Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Мурод Ризаев: «Спорт» трансляциялар ҳуқуқини сотиб олиш ҳаракатида»

Баҳо:
+3 | -

Европада “Кучли бешлик”ка кирувчи мамлакатлар чемпионатлар ўйинлари якунланиш арафасида “Спорт” канали учрашувларни трансляция қилмай қўйди, ҳаттоки ўйинлар ТВ-дастурларга киритилган бўлса-да. Ҳозирга келиб Европа миллий чемпионатлари деярли ниҳоясига етди. Аммо, кейинчалик, кузга бориб чемпионатлар бошланганида ўйинларнинг трансляцияси билан боғлиқ масала нима бўлади, деган саволни барчани қийнаётганди. Шунингдек, телеканалда текшир-текшир бўлаётганмиш мазмунида гап-сўз тарқалганди. Ушбу саволларга жавоб топиш мақсадида “Спорт” канали шарҳловчиси Мурод Ризаевга мурожаат қилдик.

— Мурод ака, «Спорт» телеканалида бир қатор ўйинлар берилмай қолганидан сўнг мухлислар хавотирга тушиб қолишди. Турли хил миш-мишларга ойдинлик киритиб бера оласизми?
— «Спорт»да ҳаммаёқ тинч. Ҳеч қандай шов-шувларга ўрин йўқ. Барча корхона ва муассасаларда бўлгани каби йилда бир марта бизда ҳам назорат текширувлари бўлиб ўтади (гонорар тақсимлаш, сафарга бориб келиш ҳужжатлари ва ҳоказо). Бу оддий ҳол. Трансляция масалалари бўйича ҳам ҳеч қандай хавотирларга ўрин йўқ. Ҳозирда янги тизимга ўтиш жараёни кечмоқда. Ўйинларни тоза интершум билан келадиган каналлардан олиш учун музокаралар олиб борилмоқда. Музокаралар ижобий якунланса, трансляциялар ҳуқуқини тўлалигича сотиб оламиз. Хорижий шарҳловчиларнинг овозлари устидан шарҳлаб бориш бизга ҳам ноқулай бўлаётган эди. Нимаики қилаётган бўлсак, ҳаммаси фақат футбол мухлислари учун қилинаётганлигини унутмаслигингизни сўрардим. Мана «Спорт» канали очилганига ҳам 8 йилдан ошди. Ана шу йиллар мобайнида қанча ишлар қилинди. Йилдан-йилга янги роликлар, янги-янги кўрсатувлар эфир юзини кўрмоқда. Ҳозирда (сериаллар эмас) фақат спортга оид кўрсатув ва мусобақалар намойиш этилмоқда. Болаларни спортга жалб қилиш ва ёшларнинг саломатлиги борасидаги қилинаётган кўрсатувларнинг сони ҳам ошди. Телеканалда спортнинг барча турларига эътибор қаратиляпти. “Хабарлар” дастурида ҳамкасбларимиз юртимизда ва хорижда ўтаётган мусобақалардан энг сўнгги хабарларни мухлисларга тақдим қилишмоқда. Бухорода бўлиб утадиган «Универсиада» мусобақаси ҳам барчамизнинг диққат марказимизда. Ундан ташқари олдимизда режаларимиз бисёр. Барча вилоятлардан тўғридан-тўғри футбол репортажлари олиб кўрсатишни режалаштирмоқдамиз. Мухлисларимиз бизни қўллаб-қувватлаб туришса бўлгани.

—    Мухлисларимизни терма жамоаларимиз иштирокидаги ўйинлар намойиши кўпроқ қизиқтириши турган гап.
— Албатта намойиш этилади. Иккита терма жамоамиз (ўсмирлар ва ёшлар) жаҳон чемпионатида иштирок этишади. Миллий терма жамоамиз ҳам мундиалга йўлланмани қўлга киритишга яқин туришибди. Ёшлар терма жамоамизнинг ироқлик тенгқурлари билан бўладиган иккала ўйини, Қатар-Озарбайжон, Ж.Корея терма жамоасининг ўртоқлик учрашувлари, 4 июндаги Катар-Эрон, Ливан-Ж.Корея ўйинлари ҳам мухлислар эътиборига ҳавола қилинади. Ўзбекистон терма жамоасининг Хитойга қарши 6 июнь куни бўлиб ўтадиган ўртоқлик ўйини ҳам “Спорт”да намойиш этилади.

11 июнь куни бўлиб ўтадиган Жанубий Корея–Ўзбекистон ўйинини Сеулдан тўғридан-тўғри шарҳлаб борамиз. Агарда у ерда тарихий ғалаба қўлга киритилса (илоҳим шундай бўлсин), ўша ернинг ўзидан махсус кўрсатув тайёрлаш режамизда бор. Шунингдек, ўша куни бўлиб ўтадиган Эрон-Ливан баҳси режамизга киритиб қўйилган.

Кези келганда, шуни ҳам айтиб ўтишим жоизки, 18 июнь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон-Қатар учрашуви борасида кўплаб ишқибозлар томонидан қўнғироқлар бўляпти, мактублар келяпти. Бу ҳақда “Машъал” радиосининг «Арена» дастурида ҳам эшитган бўлсангиз керак. Улар «Бунёдкор» стадионидаги чим яхши ҳолатга келгунча ўйинни «Пахтакор» стадионида ўтказиш кераклигини, футболчиларимизда 100 фоиз ишонч бўлиш кераклигини, футболда майда-чуйда нарсалар бўлмаслигини таъкидлашмоқда (япониялик ҳакамлар борасидаги савол-жавоблардан эндигина қулоҳғимиз тинчиган эди). Ундан ташқари, Туркия мамлакатида 21 июнь куни бошланадиган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати баҳслари ҳам тўлалигича ишқибозлар эътиборига ҳавола қилиниши режалаштирилган. Барча-барчаси футбол мухлисларимиз учун.

— Миллий терма жамоамизнинг жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритишига ишонасизми?
— Албатта ишонаман. Ишонч барчамизда бўлиши керак. Фарҳод ана шу ишончни янада кўпайтирди. Фарҳод Тожиев томонидан Қатар дарвозасига киритилган 3 та гол ва ана шу голларда эҳтиросга берилганларим ҳали-ҳали ёдимда. Аслида футболчиларимиз Эрон билан бўлган биринчи учрашувда мағлубиятга ҳақли эмасдилар. Зўр ўйин намойиш қилишган эди. Эрон ва Қатар билан бўлган мехмондаги ўйинларда ҳам футболчиларимиз яхши ўйин кўрсатишди. Хабарингиз бор, ҳозирда Эрон ва Катар терма жамоалари таркибларида бир қатор ўзгаришлар бўляпти. Бу ҳам бизга қўл келиши мумкин. Ўзбекистон миллий терма жамоаси мундиалга йўл олса, маҳаллага, халққа ош бераман, деганлар ўҳ-ҳў қанча. Бу ошнинг мазаси бошқача бўлса керак-а? Жаҳон чемпионатига бериладиган йулланмани байрам қилиш барчамизга насиб этсин. Яхши ниятлар билан юртимизда қандай байрам бошланиб кетишини фараз қиляпман...
— Кечирасиз, бу ерда нимани муносабати билан ош бериляпти?
— «Бразилия» оши..

— Бобомурод Абдулланинг мақоласини ҳамкасбларингиз қандай қабул қилишди?
— Бизга бўлган эътибордан хурсанд бўлишди. Бунинг учун унга раҳмат. Чунки халқимизда «дўст ёки душмандан қўрқма, бефарқдан қўрқ», деган гап бор. Фақат айтиб ўтганимдек ўринли танқид бўлса бўлгани. «Трансляция» студиясида ҳар сешанба куни йиғилиш бўлади. Хато ва камчиликлар дўстона вазиятда муҳокама қилинади. Катта аҳил ва ажойиб жамоамиз бор. Даврон Файзиев терминларни аралаш ишлатишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайди (масалан, шарҳ давомида 4 марта «бурчак зарбаси» дейилганда ёнига бир марта «корнер» сўзини қўшса бўлади). Умуман олганда, ҳамкасблар билан мана шундай танқидлар юзасидан ўзаро фикр алмашиб турамиз.

Олимхўжа Бўронов суҳбатлашди.

Манба: "Futbol Mundial" газетаси

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 18:49, 03.06.2013.
Ўқилди: 14447 марта.
Фикрлар: 49 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.