Миллий терма жамоамизнинг ўйинлари туфайли мамлакатимиз чемпионатида юзага келган танаффусдан унумли фойдаланиш учун олий лигада қатанашаётган жамоалар назорат учрашувлари ўтказишмоқда.
Жумладан, Қаршининг “Насаф” жамоаси бугун ўз майдонида воҳанинг яна бир жамоаси Ғузорнинг “Шўртан” жамоасига қарши назорат учрашувини ўтказади. Назорат учрашуви Марказий стадионда кеч соат 19:00да бошланади.
Ҳозирги пайтда “Насаф”нинг бир аъзоси - Шоҳруҳ Гадоев миллий терма жамоа сафида бўлиб турибди. У бугунги назорат учрашувида майдонга тушмайди.
Шунингдек, “Насаф” ярим ҳимоячиси Лазиз Убайдуллаев, ҳужумчи Фаррух Сайфиев ва ҳимоячи Миржалол Мўминов ҳам бугунги учрашувда “Насаф” таркибида майдонга тушмаслиги мумкин. Улар Бухоро шаҳрида ўтказилаётган “Универсиада-2013” Қашқадарё вилояти терма жамоаси сафида тўп тепишмоқда. Ушбу ўйинчилар бугун “Универсиада-2013” мусобақалари доирасида футбол бўйича 3-ўрин учун бўлган беллашувда Фарғона вилояти терма жамоасига қарши майдонга тушишди ва 4:1 ҳисобида ғолиб бўлишди. Учрашувдаги вилоятимиз терма жамоаси голларининг барчасига “Насаф” аъзолари муаллифлик қилишди. Ярим ҳимоячи Лазиз Убайдуллаев 2 марта рақиблар дарвозасини ишғол этган бўлса, Фаррух Сайфиев ва Миржамол Мўминов бир мартадан гол киритишга муваффақ бўлишди.
"Универсиада"нинг 3-ўрин учун кечган футбол беллашувини "Насаф" бош мураббийи Рўзиқул Бердиев бевосита Бухоро стадионидан кузатиб борди.
Барча “Насаф” мухлисларини бугунги футбол мусобақасига таклиф этиб қоламиз.