Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Ҳайкал

Баҳо:
+3 | -

Журналистларнинг касб байрамларига атаб бирор нарса ёзишга кеча дилимга туккандим. Ҳатто нима ҳақида ёзишимни ҳам тасаввуримда белгилаб олгандим. Спорт журналистикаси кўнгилдагидек савияда эмаслиги, бунинг сабабларидан бири сифатида эса, бугунги кунда спорт журналистикаси профессионал касб талабларига жавоб бермаслиги ҳақида ёзмоқчийдим. Бирор юмуш ёки хоббининг касб даражасига чиқиши учун нима кераклигини яхши биламиз, тўғрими? Касб эгасини боқа олиши керак.

Аммо бугун ижтимоий тармоқлардаги суҳбатдан, фикрлардан яна бир бор шунга амин бўлдимки, журналистликдек бу аввало, бурч, масъулият, керак бўлса қисмат ҳамдир. Ҳар қандай маънода. Ҳар қандай ўлчовда. Энди бояги касб масаласи ўзим учун жуда саёздек, ҳал қилувчи эмасдек туюлди. Архивдан қўйидаги мақолани топдим. Менимча, бу мавзуда бундан орттириб ҳеч нарса дея олмасам керак...

...Илк мақолаларимиз, илк олқишлар, илк танқидлар, мухлислардан “сизнинг фалон мақолангизни ўқидим, рахмат” каби самимий сўзларни эшитиш ҳам қандайдир янги хиссиётлар эди кўпчилигимиз учун. Кўпинча, ўша илк даврларни, ўша туйғуларни қайтадан бошдан кечиргинг келар экан одам, кўпчиликда шунақа бўлса керак. Ўзаро суҳбатлар, ёшликдан хавас қилган устозлар билан суҳбатдош бўлиш бахти, эҳ-ҳе, бу ҳақида соатлаб ёзган бўлардим, менга бу жуда қизиқ бўлса-да, сиз учун зерикарли туюлиши мумкин. Келинг, яхшиси, бир пайтлар ўқиганим, бир хикоя айтиб бера қолай.

Бир бор экан, бир йўқ экан, катта бир чиройли шаҳар бор экан. Шаҳарни янада кўркамлаштириш мақсадида, шундоққина марказга катта ҳайкал ясаб ўрнатишибди. Ҳайкал деганиям, шунақанги баҳайбат эканки, шаҳарнинг ҳар бир бурчагидан кўриниб турарди. Ҳамма йиғилибди, шоир шеър ўқибди, хофиз ашуласини айтибди, кечгача хурсандчилик қилишибди. Лекин негадир, орадан бир-икки хафта ўтмай, ҳалиги ҳайкал устидан оқ мато ёпиб қўйишибди. Ҳамма ҳайрон, нега? Сабаби ўша куниёқ маълум бўлибди, бировда гап турармиди, суварак мисол ўрмалаб, барчанинг қулоғига етиб борибди. Ўша ҳайкалнинг бир қўли кўксида, иккинчи қўли эса ғарб томонга қараб турган эди. Тасодифни қарангки, айнан ўша томонда аёллар қамоқхонаси жойлашган экан. Энди тасаввур қилинг, бир сайёҳ келади-да, ҳайкални кўриб роса мақтайди, шаҳарни кўркига чирой баҳш этаётгани ҳақида иқрорини баён қилади ва орқасидан сўрайди:
- Бу ҳайкал қўли билан қаерга ишора қиляпти? Айтолмайсизми?
Шунда бечора шаҳарлик қай аҳволга тушади? Жавоб беришга мажбур, кейин эса сайёҳнинг “ие, бу шаҳарнинг жиноятчи аёллари ҳам борми?” деган саволига қизаришга тўғри келади. Хуллас бу ноқулайликдан қутулиш керакмикин. Шунақа қилишибди, оқ мато тагида усталар уч кеча-ю уч кундуз ишлашибди ва энди ҳайкалнинг қўли шарқ томонга қараб турганмиш. Ҳамма хурсанд, бўларканку...

Афсус. Маълум бўлишича, ўша ғарб томонда, ўчакишгандек, ҳайкал қўлининг шундоққина рўпарасида, эркаклар қамоқхонаси жойлашган экан. Ўғрилар, фирибгарлар, порахўрлар, қотиллар... Шу қадар кўп эканки, қамоқхона ўша ҳайкалдан қолишмайдиган ҳайбати билан ҳам уларни сиғдиролмас экан. Бунақаси кетмайди, яна шарманда бўламиз-ку! Яна мато ёпилибди, усталарни опкелишибди, ҳайкалнинг қўлини рўпарага қаратиб қўйишибди.

Рўпарада ҳам гап кўп экан. жуда катта меҳмонхона жойлашган бўлиб, қурилиши ҳашаматли, чиройли бўлса-да, ичида шунақа ишлар бўлар эканки... Анови ғарбдагилар ҳам, шарқдагилар ҳам мана шу ердаги ишлари учун шунақа бўлиб қолишганмиш. Энди нима қиламиз?

Бутун шаҳар бир жойга йиғилибди ва ҳайкалнинг қўли қаерга қараб туриш кераклиги ҳақида мунозаралар бошланиб кетибди. Барибир кўпчилик яхши-да, турли фикрлар чиқади, жойида ҳал бўлади, асосийси яна бечора усталарни овора қилиб ўтирилмайди. Бири у дебди, бошқаси бу дебди. Қаерни кўрсатишса, “мумкин эмас” деб бошқаси сабаб топаётганмиш. Ҳатто битта математик олим туриб, қўлни қандай буриш лозимлиги ҳақида чизмалару градуслар билан ҳисоблаб, исботлашга ҳаракат қилибди. Бошқа олим ҳам бор экан. У шаҳар харитасини шартта столни устига қўйибди-да, айнан ўша градусда битта жой борлигини исботлармиш.
- Осмонга кўтариб турсачи қўлини? – дебди бир йигит.
Ҳақиқатан ҳам, тепага кўтарса яхши-ку?! Осмонда қамоқхоналар ҳам йўқ, мехмонхоналар ҳам. Ҳеч нарса йўқ, кўтаравермайдими, бемалол, тўғрими? “Тўғри” дейишибди жуда кўпчилик ва энди устани чақирамиз деб туришса, бошқаси айтибди:
- Агар осмонда ҳеч нарса йўқ бўлса, нега осмонни кўрсатади ҳайкал? Мантиқсиз бўлиб қолади-ку унда!
Барча “ўх” тортиб юборибди. Эрталабдан бери энди бир қарорга келишганди, яна муаммо чиқиб турибди. Битта қизиққонроғи бор экан, “эҳ, шунча вақтимизни олди, ҳаммасига шу ҳайкал айбдор, анови кўксидаги қўл тураверсин, мана бу муаммо туғдираётган қўлини кесиб ташлайлик”” деворибди, жаҳл устида бошқалар ҳам уни қувватлашибди. Устаям чақириб ўтиришмабди, шартта ҳалиги ҳайкалнинг қўлини кесиб ташлашибди. Ажаб... Муаммо ҳал. Ҳеч ким ҳайкал қаерни кўрсатаётганлиги ҳақида ўйланиб ўтирмайди, турли жойларни эслаб юрагини сиқмайди, сайёҳлар олдида ҳам юзи қизармайди. Энди ҳамма ўша бир қўли йўқ ҳайкал устидан кулармиш... 

Ажаб... ҳайкалда нима гуноҳ? Ҳайкалда нима гуноҳ? Азизлар, шаҳримизни обод қилайлик. Одамларнинг қалбини обод қилайлик. Ҳеч бўлмаса, ўша “жонсиз” ҳайкал мисоли, муаммолар томон қўлимизни кўтарайлик. Айниқса, журналистлар. Бу бизнинг қисматимиз, масъулиятмиз... Қўлимиздаги қалам бизга омонат. Халқнинг омонати. Ўша мухлисларнинг “мақолангизни ўқидим, рахмат” деган оддийгина, соддагина, лекин самимий бўлган олқишларига бўлган тўловимиз.   Байрамимиз билан. Байрамингиз билан. Саломат бўлинг…

Қаҳрамон Асланов

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 13:46, 27.06.2013.
Ўқилди: 8429 марта.
Фикрлар: 32 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.