Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Ўғрилик «Бурирам»нинг ярим финалга чиқишига қаршилик қиладими?

Баҳо:
+2 | -

Таиланд билан боғлиқ қизиқ бўлган бир воқеа ҳақида тўхталмоқчиман. Атиги бир кунга ортга қайтамиз. Хабарингиз бор, кеча Миржалол Қосимов бошчилигидаги “Бунёдкор” клуби ўз майдонида “Бурирам” дарвозаси томон йўл топа олмади ва икки ўйин натижасига кўра, 2:1 ҳисобида мағлуб бўлиб, ОЧЛнинг кейинги босқичига чиқа олмади. ОЧЛнинг чорак финалига Жанубий Кореянинг бир, Таиланднинг ҳам бир клуби ва Саудия Арабистонининг икки клуб йўл олди.

Футболда “Қуръани кўзи кўр бўлади” дейишади. Лекин, бу сафар қуръа кўр бўлмайди! Боиси, Саудия Арабистони клубларини қандай бўлмасин “Бурирам” билан учраштирмаслик ОФКдагилар учун катта бош оғриқ бўлади! Боиси, С. Арабистони сиёсий тарафдан Таиланд билан алоқани тўлалигича узиб бўлган.

Нега Саудия Арабистони билан Таиландни ўзаро алоқаларига чек қўйилган? Бу жуда узоқ тарихга эга, сценарийси асосида битта кино ҳам ишласа бўладиган воқеа бўлган. Ўша воқеани қисқа ва лўнда қилган ҳолда эътиборингизга ҳавола этмоқчиман.

1989 йилларгача Саудия Арабистонида 250.000 нафарга яқин таиландлик фуқаролар хизматчи бўлиб ишлар экан. Ана шу мардикорларнинг бири Шаҳзода Фейсал Ибн Абдулазиз ас-Сауднинг уйидаги боғбон бўлган ва бир куни ўша боғбон жуда қимматбаҳо, анчайин оғирликка эга бўлган, қиймати 20.000.000 (йигирма миллион) долларга яқин бўлган дуру-гавҳарларни ўғирлаб, почта орқали ўз мамлакатига етказади. Ўша дуру-гавҳарларнинг орасида Қирол оиласининг энг севимли, 50 каратга тенг “мовий брилианти” ҳам бўлган. Почта орқали ўз мамлакатига барча бойликларни етказган таиландлик боғбон ўз юртига равона бўлади. Бундан хабар топган Саудия ҳукумати Таиландга ўзининг бир фуқаросини юборади ва Саудия Арабистонининг Таиланддаги элчихонасининг 3 нафар аъзолари билан жами бўлиб тўрт киши бўлган ҳолда ўша дуру-гавҳарларни қидиришади. Бироқ дуру-гавҳарларнинг кўп қисми сотилиб кетган бўлади. Таиланд ҳукумати имкон қадар сотилган тилла-тақинчоқларни қайта топишга ҳаракат қилади ва маълум бир қисмини топиб, Саудия Арабистонига қайтаради. Лекин, қайтарилган дуру-гавҳарларнинг барчаси қалбаки бўлиб чиқади. Қирол уйидаги боғда боғбонлик қилган фуқаро эса Таиланд ҳукумати тарафдан 5 йилга озодликка маҳрум қилинади. “Мовий брилиант” эса тайлар томонидан қайтарилмайди ва икки давлат ўртасида кескин низо келиб чиқади.

Низо ва бир-бирига таҳдид солишлар шу даражага етганки, ҳалиги дуру-гавҳарларни излаш учун юборилган фуқаро ва элчихонанинг уч нафар ходими тайлар томонидан ўлдирилган. Шаҳзода Фейсал Ибн Абдулазиз ас-Сауд бундан ғазабланган ва Таиланд билан ўзаро муносабатни узиш ҳақида қарор қабул қилган ва элчихона фаолиятини тўхтатган. Таиландликларнинг "Нима қилса кечирилади?”, деган саволига “Агар улар ўғирланган дуру-гавҳарларни қайтаришса, ўлдирилган тўрт нафар фуқароларимизни жасадларини мамлакатимизга олиб келишса, фуқароларимизни ўлдирганларни бизнинг мамлакатимизга олиб келишса ва биз ҳам уларни қатл қилсак кечирамиз”, - деган экан. Шундан буён икки давлат ўзаро муносабатга нуқта қўйишган.

Ҳар йили Ҳаж сафарини адо этиш учун Таиланднинг 13.000 (ўн уч минг) нафар фуқароси ариза билан мурожаат қиларкан, лекин, ўша бўлиб ўтган воқеадан кейин ҳали бирорта таиланд фуқароси Ҳаж сафарига киритилмаган экан.

Ёдингизда бўлса, 1998 йилги мавсумда Ўзбекистон Кубогини қўлга киритган Наманганнинг “Навбаҳор” жамоаси 1999/2000 йилги мавсумда Осиё Кубок эгалари кубогида қатнашганди. Ўшанда вакилларимиз чорак финалда “Ал-Ҳилол” жамоасига мағлуб бўлиб, мусобақа билан хайрлашган эди. Ўша пайтдаги Регламентга асосан финал босқичига чиққан тўрт жамоа бир шаҳарда ўзаро баҳс олиб борарди. Бу сафарги финал эса Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида ўтказилиши керак эди. Лекин, ярим финалга йўл олган Саудия Арабистонининг “Ал-Ҳилол” клуби сиёсий муаммолар сабабли Банкокга боришдан бош тортади ва ОФК мутасаддилари имтиёз сифатида “Ал-Ҳилол”га мағлуб бўлган Наманганнинг “Навбаҳор” жамоасига мусобақани давом эттириш имконини яратиб беришган эди. Ана шундан бери Саудия Арабистонининг ҳеч қайси бир клуби билан терма жамоалари ҳам Таиланд клублари ва терма жамоалари билан баҳс олиб бормаган.

Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, вазият шуни тақозо қилиб турганда ОФК мутасаддилари қандай қилиб “Бурирам” билан Саудия Арабистони клубларини ўзаро учраштириши мумкин? Ярим финал босқичи бошланишидан олдин қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтади ва финалгача қуръа ташлаб қўйилади? Агар “Бурирам” ярим финалда ҳам бўлажак рақибини мағлуб этиб, кейинги босқичга йўл олса ОФК ҳеч нарса қила олмай қолади! Шу боис, ОФК учун “Бурирам”дан кўра “Бунёдкор” ярим финалга йўл олгани маъқул эди (ҳазил). Балки, ярим финал “Бурирам” учун сўнгги бўлар...

Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз!

Одилбек Толипов

Манба: www.tolipov.livejournal.com
Киритилди: 10:15, 30.05.2013.
Ўқилди: 6396 марта.
Фикрлар: 33 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.