Дарҳақиқат, Мундиалга чиқиш ўз қўлимизда. Фақат миллий терма жамоамиз сўнги икки турда ижобий натижага эришса кифоя. Гуруҳимиздаги рақибларимизнинг ўзаро ўйинлари биз учун иккинчи даражага тушиб қолади.
Ўзбекистон миллий терма жамоамиз ўтган турда Ливан термаси билан қийин лекин ўта муҳим уч очкони қўлга киритганидан сўнг, Мундиал сари яна бир қадам ташланди. Бу ғалабадан хурсанд бўлган мураббийлар штабидан тортиб то мухлису мутахассисларимизгача «ана энди бу сафар Бразилияга албатта борамиз» - деган фикрлар айтилгани бежиз эмас. Сабаби ўз гуруҳимиздаги пешқадамликни янада мустаҳкамладик ва сўнги икки турни ижобий натижа билан якунлашсак кифоя, марра бизники. Лекин шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Ливан билан ўйинда футболчиларимизнинг ўйини умуман қовушмади. Бундан мухлисларимизнинг кўнгли тўлмагани бор гап, қўшимчасига ўз ўрнида танқидий фикрлар ҳам айтилди. Нима эмишки, бу ўйин билан узоққа бориш қийин. Шуни ҳам алоҳида эътиборга олиш лозимки, ҳозирги замонавий футболда баъзида чиройли ўйнаб ютқазгандан кўра, ўйин сифати талабга жавоб бермаса-да, муҳими битта оддий вазиятда яратилган имкониятдан фойдаланиб гол уриб ғалаба қозонган афзал, менимча.
Балким ўша куни бунга қайсидир маънода рақибнинг муносиб қаршилик кўрсатгани сабаб бўлгандир, нега деганда, шу тургача уларда ҳам жаҳон чемпионатининг финал босқичига тўғридан-тўғри чиқиш имконияти мавжуд эди. Хабарингиз бўлса керак, жаҳон чемпионатига гуруҳда биринчи ва иккинчи ўринни эгаллаган жамоалар тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритади, мен шуни назарда тутиб, Ливаннинг муносиб қаршилик кўрсатганини айтиб ўтдим, энди улар фақат 3-ўрин учун курашишига шубҳам йўқ..
Охирги икки ўйинда футболчиларимиздан чиройли ва ҳужумкор ўйин талаб қилиш ноўрин деб ўйлайман, фақат яратилган вазияттан оқилона фойдаланиб, биргина гол уриб минимал ҳисобда ғалаба қозонсак дейман, муҳими уч очко олишимиз даркордир. Мундиалга бориш йўлимиз яқинлашган сари, ўйинчиларимизга босим ошиб бораверади ва ўз ўзидан биринчи галда дарвозамиздан гол ўтказиб юбормаслик талаб этилади. Ҳар иккала ўйинда қарши ҳужум тактикасига таянган ҳолда туп суришимиз мақсадга мувофиқ, ҳаттоки ўз майдонимизда ўйнасак ҳам. Ҳозирги замановий футболда бир нарсага амин бўлдимки, ҳужум ташкил қилишдан кўра рақибнинг ҳужумини бузиш осондек туюлади.
Гуруҳдаги ўйинимизнинг тақвимига назар ташлар эканман, мундиалга чиқишимиз фақат ўз қўлимизда эканига ишонч ҳосил қилдим. Пастда миллий терма жамоамизнинг Жанубий Корея билан ўйини ҳакида қисқача ўз фикримни айтиб ўтмоқчиман.
11 июнь. 9-тур. Жанубий Корея – Ўзбекистон
Миллий терма жамоамизнинг устози Миржалол Қосимов эканлигини инобатга олсак, унинг бошчилигидаги «Бунёдкор» жамоаси мана қаторасига икки йилдирки, ОЧЛнинг Шарқий минтақасида муносиб иштирок этиб келишябди ва термамиз устози Жанубий Корея клубларидан очко олиш йўлини топгандек, гуё. Тўғри, клуб билан терма жамоа бир-бири билан анча фарқ қилади, дейдиган мухлисларимиз ҳам топилади, лекин шуни ҳам унутмаслигимиз лозимки, Жанубий Корея терма жамоа ўзагини асосан ОЧЛда қатнашаётган ўйинчилар ташкил этишади ва улар ўз термасига жалб қилинганда ўз-ўзидан кучайиб кетмаса керак-ов. Ва яна Ўзбекистон МТЖ билан ўйиндан олдин улар 4-июнь куни Ливанга қарши майдонга тушиб 90 дақиқа ўйин ва қўшимчасига Сеул-Байрут-Сеул рейс орқали самолётда учиб бориб келиш йўл чарчоғи ҳам ўз таъсирини кўрсатишса ажабмас, чунки улар ҳам инсонку ахир. Уларнинг қандай натижа билан ортга қайтгани биз учун муҳим эмас, биз фақат ўз ўйинимизни намойиш этишимиз керак. Шундагина Жанубий Кореядан очко билан келишимизга замин яратилади.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Миржалол Қосимов Хитой, Жанубий Корея ва Қатар терма жамоаларига қарши ўйинлар олдидан миллий терма жамоага чақирилган футболчиларнинг кенгайтирилган таркибини эълон қилганидан хабарингиз бўлса керак, албатта. Айни пайтда миллий терма жамоанинг кенгайтирилган таркибидан жами 35 нафар футболчи ўрин олган. Миллий терма жамоа бош мураббийи Миржалол Қосимов Хитой, Жанубий Корея ва Қатар терма жамоаларига қарши майдонга тушиши мумкин бўлган футболчиларнинг якуний таркибини Хитойга жўнаб кетиш олдидан, яъни 4 июнь куни эълон қилишини маълум қилган.
Сизларга қуйида Ўзбекистон миллий терма жамоасининг кенгайтирилган таркибини яна бир бор эслатиб ўтишни лозим топдим:
Дарвозабонлар: Игнатий Нестеров («Бунёдкор»), Муроджон Зуҳуров («Бунёдкор»), Сардор Қобулжонов(«Бухоро»), Павел Бугало («Локомотив»), Александр Лобанов(«Пахтакор»)
Ҳимоячилар: Виталий Денисов («Локомотив» Москва), Акмал Шорахмедов («Бунёдкор»), Артем Филипосян («Бунёдкор»), Шохруҳ Гадоев («Насаф»), Ислом Иномов («Локомотив»), Анзур Исмоилов («Чанчунг Ятай»), Шавкат Муллажонов («Лиаонинг»), Владимир Козак («Пахтакор»), Егор Кримец («Бейжинг Гуоан»), Даврон Ҳошимов («Пахтакор»), Ислом Тўхтахўжаев («Локомотив»).
Ярим ҳимоячилар: Олег Зотеев («Бунёдкор») Фозил Мусаев («Бунёдкор»), Санжар Турсунов («Локомотив»), Темур Кападзе («Актобе»), Жасур Ҳасанов («Бунёдкор»), Жасур Ҳасанов («Локомотив»), Одил Аҳмедов («Анжи»), Азиз Ҳайдаров («Аш Шабоб»), Сервер Жепаров («Сеонгнам»), Жамшид Искандеров («Пахтакор»), Лутфулла Тўраев («Бунёдкор»), Марат Бикмаев («Актобе»).
Ҳужумчилар: Улуғбек Бақоев («Иртиш»), Фарҳод Тожиев («Локомотив»), Камолиддин Мурзоев («Бунёдкор»), Иван Нагаев (Локомотив»), Игорь Сергеев («Пахтакор»), Баҳодир Насимов («Нефтчи Баку»), Александр Гейнрих («Актобе»).
11 июнь куни Жанубий Корея термасига қарши учрашувда Ўзбекистон миллий терма жамоамизнинг бошланғиш таркибини барибир терма жамоамиз мураббийлар штаби ўзлари хоҳлагандек тузишсада, лекин мен қўйидаги футболчиларнинг тушишини тахмин қилиб кўраман, буёғини вақт кўрсатади. Бу тахминий таркиб шунчаки менинг шахсий фикримдан келиб тузилган, холос.
Дарвозабон: Игнатий Нестеров
Ҳимоячилар: Виталий Денисов, Акмал Шорахмедов, Анзур Исмоилов, Шавкат Муллажонов
Ярим ҳимоячилар: Санжар Турсунов, Темур Кападзе, Одил Аҳмедов, Азиз Ҳайдаров, Сервер Жепаров
Ҳужумчи: Александр Гейнрих
Ким нима деса-десину менинг тахминимда курсатилган барча ўйинчилар барибир халқаро тажрибага эга футболчилардир. Улар керакли пайтда МТЖмизга кўп фойдаси тегиши мумкин. ЖЧнинг якуний турларида тажрибали ўйинчиларга ишонганимиз маъқул, менимча. Сабаби уларда истаймизми-йуқми, барибир халқаро тажрибалари борда. Ана шу тажрибали ўйинчилар сўнгги паллада ўзларини кўрсатишади. Айрим мухлисларимиз танкид қилаётган ўйинчиларимиз шу куни ўзларининг бор кучи билан ҳаёт-мамот жангида енгиб чиқишига ўзлари ҳам ишонишади. Сабаби улар биз мухлислардан фарқли равишда ўзлари ҳам жаҳон чемпионатида иштирок этишини ич-ичидан чин дилдан хоҳлашади.
Ёш тажирибасиз футболчиларимиз эса бундай "атмосфера”да ўзларини йўқотиб қўйиши мумкин деб ўйлайман, яна ким билади дейсиз. Агарда олдимизда яна тўрт-бешта тур бўлганда борми, бу фикримни ёзмасдим, сабаби атиги иккита тур колганда фақат ТАЖРИБА ўз сўзини айтиши мумкинда. Муҳим ўйинда ҳар бир тўп узатмаларини ўйлаб, авайлаб пас бериш, рақибдан чўчимасдан бемалол ўйнаш ва майдоннинг ҳар бир қариш ерида курашиш талаб этилади..
Жанубий Корея билан ўйинда миллий терма жамоамиз устозлари шу куни тўғри тактикани танлаб, ўйинчиларимизни ҳам жисмонан, ҳам руҳан ўйинга тайёрлай олишса, керакли ижобий натижани қўлга киритишади, деб ўйлайман. Буёғи энди мураббийлар штабига ва қолаверса футболчиларимизга боғлиқ. Биз фақат футболчиларимиздан чиройли, мазмунли ўйин ва албатта ғалаба кутиб қоламиз.
2013 йил – ўзбек футболи учун энг муҳим йил бўлиб тарихдан жой эгаллашига яқин турибмиз, фақат ҳаммаси ўз қўлимизда. Нега деганда, биз мухлислар футболчиларимиздан умидимиз катта, биз уларга ишонамиз, албатта. 2014 йил Бразилияда бўлиб ўтадиган навбатдаги мундиалда биз ҳам 32та бахтли терма жамоалар қаторидан жой эгаллайлик, илоҳим.
Абдумажид Қодиров
(UZBEKISTONIM никли мухлис)