Кириш Регистрация
30/12 00:45 Милан 1-1 Рома
30/12 22:30 Комо 2-0 Лечче
31/12 00:45 Болонья 2-3 Верона
31/12 00:45 Ипсвич 2-0 Челси
31/12 00:45 Астон Вилла 2-2 Брайтон
31/12 01:00 Ман. Юнайтед 0-2 Ньюкасл

Темур Кападзе: "Бу уруш ёки тиббиётдаги рақобатга ўхшайди..."

Баҳо:
+ | -

2024 йил Ўзбекистон футболи тарихига зарҳал ҳарфлар билан битиладиган йил бўлди.

Мамлакатнинг U-23 терма жамоаси ўз тарихида илк бор Олимпиадага йўлланма олиш билан бирга, нуфузли турнирнинг гуруҳ босқичида Африка қитъаси етакчиси - Миср, Европа чемпионати финалчиси, ушбу турнир ғолиби - Испания каби кучли жамоаларга қарши тенгма-тенг кураш олиб борди. Қўлга киритилган буюк натижа орқали ўзбек халқи кўнглидан чуқур жой эгаллаган Олимпия терма жамоаси бош мураббийи Темур Кападзе, Россиянинг Спорт24 нашрига берган каттакон интервьюсида ўз орзуси сари босиб ўтилган 4 йиллик йўл, РПЛ юлдузи Аббос Файзуллаевнинг ўсиши ва Ўзбекистондаги футбол ривожи ҳақида гапириб берди. 

- Тўрт йилликнинг нуфузли турнири - Олимпиадада иштирок этиш ўзбек футболи учун сўнгги йиллардаги энг катта воқелик ҳисобланади. Жамоа ушбу натижага қандай эришди? 

- Аввалги Олимпия ўйинлари саралашидаги мувафаққиятсизликдан сўнг 2021 йилда МОҚ раҳбарлари кейинги цикл учун Тошкентда Олимпия терма жамоасини тузишга ҳаракат бошлашди. Ўшанда Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси мураббийи эдим. Юртимизда худди шу ёш тоифасида Осиё чемпионати бўлиши керак эди, аммо пандемия туфайли мусобақа бекор қилинди. Кейинги турнир эса менинг жамоам учун автоматик равишда Олимпия саралаш циклига айланарди. Шу боис, раҳбарлар 4 йил давомида футболчиларни тўғридан-тўғри Олимпиадага тайёрлашни кўзда тутувчи жамоа тузиш таклифини ўртага ташлашди. Мураббий сифатида бу менга қизиқ туюлди ва дарҳол ишга киришдик. 

- Олимпиадага йўлланма олганингизда ўзингизни қандай ҳис қилдингиз? 

- Тарихий лаҳзалар эди... Уйдаги байрамни-ку қўяверинг. Бизни аэропортда ҳукумат делегацияси, раҳбарият ва бир қанча мухлислар кутиб олди. Ўша пайтда барчамиз фахр-ифтихор ва ғурурни ҳис қилдик. Аммо байрам ва тантаналарда қатнашиш учун ортиқча имконият бўлмади. Чунки, Олимпиада ўйинларига тайёргарлик кўриш учун икки ойдан камроқ вақт қолганди... 

- Олимпиада ҳақида қандай таассуротлар қолди? 

- Кундалик муаммолар бизни бироз чарчатди. Бундан ташқари, гуруҳдан чиқа олмаганимиздан хафа бўлдик. Аммо турнирнинг ўзидан олинган туйғулар ўзгача. Йигитлар Олимпия ҳавосидан нафас олишди. Номдор жамоаларга қарши ўйнаб, тажриба орттирдик. Бу эса келажакдаги йирик турнирларда йигитларга ёрдам беради. Қисқаси, Олимпиададаги иштирокимизнинг ўзи ҳам Ўзбекистон учун муҳим воқеадир. 

- Ўзбекистоннинг энг ёрқин истеъдоди ва РПЛ юлдузи - Аббос Файзуллаев билан ишлашни бошлаганингизда, уни зўр футболчига айланиб бораётганини дарҳол англадингизми? 

- Аббос - вундеркинд. У ҳар томонлама ривожланган футболчи. Ақл-заковати, техникаси ва фикрлаш тезлиги бор. Аммо асосий сифати самарадорлик ва профессионалликдир. Аббос доимий равишда ўз устида ишлайди. Мақтовлар уни ўсишдан тўхтата олмайди. Чунки, бу буюк истеъдодлар билан содир бўладиган ҳодиса. Юлдузлик касали Аббос учун эмас. 

- Аббосни кўрганингизда неча ёшда эди? 

- 17 ёшидаёқ уни ёшлар жамоасига жалб қила бошладим. Ўша пайтда асосий таркиб ўйинчиси эмасди. Лекин ёшига нисбатан етук кўринарди. Баъзи футболчиларга тактик масалаларни бир неча марта тушунтиришга тўғри келади. Аммо, Файзуллаев ҳаммасини биринчи марта айтганингиздаёқ тушунади. Унга қандай вазифа юкласангиз ҳам бехато бажаради. Аббоснинг ўсишига ота-онаси ва устозлари катта ҳисса қўшишган. Қисқаси, яхши тарбия кўрган йигит. Ўқишларида ҳам муаммо йўқ. Қолаверса, бир неча тилни билади. 

- ЦСКАга ўтишдан олдин Аббос сиз билан маслаҳатлашганми? 

- Унинг ўзи нима қилаётганини, қаерга ва нима учун кетаётганини яхши биларди. Мана, ЦСКАга ўтиш тўғри қадам бўлганлиги кўриниб турибди. Жамоа мураббийлари Аббосдаги иқтидорни кўра олишгани учун ишонч билдиришган, Шунингдек, Файзуллаев жамоадаги барча шерикларининг қўллаб-қувватлашларини ҳис қилди ҳамда улар билан тез тил топишди. 

- ЦСКА бош мураббийи Николич билан қилинган малака ошириш пайтида бунга шахсан ўзингиз ҳам гувоҳ бўлдингизми? 

- Ҳа. ЦСКА профессионаллардан ташкил топган жамоа эканлиги аниқ. Машғулот пайтида зарбалар ва хатолар бўлган эпизодларда ҳеч ким овозини кўтармади, фақат қўллаб-қувватлаш. Бу Николичнинг ҳам, футболчиларнинг ҳам хизматлари. Айниқса жамоа фахрийлариники. 

- Акинфеевми? 

- Ҳа, мен у ҳақида гапиряпман. Унинг жамоа муҳитига қўшган ҳиссаси жуда катта. Акинфеев кучли аурага эга ва унинг жамоадаги обрў-эътибори сезилиб туради. Айтганча, Игорь Аббосни яхши кутиб олди. 

- Аббос жамоада ўзини қандай тутади? У камтарми ёки фаол? 

- У ҳамма яхши кўрадиган ҳазилкаш йигит. Спорт залида Аббос одатда диджей ҳисобланади. 

- Қўйсангизчи... 

- Рост, буни ўзим эшитдим. Жамоадаги йигитлар «Аббос, мусиқа йўқ-ку буни тузатишимиз керак», - дейишди. Файзуллаевнинг айтишича, жамоа унинг қўшиқларини яхши кўради. 

- Шогирдингизга Нидерландия, Туркия ва Португалиядан қизиқиш бор. Ҳаттоки, «Бавария» қизиқишлари доирасига тушиб қолгани айтилмоқда. Унга қандай маслаҳат берган бўлардингиз? 

- Қизиқарли вариант бўлса, қишдаёқ таклифларни ўйлаб кўриш керак. Аслида, РПЛнинг ўртамиёна футболчиси ҳам нисбатан кучли чемпионатга кўчиб ўтиши ўсиш учун яхши қадамдир. Буни ЦСКАдек клуб таркибида тўп суриб амалга ошириш янада яхшироқ. 

- Аббос жаҳон чемпионатида терма жамоа сафида ўйнашни орзу қилишини айтди. Бу яқин вақт ичида амалга ошиши мумкинми? 

- Ҳа, чунки ҳозирда йўлланмалар икки баравар кўп. Биласизми, футболчи сифатида Ўзбекистон терма жамоаси сафида 119та ўйин ўтказдим, 3та саралаш цикли давомида мен жаҳон чемпионатига чиқишга ҳаракат қилдим, лекин ҳар доим бир қадам етмай қолаверган. Гоҳида битта очко, гоҳида иккита гол фарқи... Мен учун жаҳон чемпионатида ўйнаш армон бўлиб қолди. Аббос эса буни амалга оширади деб ўйлайман. 

- Аббос учун башорат қилинган йўлни ҳамюртингиз Элдор Шомуродов босиб ўтганди: Ўзбекистон чемпионати - РПЛ - «Женоа» - «Рома»... 

- Россияга Аббос Элдорга қараганда тезроқ мослашди. Шомуродов мамлакатга, чемпионликка кўникиб, энди ўзини кўрсата олганида, Италияга кўчиб ўтганди. 

- Аммо у ерда ишлари юришмади... 

- Элдорда ҳали ҳам салоҳият юқори. Балки у нотўғри жамоага тушиб қолгандир. Италияда тактик жиҳатлар биринчи ўринда туради. Менимча, Шомуродов Испания ёки Германия чемпионатида ўз ўрнини топа олади. 

- Россия клублари ҳам Шомуродовга қизиқиш билдиришмоқда. Элдор бу вариантни кўриб чиқиши керакми? 

- Баъзан икки қадам олдинга юриш учун бир қадам орқага қайтсанг арзийди. Италияда захирада ўтиргандан кўра, Россияда ўйин амалиётига эга бўлгани маъқулроқ. 

- Абдуқодир Ҳусанов 20 ёшидаёқ, «Ланс»нинг асосий ҳимоячисига айланди. У Европа даражасидаги юлдуз бўла оладими? 

- Бунинг учун унда ҳамма имконият бор. Ҳусановнинг тезлиги, куч-қуввати, техникаси яхши ривожланган. Майдонни яхши кўра оладиган футболчи. Унинг ёшида Франция чемпионатида асосий ўйинчилардан бири бўлишнинг ўзи жуда катта ютуқ. Мен Ҳусанов Европанинг топ-клубида ўйнайди деб ҳисоблайман. 

- Сиз бош мураббий сифатида Остон Ўруновни Олимпиадага чақиргандингиз. Ҳозир у Эронда порлаяпти. Айтингчи, Остон ўсишда давом этиши мумкинми? 

- Агар яхши мураббий қўл остига тушса, шундай қила олади. Остон Ўруновнинг салоҳияти ақлбовар қилмас даражада кучли. У жисмонан ҳам, техник томондан ҳам яхши ривожланган ўйинчи. 

- Ундай бўлса муаммо нимада? 

- Ўрунов жуда ёпиқ йигит. Унча каллектив эмас. Қаердадир унинг характери панд берди, айрим вазиятларда чидаши ва ўзини ўзи енгиб ўтиши керак эди. Остон Россияда тўқнаш келганларига ҳали тайёр эмас экан. Ўрунов бор эътиборини футболга қарата олмади. Лекин унинг иқтидори Аббосбек Файзуллаевникидан кам эмас. Футбол атрофидаги нарсалар уни чалғитиб қўйди. 

- Катта пул ва Марказий универмагдан харид қилинган қиммат кийим-кечакларни назарда тутяпсизми? 

- Ўрунов пул кўп бўлган муҳитга тушиб қолди. Барча футболчилар қимматбаҳо нарсаларни сотиб олишади, лекин буни оммага кўрсатишдан фойда йўқ. Остон асосий эътиборни футболга қарата олмади. Яна такрорлайман, аслида у Аббосдан кам иқтидорга эга эмас. Футбол атрофидаги васвасалар бу йигитга бироз халақит қилди назаримда. 

- Олимпиададан кейин Европада ўзбекистонлик футболчиларга қизиқиш кучайганини сездингизми? 

- Осиё чемпионатидан кейиноқ қизиқиш ортганди. Мусобақа давомида Жанубий Корея ва япониялик ижрочиларни Европадан кўплаб скаутлар кузатиб боришди. Улар билан тенгма-тенг ўйнай олишимизни кўришгач, бизнинг йигитларга эътибор қаратишди. Умид қиламанки, тез орада Европа чемпионатларида иштирок этаётган ўзбек футболчиларининг сони янада ортади. Бизда иқтидорли йигитлар жуда кўп. 

- Россия клублари ўзбек футболчиларига кўпроқ эътибор қаратишини истармидингиз? 

- Нима учун йўқ? Илгари Россияда саноқли ўзбек футболчилари тўп тепарди, ҳозир эса кўпроқ. Менимча, тез орада уларнинг сафи янада кенгаяди. Мен учун РПЛ кучли Европа чемпионатларидан бири. Малака ошириш жараёнида машғулотларга, чемпионат савиясига, инфратузилмага баҳо беришга муваффақ бўлдим. Ҳаммаси Ўзбекистондагидан анча яхши. 

- Сизга Россия клубларида ишлаш таклиф қилинганми? 

- Йўқ бўлмаган. Агентлар: «Сизда Россияда ишлаш варианти борми?», дея сўрашган. Лекин мен у пайтда ҳамма нарсадан муҳимроқ бўлган терма жамоа билан банд эдим. Сиз ўз мамлакатингиз шарафини ҳимоя қилар экансиз- бу мураббий учун энг юқори даража. Бу 300 минг киши қўллаб-қувватлайдиган клуб эмас. Терма жамоа учун бутун мамлакат, миллионлаб инсонлар мухлислик қилади! Мамлакат олдидаги масъулият - бошқа даража. Сиз муносиб бўлишингиз керак. 4 йил ичида буни исботлаганимиздан хурсандман: учта йирик турнирда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилдик ва ўзбек футболи нуфузини кўтардик. 

- Ҳозир Станислав Черчесовнинг миллий терма жамоа мураббийи давлат лавозимидир, деган сўзлари эсимга тушди. Россияда ҳамма ҳам бунга ижобий муносабат билдирмайди. Сиз Черчесовнинг фикрига қўшиласизми? 

- Тасаввур қилинг, мен Ўзбекистон терма жамоаси билан Қатар, Корея ёки Японияга қарши ўйнаяпман. Рақиблар ўз мамлакатини ҳимоя қилиш учун ўша ёшдаги энг яхши футболчиларни йиғадилар. Бу уруш ёки тиббиётдаги рақобатга ўхшайди - мамлакатга қарши мамлакат, ким яхшироқ? Футболда ҳам шундай. Айтайлик, Японияни мағлуб этсак, демак, ҳозир ёшларимиз улардан кучли, футболимиз яхшироқ. Бу мамлакатнинг обрўси ва имижи таъсир қилади. Черчесовнинг сўзларига қўшиламан. 

Хуршид ЮСУПОВ тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 23:40, 28.11.2024.
Ўқилди: 1572 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.