Хориж чемпионатларида тўп сураётган Ўзбекистон миллий терма жамоасининг бир нечта аъзолари ўтаётган ҳафтанинг дам олиш кунлари ўз клублари сафида расмий ўйинларда майдонга тушишди.
РОССИЯ
Маҳачқалъанинг «Анжи» клуби ярим ҳимоячиси Одил Аҳмедов Россия премьер-лигасининг 29-турида ўз майдонида Москванинг «Локомотив» клубига қарши учрашувнинг 46-дақиқасида майдонга тушган. «Локомотив» сафида тўп сураётган ўзбекистонлик ҳимоячи Виталий Денисов эса, учрашувда тўлиқ 90 дақиқа ҳаракат қилди. Қизиқарли кечган учрашув «Анжи»нинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якун топди. Бу ғалабадан сўнг, «Анжи» 2013 йилги мавсумда Россия чемпионатининг бронза медалларини қўлга киритди.
ҚОЗОҒИСТОН
19 май куни Қозоғистон премьер-лигасида 11-тур учрашувлари бўлиб ўтди. Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумчииси Улуғбек Бақоев тўп сураётган Павлодарнинг «Иртиш» клуби 19 май куни ўз майдонида «Тобол» жамоасига қарши тўп сурди. Бақоев ушбу учрашувда асосий таркибда майдонга тушди ва тўлиқ 90 дақиқа ўйнади. Учрашувда «Иртиш» - 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди.
Уч нафар ўзбекистонлик футболчилар - Марат Бикмаев, Александр Гейнрих ҳамда Темур Кападзелар тўп сурадиган «Актобе» клуби 19 май куни ўз майдонида «Ордабаси» жамоасига қарши тўп сурди. Ўзбекистон миллий терма жамоаси ярим ҳимоячиси Темур Кападзе ушбу учрашувда 90 дақиқа ҳаракат қилган бўлса, Александр Гейнрих ҳамда Марат Бикмаев ўйин қайдномасига киритилмаган.
ХИТОЙ
18-19 май кунлари Хитой суперлигасида 10-тур учрашувлари бўлиб ўтди. Ўзбекистон миллий терма жамоасига номзод футболчилардан бири - Анзур Исмоилов тўп сурадиган «Чангчун Ятай» сафарда «Дальян Арбин» клубига қарши тўп сурди (2:2). Исмоилов учрашувда тўлиқ 90 дақиқа ҳаракат қилди. Миллий терма жамоага номзод бўлган яни бир ҳимоячи Камолиддин Тожиев ҳам якунига етган турда ўз жамоаси «Жиангсу»нинг асосий таркибда ўз майдонида «Шанхай Шенхин» клубига қарши майдонга тушди ва 90 дақиқа ўйнади. Бу ўйинда ҳам 2:2 ҳисоби қайд этилган.
Миллий терма жамоага номзод бўлган ҳимоячилардан бири, Шавкат Муллажонов Хитой чемпионатининг 10-турида, ўз жамоаси - «Лиаонинг» жамоаси қайдномасига киритилмади. Ўзбекистон миллий терма жамоасига номзод футболчилардан яна бири - Егор Кримец ҳам, 10-турда «Бейжинг» қайдномасига киритилмади.
ЖАНУБИЙ КОРЕЯ
18 май куни Жанубий Корея «К»-Лигасида ҳам навбатдаги тур ўйинлари бўлиб ўтди. «К»-Лига иштирокчиси «Сеонгнам Ильва Чунма» клуби сафида тўп сураётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Сервер Жепаров 18 май куни ўз жамоаси билан ўз майдонида «Геонгнам» клубига қарши тўп сурди. Жепаров учрашувда тўлиқ 90 дақиқа ҳаракат қилган. Ўйин 2:0 ҳисобида «Сеонгнам»нинг ғалабаси билан якунига етган.
БАА
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ярим ҳимоячиси Азиз Ҳайдаров тўп сураётган Дубайнинг «Аш-Шабоб» клуби 18 май куни мамлакат чемпионати 25-турида сафаржа «Дубай» клуби билан ўйнади ва 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Ҳайдаров ушбу учрашувда майдонга туширилмади.