Кириш Регистрация
29/12 00:45 Лацио 1-1 Аталанта
29/12 16:30 Удинезе 2-2 Торино
29/12 19:00 Наполи 1-0 Венеция
29/12 19:30 Лестер 0-2 Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм 2-2 Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас 2-1 Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон 0-2 Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм 2-2 Борнмут
29/12 22:00 Ювентус 2-2 Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль
30/12 00:45 Милан - Рома
30/12 22:30 Комо - Лечче
31/12 00:45 Болонья - Верона
31/12 00:45 Ипсвич - Челси
31/12 00:45 Астон Вилла - Брайтон
31/12 01:00 Ман. Юнайтед - Ньюкасл

Валлон Беҳрами: «Швейцария термаси салоҳияти анча баланд»

Баҳо:
+ | -

Швейцария миллий жамоаси тарихидаги қойилмақом ижрочилардан бири Валон Беҳрами ёдингиздами?

Техник салоҳияти юқори собиқ ярим ҳимоячи «соатсозлар» таркибида нақ 83та ўйин ўтказган ва 2006-2018 йиллар оралиғида қаторасига 4та ЖЧда иштирок этган. Швейцария футболида бошқа ҳеч ким бундай натижа билан мақтанолмайди. Беҳрами фаолияти давомида ноодатий жўшқин ғайрати, майдонда тиним билмаслиги ва юқори футбол интеллекти билан алоҳида ажралиб турарди. Хуллас, Валон яқин ўтмишда барчани бирдек ҳайрат кўчасига етаклаган энг ишончли футболчилардан бири ҳисобланади. ФИФА расмий сайти яқинда Беҳрамини махсус суҳбатга чорлади ва у Швейцария миллий жамоасида кузатилаётган авлодлар алмашинуви жараёни юзасидан мулоҳаза юритди. Валон шунинг баробарида ўзи қатнашган мундиаллар хотиралари билан ўртоқлашди.

- Швейцария миллий жамоаси Европа Миллатлар лигаси-2024|2025 гуруҳ бос­қичида лоақал 1та ғалаба қайд этолмади. Бундай салбий натижа чиндан ҳам, жамоада авлодлар алмашинуви бошланганига боғлиқми ёки...? 

- Ҳозирги таассурот шундай. Агар Евро-2024да қайд этилган ажойиб натижалар ва замонавий ўйин услубини назарда тутсак, жамоада трансформация жараёни тўғри кетаётгандек, назаримда. 

- Швейцария футболида иқтидорли ва тажрибали футболчилар кўплиги миллий жамоа келажагига ишонч билан қарашга ундамоқда.

- Ҳа. Юртимизда ҳар доим юқори савияда ўйнашга тайёр, жисмонан бақувват ва етакчиликни қўлга олиш салоҳиятига эга чидамли футболчилар етарлича топилган. Бугунги асосий масала - Евро-2024дан сўнг терма жамоа билан хайрлашган Фабиан Шер, Ян Зоммер ва Жердан Шакири каби етук ижрочилар ўрнига тезроқ муносиб издошлар топиш. 

- Сизнингча, Швейцария миллий жамоаси 2026 йилги жаҳон чемпионатига чиқа оладими? Саралаш довони муваффақиятли босиб ўтилишига нечоғли ишоняпсиз? 

- Шахсан менда бунга заррача шубҳа йўқ. Ишончим комил, Швейцария термаси бўлажак мундиалга ҳам боради. Яқин тарихга қарасак, жамоамиз ҳамиша айнан катта турнирлар яқинлашган пайт шиддатни ошириш асносида мақсадга эришган. Ўйлайманки, бу сафар ҳам шундай бўлади. Чунки терма жамоа ўзаги бор, менимча, Евро-2024да биз кўрган таркиб баъзи йигитлар билан кучайтирилади. Асосийси, терма жамоа етакчилари катта ўйинларда ўзларини кўрсатишга мойиллар ва бемалол айтаманки, улар йўлланма қўлга киритилишида муҳим роль бажаришади. Тўғри, ҳозир тактик жиҳатдан ротацияга кўп қўл урилмоқда, лекин саралаш ўйин­лари бошлангач, мураббийлар штаби ёндашуви ҳам сезиларли даражада ўзгарса керак.

- Ортга назар солсак, Швейцария миллий жамоаси Туркия термаси дарвозасига урган ажиб голингиз ортидан Германия-2006 мундиалига йўл олганди. Ўша ўйинни қандай эслайсиз? Ҳар ҳолда, бу энг ёрқин хотираларингиздан бири саналса керак... 

- Фикрингизни тасдиқламасам, ажабланмайсизми? Биласизми, ўзим учун дастлабки икки жаҳон чемпионати пайти ҳали етарли тажрибага эга эмасдим. Ҳозир ўша ўйин­ларда қандай ҳаракатланганимни кўз олдимга келтирсам, қўрқиб кетаман (кулади). Ахир фаолиятимдаги биринчи мундиалда ёшгина йигитча эдим. Боз устига, жароҳат туфайли дастлабки 2та ўйинни ўтказиб юборганман. Фақат гуруҳ босқичи доирасида Жанубий Корея термасига қарши кечган охирги учрашувда бир неча дақиқа ҳаракатланганман, холос. Жанубий Африка мезбонлик қилган 2010 йилги мусобақада эса чилиликлар билан баҳсда кутилмаганда қизил карточка олгандим. Бунинг оқибатида деярли бутун турнирни томошабин сифатида ўтказганман. Хуллас, ўзим учун терма жамоадаги энг ёрқин хотиралар Бразилия ва Россияда ташкиллаштирилган мундиалларда кузатилган.

- Хўш, ўзингиз учун кейинги икки мундиалда аслида нималарга қодирлигингизни нечоғли кўрсата олгансиз?

- Ўша вақт ярим ҳимояда Гранит Жака, Ремо Фройлер ва Блерим Жемайли билан бир-биримизни жуда яхши тушунган ҳолда ўйнардик. Бинобарин, улар позицион жиҳатдан ақлли футболчилар гуруҳига киришарди. Тўғри, фаолиятинг якуний қисмида ёш футболчилар тезлигидан бироз азият чекишинг тайин, шунга қарамай, бундай ўзига хос тажрибадан баҳра олиш ғоят ёқимли, барибир. Эҳтимол, эртанги Швейцария миллий жамоаси аввалгисига нисбатан сифатлироқ ўйнар, натижа бобида ҳам бизнинг авлоддан ўзиб кетар. Агар шундай бўлса, фақат қувонардим. Зеро, Швейцария термасининг энг ашаддий мухлислариданман.

- Энди бевосита жаҳон чемпионатига боғлиқ энг яхши хотираларингиз билан ҳам ўртоқлашсангиз... 

- ЖЧ-2014дан ўрин олган Эквадор термасига қарши ўйинда деярли 90 дақиқа давомида жарима майдонимиз атрофида рақибнинг хавфли ҳужумларини бартараф этишдан бўшамаган эдик. Финал ҳуштаги янграшига оз муддат қолган бир паллада рақибдан тўпни тортиб олдим ва дарҳол ҳужумга отландим. Йўл-йўлакай менга нисбатан қўполлик ишлатишди, лекин тўхташни истамадим, ўрнимдан туриб, ҳужумни давом эттирдим, кейин... Хуллас, Харис Сеферовичнинг унутилмас голи юзага келди. Бу - энг яхши лаҳзалар. Чунки ўша юриш якунида ички истакларим ва меҳнатим самараси кўринганди.

- Катта майдонларда Швейцария футболи вакили бўлиш қандай туйғу бахш этади? 

- Яхши томони, бизда дейлик, Германия ёки Франция каби мамлакатлардагидек кучли босим йўқ. Ҳар ҳолда, кўпчилик жамоамизни ҳалигача кичик рақибдек кўради, бизга жиддий қарамайди. Худдики, «Бу эски Швейцария» қабилида ёндашув бордек. Ваҳоланки, таркибимизда бинойидек салоҳиятга эга иқтидорлар тўпланишган. Эътибор берсангиз, охирги Европа чемпионатида термамиз сафида «А» серияда ғолиб чиққан дарвозабон Ян Зоммер, АПЛ чемпиони - ҳимоячи Мануэль Аканжи, жорий ЧЛга йўлланма олган «Болонья»нинг 3 нафар вакили - Ремо Фройлер, Дэн Ндойе ва Мишель Эбишер, «Байер» билан Бундеслигада зафар қучган Гранит Жака каби етук футболчилар ўйнашди. Ҳар бири ажойиб футболчи, муҳими, жамоа менталитети ҳалигача ўзгаришсиз қолмоқда - ҳеч қандай босимсиз эркин ўйнаш. Менимча, Швейцария терма жамоаси салоҳияти анча баланд ва натижалар ҳам тобора яхшиланишига умид бор.

 ХУРШИДБЕК тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 23:44, 28.12.2024.
Ўқилди: 308 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.