Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Бизни кимдир эшитяптими-йўқми? («Stadion.uz» саволларига мухлислар жавоби, 2-қисм)

Баҳо:
+ | -

Эълон қилган саволларимизга мухлислар томонидан йўлланган жавобларнинг иккинчи қисмини эътиборингизга ҳавола этамиз.

1) ЖЧ-2014 саралашида терма жамоамиз иштирокидан кўнглингиз тўлдими?
2) Тўғридан-тўғри йўлланманинг қўлга киритилишига нима ҳалақит берди?
3) Энди нима қилиш керак, деб ўйлайсиз?

Мансур Акбаров, mansurakbarov@mail.ru:
1. Кўнглим қандай тўлсин?! Жаҳон чемпионати йўлланмасини ҳали ҳам қўлга киритолмаган бўлсак. 3-босқичда кўзидан ўт чақнаган футболчилар 4-босқичда йўқ бўлиб, кўринмай кетган бўлса! Биздан анчайин кучсиз Ливан терма жамоасини ўз уйимизда қийинчилик билан, битта тасодифий гол билан мағлуб этган бўлсак! Кучимиз тенг (ва хатто юқори) бўлган Жанубий Корея терма жамоасидан мағлуб бўлган бўлсак! Айтинг, қандай чидаб бўлади? Аламим ичимга сиғмаяпти! Қачонгача юрамиз шу аҳволда! Ҳар тўрт йилда шу бўлар такрор... бу сафар нечанчиси? Қачон ЎФФга футболни тушунадиган раҳбарлар келади?! 

2. Кўп нарса ҳалақит берди. Сабаб эса ЎФФда футболни тушунадиган раҳбарнинг йўқлиги бўлди. Абрамовни ҳам МТЖ ҳам ОТЖга мураббий қилиб қўйишди. Айнан ОТЖдаги муваффақияцизлик сабаб МТЖдан бўшатишди. Миржалол Қосимовни тақдирида ҳам шу такрорланди. Ярмини "Бунёдкор"га ярмини МТЖга бўлиб беришди, натижа эса... ҳаммага аён. Икки қайиқни баробар ушлаган инсон алалоқибат чўкади, буни кўпни кўрганлар айтиб кетишган. Агар шуни ЎФФдагилар тушунганда эди, аввало МТЖга Олий лигамиз даражасидаги мураббий қўйилмасди. Яна бизга ёшлар йўлини тўсган қария футболчилар ҳалақит берди.

Ва энг муҳими, М.Қосимовнинг ўта эҳтиёткорлиги ва тажрибасизлиги ҳалақит берди.  

3. Энг аввало, яхши бир терма жамоа шакллантириш керак. Вақт оз, лекин улгурса бўлади. Ҳаммамиз кўрдик, ҳимоя чизиғимиз жуда-жуда кучсиз.  Ислом Тўхтахўжаев каби қобилиятли футболчилар бизда етарлича топилади. Ёшлар терма жамоасидан олиш керак. Ярим ҳимоя, ҳужум чизиқларига ҳам янги қон керак. Бурчакдан ҳадеб дарвозага гол урмоқчи бўлаверадиганлардан чарчадик рости. Масъулиятни ҳис қиладиган, ҳар бир хатоси учун жамоадошлари олдида айбдорлик ҳис қила оладиган футболчиларни жалб қилиш керак. Августгача яхши жамоани шакллантириб август ойидан ўртоқлик учрашувларига зўр бериш керак.

Уругвай терма жамоасидан ҳамма қўрқаяпти, мен ҳайронман. Ахир жаҳон чемпионатига камида Уругвай даражасидаги жамоалар чиқади-ку. Нега бундан чўчиш керак, агар биз мундиалга лойиқ бўлсак, Уругвайни ютиб чиқайлик, эртага жаҳон чемпионатига чиқиб саралашданоқ қайтиб келмасдан, нимчорак финал, чорак финал, ярим финалларгача борайлик.

Энг муҳими эса - тажрибали мураббий керак. Эртага Жаҳон чемпионатида ҳам муносиб иштирокимизни таъминлай оладиган мураббийни топишимиз керак. Ташқаридан олиб келсак бизни ўрганишга вақт кетади, дейдиган баҳоначиларга жавоб: тажрибали мураббий бир қарашдаёқ, қайси футболчи майдоннинг қаерида ўзини кўрсата олишини билиб олади. Хаттоки тўп билан муомаласиданоқ билиб олади. Бунга йиллар шарт эмас. Мен Япониянинг, Эроннинг муваффақиятларини айнан тажрибали мураббийларининг меҳнати самараси деб биламан.


Рустам Ядгаров, facebook.com/rustam.yadgarov.12:
1. Йўқ, кўнглим тўлмади. Тарихимизни безаши, миллионларни орзу истаги, ҳоҳиши, бугунги футболимизни эртанги комили-ишончи бўлган ЖЧ йўлланмаси бурнимиз остида эди (шу нарса - унга шунчалик яқин келишимизни ўзи ғалаба эмас!) ва уни биз деярли қўлдан бой бердик. Сўнги турдаги 5:1ни кутмаганим ростдир, лекин бу ҳисоб бизни ЖЧга олиб чиқолмаганидан кейин мағлубиятимиз айни муддао бўларди. Шундагина биз имкониятни қўлдан бой бериб уялаётган Қосимов бригадасини кўрармидик, балки.

2. Бир йил олдинги воқеаларни эслаш бу фақатгина вазиятга реал баҳо беролмасликдан бошқа нарса эмас. Нима ҳалақит берди, албатта Қатарга 7та гол урмаганимиз ёки бир дўстим айтганидек, Қатарга урилган голларни 3тасини биринчи таймда урмаганимиз...

3. Бу жуда оғир савол. Гапираман деса, бир дунё нарсани гапириш керак. Гапни камайтирган ҳолда айтишим мумкинки, ЎФФни тафтиш қилиш керак. Коррупцияни катта ўчоғига зарба бериш керак, мухлисларни топтаётганларни халққа кўрсатиш керак.

Терма жамоамиз тақдири?! Тубдан ўзгарган Ливанни ҳамма кўрди. Мураббийликка чет элдан топ мураббийни олиб келиша олмаса ана Шквиринга топширишсин!


Улуғбек Гафуров, mirzo7717@mail.ru:
1. Асло йук, умуман олганда бу саволга жавоб беришни хожати ҳам йўк деб ўйлайман. Ҳаммада деярли бир хил жавоб. Қачонгача кимнидур ўйинидаги ҳисобга қараб ўйнаймиз. Ваҳоланки бу (деярли) оптимал таркиб билан бемалол ЖЧга чиқишимиз мумкин эди.
 
2. "Шернинг ўлиги ҳам шер" деган мақол бор халқимизда. Шу нарса корейслар билан ўйинда сезилиб колгандек ёки  русчасига айтганда бир оз “дух” етишмади. Корейсларни бу ўйинига бемалол 2-3 тўп фарқи билан ютишимиз ҳам мумкин эди.  Бундан олдинги Ливан билан хам деярли шу ҳолат.  Футболчиларимизда қўрқоқлик аломатлари сезилгандек... Термамизга руҳий устунлик етишмаётгандек гуё.  Бундан олдинги турларда Катар ва Эрондан очко олишимизга сабаб эса деярли йўқотадиган ҳеч нарсамиз йўқдек ҳаракат килганимиз сабаб деб биламан.

Яхши ният килингани яхши. Аммо вазиятга реал ёндашув керак. Японияни ютдик, ваҳоланки японларга бу ўйин керакмасди. Японларга ЖЧга чиқиш керак эди, мана натижа. Япония, Корея, Австралия каби клублар керак пайтда керакли натижани қўлга кирита оладиган жамоалардир. Бизда бунақа устунлик йук. Бу каби вазиятларда мураббий асосий ўринга чиқади ва ўйинчиларни кучини тўғри тақсимлаб, керакли тактикани қўллашни билади. Бизда эса хар доим 4-5-1 схемаси. Буни албатта ёмон дея олмаймиз. Аммо бу тактикада мураббий футболчиларни жисмоний кучи ва тезлигини инобатга олган холда таркибни ўзгартириши керак булади. Бизда эса бирорта тезлик жихатидан устун бўлган ярим ҳимоя ёки ҳужумчи майдонда кўринмайди.

3. Ҳозирги ҳолат жамоамизни ички рухий ҳолати тушкун холатда. Бундай вазиятларда мураббий футболчиларни руҳиятини кўтара олиши керак. Қосимовни бу ишни уддалашига ишониш қийин. Сабаби унинг ўзи ҳам ҳозирги пайтда яхши кайфиятда деб ўйламайман. Бу мураббийимиз қўлидан келган барча ишни килди. Чет элдан хам мураббий олиб келишни мавриди эмас. Сабаби биз плей-оффдамиз. Ҳозир терма жамоа муҳитини тушунадиган, йигитларга руҳий устунлик бера оладиган, термамиз ўйинларига барқарорлик, рангбаранглик кирита оладиган мураббийга муҳтожмиз. Бу номга фақат Абрамов муносиб деб хисоблайман. Сабаби бу инсон термамиз ўйинларида анча ўзгаришларни амалга оширди. Ўйинда жонланиш кузатилди. Йигитларда қўрқмасдан охиригача тўп учун курашиш, тез фикрлаш қобилиятини уйғота олди бу мураббий. Абрамовни мақташ эмас, адолат юзасидан гапирайлик. Ҳам томошабоп ҳам биз кутган натижаларни қўлга кирита оладиган термани шакллантириб келаётган эди бу мураббий. Аслида хатони энг каттаси Ўзбекистон - Эрон ўйинидан кейин мураббийни алмаштирилиши деб биламан. Бу мураббий кўпрок ёшларни кашф қилишга интилади. Иқтидорли термабоп ўйинчилар ўзимизда етарлича топилади. Факат уларни кашф килиш керак. Қисқа килиб “энди нима қилиш керак, деб ўйлайсиз” деган саволга жавобан шуни айтишим мумкинки. Абрамовни кайтариш керак. Айни пайтда бу энг тўғри қарор деб биламан.

Жасур Нурбоев, jasur.nurboyev@mail.ru:
1. Йўқ албатта. Кимдир 14 очко тўплаганимизни ва тўплар натижасига кўрагина тўғридан-тўғри ЖЧга чиқолмаганимизни рўкач қилар, лекин битта нарсани унутмайлик -  4-саралаш босқичи олдидан биз ўз олдимизга ЖЧнинг тўғридан-тўғри йўлланмасини мақсад қилгандик, кўп миқдорда очко йиғишни эмас. Бунга битта мисол келтиришим мумкин, абитуриент имтиҳонда 200 балл тўпласаю, ўқишга киролмаса унинг тўплаган баллининг фойдаси йўқку, тўғрими?

2. Тўғридан-тўғри чиқиш имкониятидан махрум қилган нарса бу Ливан ва Жанубий Кореяга қарши ўйинларда Қосимовнинг танлаган эҳтиёткорлик тактикаси бўлди. Сафарда ҳаммага очко улашган гуруҳ аутсайдерига қарши ўйинда ўзимизнинг майдонимизда жуда ҳам эҳтиёткор тактика танлаб, 1та ҳужумчи билан ўйнаганимиз ва кам гол урганимиз бизга панд берди. Рақибларимиз Эрон ва Жанубий Корея айнан Ливанга қарши ўйинда тўплар нисбатини яхшилаб олганди. Қосимов эса, очиғини айтганда, Ливанга ютқазиб қўйишдан қўрқди. Ғалаба қозонишга бўлган ишончини йўқотиб қўйди. Шу вазиятда уни мўғуллар ҳужуми олдидан ўз кучига бўлган ишончни йўқотиб қўйган Муҳаммад Хоразмшохга ўхшатиб юбордим...

Жанубий Кореяга қарши Сеулдаги ўйинга нақд йўлланма қўйилганди, Қосимов эса яна ўша машҳур эҳтиёткор қанот футболига асосланган тактикасини ишга солди. Гол ўтказиб юборганимиздан кейин ҳам дархол захира ўриндиғи хизматидан фойдаланмади. Яна ўз жамоаси кучига бўлган ишонсизлиги панд берди. Кореяга йирик ҳисобда ютқазиб қўйишдан чўчиди.

3. Қосимовга рахмат айтиб уни терма жамоа бош мураббийлигидан озод қилиш керак. Бундан олдинги термадан кетишида хам унинг ўзига хос бир хил ўйин тактикаси сабаб бўлганди. Бу сафар ҳам, ҳа баъзи натижаларни олиб келган бўлсада, ушбу тактика барибир олий мақсадга етиш учун ёрдам бермади. Фикримча, ҳеч ҳам кечиктирмай Абрамовни қайтариш лозим.


Акмал Оллаберганов, akmal_sheva@mail.ru:
1. Ҳали биз учун саралаш охирига етмади, олдинда плей офф ўйинлари бор. Ҳамма нарса натижага қараб баҳо берилади. Агар Корея билан Эрон ўйинида бизга керакли натижа қўлга киритилганида, ҳозир ҳаммамиз Қосимовни мақташ билан кун ўтказардик. Ноумид шайтон дейишадику, кўнглимнинг бир четида Уругвай бўлса нима бўлибди, ютишимиз мумкин деган умид бор. Терма жамоамиз бу умидларни қанчалик оқлай олади, буни вақт кўрсатади. Шунинг учун баҳо беришга эрта деб ўйлайман.

2. Осиёнинг етакчи жамоалари ЖЧнинг 4-саралаш босқичига пухта режа  асосида тайёргарлик кўришади, ким билан ўртоқлик ўйинлари ўйналади, рақибнинг кучли ва кучсиз томонларини ўрганишади. Масалан, Австралия билан Эрон 3-саралаш баҳсида гуруҳдан базўр чиқишди, лекин ҳал қилувчи паллада вазиятни ўз томонларига оғдира олишди. Шунинг учун ҳам Ироқ ёки Иордания Осиё чемпиони бўлиши мумкин, лекин ЖЧга Корея ва Япония чиқади. Бизда ҳеч қандай режа йўқ, ўйинга 3 кун қолганида йиғиламиз ва жисмоний ва руҳий ҳолатидан қатъий назар етакчи футболчилар майдонга тушади. ЎФФ ЖЧнинг футболимиз учун қанчалик муҳим аҳамиятига эга эканлигини тушунмаса керак деб ўйлайман, агар бошқача бўлганида бунчалик парда ортидан қарамасди.

Р.Инилеев ЖЧ-2010 охирги саралаш босқичи бошланиш арафасида “ҳамма нарса тўғри ҳисобга олиб, тайёргарлик кўрсангиз ҳам оддий элементар нарсалар ҳам натижанинг бошқача бўлиб кетишига олиб келиши мумкин” деганди. Бу сафарги саралашда терма жамоамиз ҳар қачонгидан салоҳиятли кўринди. Сабаби кўпчилик терма аъзолари турли чемпионатларда етакчиларга айланиб, бир мунча тажриба оширишган, терма жамоанинг асосий фигуралари ўзининг “пик” нуқтасига келиб улгуришган эди. ЖЧ йўлланмасини тўғридан-тўғри қўлга киритиш учун жуда катта имкониятимиз бор эди, боя айтганимдек оддий вазиятлар бизга ҳалақит қилди. Япон ҳакамларининг хатолари, мураббийнинг алмаштирилиши натижасида Ливандаги ўйинда бой берилган очколар, шарт бўлмаган пайтдаги охирги тур учрашувларини бир вақтда ўтказилишига рози бўлганимиз, Қосимовнинг ўта эҳтиёткорлиги ва ҳоказо...

3. Плей офф баҳсларига 3 ойдан кам вақт қолди, Қосимов мураббий бўлиб қолсин десам, Иорданиядан ўта олмаймиз, Абрамов келса Жанубий Америка қирғоқларида қолиб кетамиз, деб ўйлаяпман. Футболчиларимиз потенциалидан максимал фойдалана оладиган, қисқа муддатда терма жамоани шакллантира оладиган мураббий зарур. Албатта янги келадиган мураббий терма жамоалар марказига ўзининг режасини тақдим қилиши ва терма жамоалар маркази ЎФФ билан биргаликда барча шарт шароитлар яратиб бериши зарур. Кўпчиликнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётган терма жамоамизнинг қариб бораётгани, потенциал ёшлар билан тўлдира олмаётганимиз ҳам мураббийнинг айби. Бизга ёшларни ўз кучига ишонтира оладиган мураббийлар керак. Масалан Юрген Геде ёки Радулович каби...


Нуриддин Сирожиддинов, muhibb@mail.ru:
1. Умумий олиб қараганда, ҳа. Жаҳон чемпионати финал босқичига жуда яқин келдик, имкониятимиз сақланиб турибди. Фақатгина тўғри йўналиш бизни Бразилияга олиб боради. Шу йўлни топсак, бас. Манаман деган Япония-ю Корея, Эрону Қатар биз билан эхтиёт бўлиб ўйнашга мажбур бўлишди. Қисқаси, Қатар-2011 ва саралаш бахслари орқали Осиё футболида ўз ўрнимизга эга бўлдик. Лекин ҳар қандай холатда асосий мақсад-Бразилияга чипта қўлга киритилмаган экан, кўнглимиз тўлмагани аниқ!

2. Чамамда, сабаблар жуда кўп. Аслида ҳар биримиз айбни ўзимиздан қидиришимиз керак. Жуда кўп ҳолларда ўзимиз ўзимизга зарба беришга ҳаракат қилдик.
А. Мураббийлар. Энг муҳим паллада мураббий алмаштирилди. Бу масалага унчалик чуқур кирмоқчи эмасман, лекин бугунги муваффақиятсизлигимизга айнан шу алмаштириш таъсир қилган деб биламан.
Б. Футболчилар. Шахсан мен футболчиларимиз ўз имкониятлари даражасида ўйин намойиш қилишди деган фикрга қўшилмайман. Саралашнинг дастлабки босқичида юксак формага эга бўлган футболчиларимиз мусобақаларнинг сўнгида жуда пассив ўйин намойиш қилишди.
В. Мухлислар. Биз мухлислар аксар ҳолларда футболчилардан уларнинг имкониятидан кўпроқ нарсани талаб қилдик. Жанубий Корея билан ўйиндан аввал биз ЖЧ-2014 билан бир-биримизни табриклашгача бордик. Бу бевосита футболчиларимизга ҳам таъсир қилиши билан бир қаторда, Қатар билан бўладиган ўйинга ҳам таъсир қилди.
Г. Мутасаддилар. ЎФФ ва ТЖМ нинг айбини журналистларимиз анча таҳлил қилиб ташлаганликлари сабабли, ортиқча тўхталмоқчи эмасман. “Кўр хассасини бир маротаба йўқотади” деган доно халқимиз. Қизиқ мутасаддиларимиз нима сабабдан айни хатони (йиғинларни ташкил қилиш, чипталар масаласи, ташқи факторларга мустаҳкам позициядаги жавоблар...) яна неча маротаба такрорлар эканлар?
Д. Журналистлар.  Айнан журналистларимизнинг “актив”лиги ҳисобига “Абрамов назарияси” бекор бўлди. Журналистларимиз туфайли “Абрамов-Қосимов қарама-қаршилиги” вужудга келди. Қосимов “даври” тугаш арафасида, аммо интернет сайтларида ҳалигача айнан ким зўрлиги муҳокама қилинмоқда.  “Инқироз”га журналистларимизнинг харакатсизлиги ҳам сабаб бўлган деган фикрдаман. Хориж йиғинику ўз йўлига, МТЖнинг Тошкентдаги йиғинини ёритиш учун журналистларимизнинг неча фоизи ҳаракат қилишган? Юртимиз футболи учун амалий жиҳатдан ўзини кўрсатаётган нечта журналистимиз бор ўзи? Мен учун МТЖ ўйинларини журналистлар учун ажратилган алоҳида жойларда томоша қилиш учунгина стадионга борадиган, матбуот анжумларида хўжакўрсинга қатнашиб мураббийни табриклашдан нарига ўтмайдиган журналист билан, стадион хавфсизлигини таъминлашга тайинланган ҳуқуқ тартибот идораси ходими орасида хеч қандай фарқ йўқ.

Терма жамоалар маркази ва Қосимовни айбдор ҳисоблаётган журналистларимиз ЎФФ президенти Мираброр Усмонов ёки бошқа шахслар билан учраша оладиларми? Хеч бўлмаганда, ТЖМ вакиллари билан учрашиб, халқнинг талаб ва истакларини етказишда ўзида куч топа оладиган журналистимиз борми ўзи?
Сийқаси чиқиб кетган чипта масаласида, 2 марта фото ва видео репортаж қилиб муаммони ростакамига кўтариб чиқадиган бўлсангиз, манаман деган амалдор ҳам ўз курсисини ўйлаб бундай манфур ва жирканч савдодан ўзини олиб қочиши исбот талаб қилинмайдиган ҳақиқатку!

3. Менимча, биринчи ўринда бор имконияларимизни сақлаб қолишимиз керак. Биз мухлисларга Абрамов сиймосида намоён бўлган ўзбек футболи керак. Афсуски, бугунги кундаги футболимиз яна ўзининг нурсиз холатига қайтди. (Бизда ўзи футболчининг кўзини чақнатадиган даражадаги психолог ишлайдими ўзи?)
Бир марта ЖЧга чиқиб кейин йўқолиб қолгандан (Хитой бунга мисол) доимий равишда жаҳон футболига кадрларни етиштириб бера оладиган мактабга асос солишимиз керак.
Тез орада Жепаров, Кападзе, Бақоев кабилар ўз ўринларини ёш футболчиларга бўшатиб беришлари кутилмоқда. Мана шундай авлодлар алмашинувини асоратларсиз амалга ошириш чораларини кўриш керак.
Мураббий ва кимларнидир алмаштириш масаласида шуни айтиш керакки, муаммо бир ёки бир нечта шахсни алмаштириш билан ҳал бўлмайди. Асосийси, тизимимизни ўйлаб кўришимиз керак.


Комилжон Икромов, keva_1992@mail.ru:
1. Терма жамоамизнинг ЖЧ-2014 саралашидаги иштирокидан кўнглим тўлмади. Ўз қўлимизда турган мундиал чиптасини Эронга қўшқуллаб топшириб ўтирганимиз роса ҳам алам қилди. Бу борада терма жамоамиз бош мураббийи Миржалол Қосимов ҳам сўнгги паллаларда барча орзу-умидларимизни пучга чиқариб ўтирибди. Барча масалани Жанубий Кореяда ҳал килиш керак эди. Лекин Миржалол ака Ж.Кореяга ишониб қолди шекилли.

2. Бизни тўғридан-тўғри мундиал йўлланмасини қўлга киритишимизга омад тўсқинлик қилди десам муболаға бўлмайди. Агар омад биз томонда булганда 5:1га ютиб ЖЧга чиққан бўлармидик. Наилож энди сентябрни кутишдан бошқа илож йўқ.

3. Бу барчани ўй-ҳаёлига келадиган дастлабки савол бўлса ажабмас. Терма жамоамиз ўзаги сақланиб қолиши тарафдориман. Термамиз атрофида рўй берган кўнгилсизликлар терма жамоалар маркази томонидан юритилаётган нотўғри сиёсат меваси деб биламан. Биз албатта Мундиалга боришни истаймиз. Буни ТЖМ кўришни истамаяпти, шекилли. Шу сабабдан бу марказни тўлалигича янгилашимиз керак. Тайёргарлик тизимига янги қон олиб киришимиз жуда зарур. Кўплаб ўртоқлик учрашувлари орқали термамизга муносиб ёшларни тарбиялашимиз муҳим. Зеро улар бизни ЖЧ орзуларимизни руёбга чиқаришсин. Искандеров, Сергеев, Махсталиев сингари ёшларни термага секин-аста чақириш орқали тажрибаларини орттириш керак.

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 07:29, 24.06.2013.
Ўқилди: 10354 марта.
Фикрлар: 64 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.