Wyscout орқали кузатдик, бироқ Жасур Польшада жуда кам ўйнарди. Очиғи, уни нега ўйнатишмаганини тушунмадим, негаки, менга футболчи сифатида жуда ёққанди.

- «Легия»да нима бўлганини ўзидан сўрамадингизми?

- Йўқ. Зеро, бундай ҳолатда футболчи бир хил жавоб беради: «Мураббийга ёқмадим». Яъни футболчи ҳеч қачон муаммо ўзида эканлигини айтмайди. Ваҳоланки, агар у амалиётсиз қолса, айбни аввало, ўзидан қидириши керак. Эҳтимол, Польшада яхши маош ол-гани салбий таъсир кўрсатиб, ўзига нисбатан талабни пасайтириб юборгандир...

- Яхшибоевнинг сизнинг қўл остингиздаги энг яхши ўйинини айта оласизми?

- Жасур Европа ЧЛда «Реал»га қарши зўр ўйнаган ва биз 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган эдик. Ўшанда Яхшибоев «Сантьяго Берна­беу»да гол урган ва яна бир қатор яхши вазиятларга эга бўлганди. Лекин нолиш ортиқча. 

- Яхшибоев инсон сифатида қандай?

- Нисбатан ёпиқ йигит, у билан гаплашиш жуда қийин эди. Доим ўзи билан овора. Биз эса очиқроқ бўлишини истардик. Лекин иш жараёнида у менга доим ёққан. Ҳаттоки, ҳамкорлигимиз якуний қисмида баъзи муаммолар бошланганига қарамай.

- Айнан қандай?

- Баъзан тушунарсиз ҳолатлар юзага келарди. Дейлик, терма жамоадан вақтида қайтмасди, бувиси ёки бошқа қариндоши хасталанганини айтиб, кетишни хоҳлаб қоларди. Айнан шундай нюансларда баъзан сабрим чидамасди. Шунда олдига қатъий талаб қўярдим: «Бунақаси кетмайди! Хоҳласанг, барчасини профессионал даражада бажар ёки ўзинггга бошқа жамоа қидир». У эса ҳаммасини тушунганини айтарди, аммо ўз билганидан қолмасди - вақтида қайтмасди, барибир. «Шериф» раҳбарияти ҳам Яхшибоев шартномага мувофиқ тўлиқ куч билан ишламаётганини кўрган, ҳар ҳолда, маоши кам эмасди. Албатта, Жасур клубнинг ЧЛга чиқишига катта ёрдам берган, гуруҳ босқичида ҳам. Бироқ ўз мажбуриятларига профессионалларча ёндашганида, янада кўпроғини уддаларди.

 

Жасур тезлик бўйича Мудрикдан қолишади, футболни тушуниш масаласида эса ундан юқорида...

- Яхшибоев Қозоғистон чемпионатига ўтганини эшитганингизда, ҳайрон қолдингизми?

- Бу унинг фаолиятидаги мутлақ мантиқий бурилиш. Футболда ўзингни севишинг тўғри эмас. Биринчи навбатда, футболни севиш керак. Яхшибоевда эса бу сал бошқача эди. Севимли ишингга шундай муносабатда бўлган ҳолда, ундан ўзинг хоҳлаган нарсаларни кутишинг ярамайди.

- Лекин Яхшибоев ҳозир Қозоғистон чемпионати тўп­-урарлари қаторида - «Ордабаси» сафида 9та гол ва 3та ассист қайд этди.

- Демак, Жасур қайтган ва Беларусда ҳамда «Шериф»да қисқа муддат кўринган ўша Яхшибоевга айланган. Айтганимдек, у жуда иқтидорли йигит. Бутун фаолиятим давомида ундан истеъдодлироғини кўрмаганман! Жасурда замонавий футбол учун ҳаммаси мужассам. Фақат истак билан боғлиқ муаммолари бор эди. Агар Жасур бу борада қўшса, топ-футболчига айланади.

- Қизиқ, қайси даражага кўтарилиши мумкин?

- У ҳар қандай чемпионатда энг яхши футболчи бўлиш салоҳиятига эга. Зеро, йигитда ҳаммаси бор - техника, зарба, узатма, тезлик, футболни тушуниш...

- Дейлик, Украина чемпио­натида ўйнай оладими?

- 100 фоиз! Беларусда ишлаганимдаёқ мураббийларга айтгандим: «Агар Яхшибоевнинг ўзи хоҳласа, «Шахтёр»да ҳам, «Динамо»да ҳам бемалол ўйнаб, энг яхшилардан бири бўла олади» (айтганча, Киев клуби ҳам вақтида Жасурга қизиқиш билдирган).

- Келажакда Яхшибоев билан яна ишлаш вариантини кўриб чиқяпсизми?

- Нега йўқ? Агар ишга муносабатини қайта кўриб чиқса, у билан ишлашга тайёрман. Жасур чиндан ҳам, ўзгарган бўлса, бу ҳурматга сазовор. Демак, Яхшибоевда ядро бор!

- «Ордабаси» ҳужумида ҳам­-юртингиз Артём Беседин ҳам бор. Агар уни Яхшибоев билан солиштирсак...

- Беседин ранжимасин, лекин Яхшибоев - мутлақо бош­қа савияси ва сифат. Украиналиклар билан солиштирсак, Жасур тезлик бўйича Мудрикдан бироз пастроқ, лекин футболни тушуниш ва кўриш борасида Михаилдан анча баландда. Яхшибоев - ноёб истеъдод! У ҳар бир вазиятни ҳис қилади. Агар Яратган Мудрикка худди Яхшибоевникидек ўйинни тушуниш хислатини берганида, унга тенг келадигани топилмасди.

Суҳбатимиз якунида Яхшибоев учун хурсандлигим ва уни қизиқиш билан кузатиб боришимни айтаман. Унга салом ва муваффақият. Жасур ўз ёндашувини қайта кўриб чиқиб, яна гол ура бошлаганидан мамнунман. Ҳа, ҳозирча Қозоғистонда, лекин тўхтамаса, яхши чемпионатга ўтади, бунга шубҳам йўқ.

Равшан ИБРОҲИМ тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 23:48, 08.11.2024.
Ўқилди: 3770 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.