Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

«Плей-офф» – ютуқ эмас, мағлубият! («Stadion.uz» саволларига мухлислар жавоби, 1-қисм)

Баҳо:
+ | -

“Stadion.Uz” эълон қилган учта саволга бир қатор ўқувчиларимиз ўз жавобларини хатлари орқали юборишган. Қуйида ана шу мухлислар фикрларини таҳрирлаган ҳолда келтирмоқдамиз.

1) ЖЧ-2014 саралашида терма жамоамиз иштирокидан кўнглингиз тўлдими?
2) Тўғридан-тўғри йўлланманинг қўлга киритилишига нима ҳалақит берди?
3) Энди нима қилиш керак, ўйлайсиз?

Улар – мухлислар. Барчасида ҳам шахсий фикр, ўзига яраша дунёқараш, ўзига яраша футбол олами, футбол тўғрисида билимлари бор. Унинг фикри сизга ёқмагани учун сиз уни айблашингиз ёки устидан кулишингиз нотўғри бўларди. Муносабат билдиришга эса ҳамманинг ҳаққи бор. Марҳамат.
 

Аброрбек Асқаров, classikor@mail.ru:

1. Терма жамоанинг сўнгги саралаш босқичидаги нафақат натиэасидан, балки ўйинидан ҳам кўнглим тўлгани йўқ. Ҳужумкор, мухлисбоп ўйин намойиш этиб (Абрамовни эслашга мажбурман) чиқолмасак ҳам майли эди. Лекин Қосимовнинг жамоаси қўрқоқ бўлиб шаклланди (балки ҳали ҳам шаклланмагандир, бундай ўйинга тўлиқ ўрганиб қолишмасидан нимадир қилиш керак...)

2. Кореянинг эҳтиёткорлиги, Эроннинг кучлилиги ва терма жамоамизнинг кучсизлиги. Агар мутасаддиларимиз ўз ишларига эътиборли, масъулиятли  бўлишганида рақибларимиздан устун жиҳатларимиз етарлича эди. Афсус, оддий мухлиснинг дилини унутиб қўйишди...

3. Энди фақат дуо қилиш керак. Бошқа чора йўқ. Дуони ким қилади? Албатта, кўнгли ярим мухлислар...

 
Анвар Нарзуллаев, anvar7483@mail.ru:

1. Терма жамоамизни ЖЧ саралашидаги иштирокидан кўнглим тўлди, дейишим мумкин. Шу билан бирга қилинадиган ишлар кўплигини ҳам инкор қилолмайман. Саралаш босқичидан қониққаним сабаби – биз 14 очко жамғардик. Лекин футболчиларимиз айрим ўйинларда, масалан Тошкентдаги Ливан билан бўлган ўйинда, Корея билан сафардаги ўйинлардан ўз имкониятларини кўрсата билишмади. Балки бу мураббийнинг камчилигидир. Ўйин тактикаси бир хил, тезкор паслар орқали ўткир ҳужумлар йўқ. Қанотдан таваккал тўп оширишлар. Стандарт вазиятларда ҳам самарадорлик жуда-жуда паст. Жамоада ўйин тезлиги мақтанарли даражада эмас. Марказдан комбинацион ҳужум билан ёриб кириш каби ҳужумлар бармоқ билан санарли.

2.Терма жамоани ЖЧга тўғридан-тўғри йўл олишига фақат бир нарса ҳалақит берди – омад. Сабаби Эроннинг Тошкентдаги ўйинда битта ҳужумдан гол киритиши, Нишимуранинг голимизни кўрмаганлиги, Ж.Кореянинг 2та ўйинда 97-дақиқаларда голлар уриши, 10 киши қолган Эрондан ўйин охирида тўп ўтказиб ютқазиши, Шораҳмедовнинг автоголи, яна ўша Эроннинг Кореяда фақатгина иккита зарбадан биттасини голга айлантириб ғалаба қозониши ва ниҳоят Ўзбекистон – Қатар ўйинида дарвоза тўсинию дарвозабон маҳорати билан ЖЧга тўғридан-тўғри бериладиган йўлланмадан маҳрум қилди. Агар мана шу юқорида келтирилган вазиятлардан атиги биттаси бўлмаганда ҳам биз ЖЧга боришимиз мумкин эди. Буларнинг ҳаммаси омад билан боғлиқ вазиятлар.

3. Энди қилинадиган иш битта, у ҳам бўлса плей-оффга пухта тайёргарлик. Амманда Иордания тўсиғидан ўтишимиз керак бўлади. Ундан кейин Жанубий Америка вакилига қарши. Бу жамоалар билан Озарбайжон ёки Таиланд билан ўйнаб тайёрланиш натижа бермайди. Кучлироқ жамоалар топиш керак. Туркия айни муддао бўлди. Бизга камчиликларимизни яққол очиб берадиган, тезкор футбол ўйнайдиган рақиблар керак. Ж.Америка вакили бўлган Уругвайни кўрдик – Испания билан тенгма-тенг ўйнади. Ҳал холда, улар Қатар ёки Эрон эмас. Шундай экан, тайёргарлик шунга яраша бўлиши керак, деб ўйлайман.


qural1986@mail.ru:

1. Ха. Авваллари миллий термамиз Япония, Ж.Корея билан ўйинда оёқлари титраб чиқарди, энди бемалол ўйнаяпти.

2. Таркибда рақобат йўқлиги, ёшларга имконият берилмаганлиги. Ж.Кореяга қаранг, таркиби ёшлардан иборат, бизнинг қарияларимизга имконият қолдиришдими? Гейнрихнинг ўрнига бошқа юрагида ўти бор ёшларни ўйнатишимиз керак. Айрим ўйинларда икки нафар ҳужумчи билан ўйнаш керак эди.

3. Бир-биримизга айб тўнкаришдан маъно йўқ. Фақат олға қараб, плей-офф ҳақида ўйлаш керак. Ёшларни таркибга жалб этиш лозим. Бош мураббийни алмаштиришдан энди наф йўқ. Вақт қолмади. Хорижий мутахассис 2 ой давомида ўзгартириш қила олмайди.

 
Санжар Ҳайтбоев, sanjar_2523@bk.ru:

1. Дастлабки босқичлардаги натижалардангина кўнглим тўлди. Сабаби ўша ўйинларда йигитларимиз ўзига ишонган ҳолда ҳаракат қилди. Кўзларида интилиш ва важоҳатни кўргандик. 4-раундга келиб эса, унчалик эмас. Шундан сўнг терма жамоамизда пасайиш ва интилувчанлик йўқолиб қолди.

2. Авваломбор, бунга 3та омил ҳалақит берди, деб ўйлайман. 1-омил 2-турдан кейиноқ мураббий алмаштиришимиз. Йигитлар энди бир йўналишга тушиб бораётган эди. Тўпни ўзида сақлаб туришни ўрганишганди. Мураббий алмашиши эса бу жамоага катта таъсир ўтказди. 2-омил қилиб бу бизнинг федерациямиз мутасаддиларининг отамни замонидай фикрлаётганликларини айтган бўлардим. Уларда гўёки ҳамон янгиликдан қочиш, замонавийликдан қўрқиш бордек... 3-омил эса бу сийқаси чиққан таркиб мавзуси. Японияни ниманинг ҳисобига ютгандик? Ёшларнинг албатта. 1-турдаги Эрон билан ўйинчи? Унда ҳам асосий таркибда йўқотишлар етарли эди ва биз форсларни жарима майдонига сиқиб қўйгандикку? Ва албатта Қосимовнинг тажрибаси камлик қилганини ҳам айтмасдан илож йўқ.

3. Олдимизда Иордания турибди. Ўша ўйингача оптимал таркиб тузиб, терма жамоани қайтадан шакллантириш керак. Кўпроқ ёшларни жалб қилиш ва мураббий масаласига узил-кесил нуқта қўйиш керак. Чунки бу ёғига энди амалдаги мураббийнинг кучи етмайди. Ўрнига Европада ўртача савиядаги мураббийлардан бўлса ҳам олиб келиш, аниқ режа асосида иш олиб бориш керак.

 
Ўктам Пардаев, psb_ok@mail.ru:

1. Ж.Корея-Ўзбекистон учрашувидан ташқари барчасидан кўнглим тўлди.

2. Охирги ўйинда тактика тўғри танланмади. Учрашув бошидан 3-4-3 схемасига тўп суриш, фақат 6:0 ҳисобини ўйлаган ҳолда ўйинчиларни тайёрлаш керак эди.

3. Энди фақат ўртоқлик учрашувларини кўпроқ ўтказиш керак. Кучли жамоалар билан, албатта. Тажрибали хорижлик (масалан Германиядан) ёрдамчи мураббий олса ҳам улкан фойдаси тегган бўларди.

56utg@mail.ru:

1. ЖЧ-2014 саралаши 4-босқичидаги кўрсатган ўйинига беш баллик тизимда “3” баҳо берган бўлардим. Сабаби, ўйинчилар нимадандир қўрқиб ўйнашди, аввалгидек ишонч йўқ эди уларда. Тўпни ўз жарима майдончамиз яқинидагина эркин назорат қила олаяпмиз. Аввалгидек, Осиё кубоги ва саралашнинг аввалги босқичларида бўлгани каби тезлик билан ёриб киришни кўрмаяпмиз. Терма жамоамиз услубини мен ҳам “Барселона”га таққослар эдим, ким нима деса десину, лекин бизга мана шу услуб жуда яхши мос тушганди. Бир-икки вазиятнинг ўхшаб қолишигагина умид қилиб майдонга тушяпмиз. Мана шу сабаблар туфайли саволга “йўқ” деб жавоб бераман.

2. Бевосита йўлланманинг қўлга киритилмаганига йигитларимизда ўзларига бўлган ишонч юқори эмаслиги сабаб бўлди, деган бўлардим. Эронни сафарда ютган терма жамоа нега Ж.Кореяда таслим бўлди? МТЖ штабига кучли психологлар керак. Дунёқараши кенг, футболчиларни хотиржам руҳда тарбиялай оладиган мутахассис-психологлар зарур. Нима учун четдан мураббий олиб келмаслигимиз керак?

Яна бир камчилигимиз, менимча энг катта минусимиз – жисмоний тайёргарлик бўлди. Бу жиҳат бўйича мураббийлар қаерга қарашмоқда? Терма жамоа таркибидаги ҳар бир футболчида физик тайёргарлик аъло бўлиши шарт, буни мураббий футболчидан талаб қилиши ҳам, унга шуни ўргатиши ҳам керак.

3. Бўлар иш бўлди. 3-ўрин ҳам натижа. Демак биз шунга лойиқмиз. ЖЧга тўғридан-тўғри фақат зўрлари чиқади. Биз зўр бўлолмадик. Ҳақиқат аччиқ бўлса ҳам тан олмасдан иложимиз йўқ...

Энди буёғи нима бўлади? Агар чинданам Бразилияга боришни истасак, мураббийни ўзгартиришга муҳтожмиз. Ҳамма айб биргина Қосимовда эмас, бутун мураббийлар штабини алмаштириш керак. Ўзи қилаётган ишига ҳамма масъул, натижага жавоб бериши шарт. Бизнинг олдимизда эмасдир балки, лекин ўзларининг виждонлари қаршисида жавоб берсинлар...

 
Абдулҳамид Файзиллаев, abdulxamid_6121@mail.ru:

1. Терма жамоа натижасидан қониқмадим, тўғриси. Аввалгига нисбатан кўпроқ очко тўпладик, лекин бугунги терма жамоа бундан кўпроғига қодир эди. Плей-офф – бу жамоа учун ютуқ эмас, мағлубият.

2. Энг катта хато мураббий алмаштиришимиз, энг катта айбдор мураббийни алмаштирганларда бўлди, менимча. Ха, Абрамов балки чиндан ҳам вазифани уддалолмасди, лекин ўрнига Қосимовни тайинлаб катта хатога йўл қўйдик. Биринчи навбатда футболчиларга таъсирини ўйлашимиз, иккинчидан Қосимовнинг бундай ўйинлар учун тажрибаси етмаслигини билишимиз керак эди. Унинг Кореяга имкониятни бой берганида тажрибасизлиги (албатта мураббий сифатида) панд берди. Ўзбекистон учун яна битта гол ўтказиб юборишнинг аҳамияти йўқ эди, лекин дурангга эришганимизда биз деярли ЖЧ иштирокчисига айланган бўлардик. Лекин Қосимов Кореяга битта уришдан кўра Қатарга олтита уришни афзал билди ва хато қилди. Очиғини айтганда, унинг ҳам клубда, ҳам терма жамоани бошқариши охир-оқибат ўз сўзини айтди, Қатар билан ўйин бошланғич таркибидаги хатоликка айнан шу жиҳат сабаб бўлди.

3. Янги мураббий ва терма жамоалар марказида ўзгаришлар керак. Мураббий чет эллик, терма жамоада ишлаш тажрибаси бўлсин. 2018 йил учун тайёргарликни ҳозирдан бошлаш керак. Қолаверса, плей-оффдан ўтишимиз учун ҳам янги қон албатта зарур.


Uzreddevil, uzbechasiga@list.ru:

1. 4-босқичгача – ха. Лекин 4-босқичдан – йўқ! Балки кўпчилик айтаётган 14 очко ёки 5:1 ҳисобидаги ғалабадан кейин биз юксалдик дейиш мумкиндир. Лекин ЖЧга олиб чиқолмаган бундай чиройли факторларнинг энди нима кераги бор? Нега биз бу билан фахрланишимиз керак? Мақтаниш керак бўлса Эрон мақтансин – керакли ўйинда керакли ғалабани қўлга киритди. Корея мақтансин – ютқазиб туриб ҳам ЖЧга чиқди. Биз муддатидан аввал плей-оффни нақд қилганимиз учун мақтанамизми? Мақсад нима эди ўзи, ЖЧга бевосита йўлланма эмасмиди?

2. Бунга сабаблар кўп. Бирма-бир санаб ўтишни жоиз деб биламан.

1. Аввало, ЎФФнинг тушунарсиз локировкаси. Эронликларни деярли иккинчи таркиб билан оёқларини қалтиратган ва ҳакамнинг хатоси туфайлигина енгилган Абрамов ўрнига Қосимов. Яна тағин кейинги ўйинга тўрт кун қолганда. Шунчалар сийқаси чиққан бу мавзуни яна кўтариш ўзимга ҳам ёқимли эмас, аммо бу қарорнинг сўнгги натижага таъсир кўрсатгани фактлигича қолаверади. Ливан билан ўйин ўтгунча имкон бериш керак эди. Ўша ўйиндаги йўқотилган икки очко охир-оқибат қанчалик қимматга тушди?

2. Қосимовнинг тажрибасизлиги. Мураббийимиз аксарият қарорларда адашди. Таркиб танлашда, ўйинчиларни чақиришда, ўйинга тактика белгилашда, захирадан фойдаланишда. Қосимов янгилик киритишга уринмади.

3. Қосимовнинг икки фронтдалиги. Миржалол Қўшоқович “Бунёдкор”да ҳам мураббийликни эплайман деб хато қилди. У терма жамоага даъвогарлик қиладиган футболчиларни кузатолмади, натижада эса терма асосан “Бунёдкор” футболчилари ва номдорроқ легионерларимиз билан тўп сурди. Бу ёқда “қалдирғочлар” Таиланд жамоасига имкониятни бой бериб ОЧЛнинг кузги босқичидан қуруқ қолдилар...

4. Мураббийнинг эҳтиёткорлиги, айтиш мумкинки, қўрқоқлиги. Корея билан ўйиндаёқ ҳаммасини ҳал қилиш керак эди. Бизнинг мураббий эса очиқчасига қўрқди ва ҳимоявий футболда давом этаверди.

5.Стандартлардан максимал фойдалана олмаслигимиз. Биргина Қатарга қарши учрашувдаги жуда кўп бурчак зарбаларини эсга олиш кифоя.

7. ЎФФнинг бефарқлиги. Ха, Эрон биздан кўра ЖЧга лойиқроқ ишлади. Ҳар томондан Бразилияга интилдилар, майдон ташқарисида ҳам, ичида ҳам. ЎФФ эса бунга оддий кузатувчи сифатида қараб тураверди. Барчасига рози бўлди.

3. 1. Аввалги ҳужумкор Ўзбекистон терма жамоасини қайтариш керак. Мураббийни алмаштирмасдан туриб буни амалга ошириш имконсиз. Унчалик номдор бўлмасин, аммо футболни тушунсин, таваккалчиликдан қўрқмасин, хорижлик мураббий бўлсин. Бутун эътибори терма жамоада бўлсин, клубларда ўралашмасин. Агар хорижлик мураббий масаласи шунчалик имконсиз экан, у ҳолда ўзимизда Рауф Инилеев, Вадим Абрамов, Игорь Шквирин каби мутахассислар бор.

2. Жамоа таркиби бутунлай ёшартириш керак. Бу балки сўнгги икки (балки тўрт) ўйинда ёрдам бермас, аммо 2018 учун тайёргарликни кечиктирмаслик зарур.

3. Ўртоқлик ўйинлари кўпроқ керак. Фақат Ироқ, Хитой эмас, Европа, Африка мамлакатлари билан ўйнаб турайлик.

4. Қалами ўткир журналистлар керак бизга. Ғалаба қозонганда ҳам, енгилганда ҳам камчиликларни очиқ айта олишсин.

5. ЎФФ имиджини ўзгартириши шарт. Ёзув-чизувни ўзига ор деб билишни бас қилса мақсадга мувофиқ бўларди.

6. Мухлислар билан суҳбат, учрашувлар ўтказиб турилсин. Он-лайн тарзда бўлса ҳам.

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 10:48, 22.06.2013.
Ўқилди: 10893 марта.
Фикрлар: 61 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.