Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Ўзбек футболига дўппи кийгизайлик, жаноб Усмонов

Баҳо:
+4 | -

Муҳтарам Мираброр Зуфарович! Авваломбор, ўзбек футболи учун қилаётган меҳнатларингизни қадрлашимни ва қувватлашимни айтмоқчиман. Экаётган кўчатларингиз куртак чиқарди, гулларидан баҳраманд бўляпмиз. Энди тўлақонли мевасини ҳам кузатиш сизга ҳам, бизга ҳам насиб қилишини худодан сўрайман. Шу туфайли, миллий терма жамоамиз атрофида айтилаётган фикрларга ва воқеаларга нисбатан ожизона фикримни баён қилишга рухсат берсангиз. 

Кеча Ўзбекистон – Хорватия ўйинини шарҳлаган россиялик шарҳловчи терма жамоамизнинг бир жиҳатига эътибор берди ва кўп такрорлади. Унинг айтишича, футболчиларимиз мундиалга шунчаки эмас, ўйнаш учун келишган. “Ўйнаш” иборасини кўп бора ишлатди, футболчиларимизнинг асосий ютуғи ҳар қандай вазиятда ўйнашга ҳаракат қилиши эканини айтди. Бу жамоани ютиш учун тўпсиз қолдириш керак экан деб хулоса ясади.

Турли ёшдаги терма жамоаларимизнинг жаҳон турнирларида ўз имзосига эга бўлиб бораётгани ҳақидаги эътирофни эшитиш ёқимли экан. Бу гапларда ҳақиқат бор, турли ёшлардаги терма жамоаларимизни солиштирсангиз, уларнинг бари ўхшаш пойдевор устига қурилган. Тўпни кўпроқ ўзида назорат қилиш, ақлли ярим ҳимоячиларга эга бўлиш Евстафеев, Мусаев, Нуралиев жамоаларинг умумий жиҳати эканини пайқаса бўлади. Ростан ҳам агар жамоа ўзига нима кераклигини билса, рақибни нимани ҳисобига енгишни, ўзи учун қандай услуб мос эканини билса, ҳар қандай рақибга қарши ўйнаш осон бўлади.

Нуралиев, Мусаев ва бошқа мураббийлар ўзаро келишиб, шунақа услубни танлаб олишмагандир. Менимча, бу мураббийлар ўзбек футболчиларининг устунликлари, камчиликлари ҳақида яхши билишади. Терма жамоа клуб эмаски, истаган услубдаги футболчини сотиб олиб муаммони ҳал қилса. Мураббийлар ўзбек футболчиларининг умумий кўрсаткичлари ҳақида ўхшаш фикрда бўлганликлари учун ҳам танлаган услубларида ўхшашликлар юзага келган.

Бу кеча бошлангани йўқ. Илгари “Пахтакор”мамлакат футболини собиқ иттифоқда намойиш қиларди. Эсимда, жамоада доим юқори техникага эга бўлган, тўпни яхши ушлаб тура оладиган, стандарт вазиятлардан фойдалана оладиган футболчилар бўларди. Масалан Қозоғистоннинг “Қайрат” жамоаси бошқача фундамент устига қуриларди. Қозоқлар жисмонан анча бақувват бўлганликлари туфайли жисмоний тайёргарликка, тезликка кўпроқ эътибор қаратишарди. Шунинг учун “Пахтакор” ва “Қайрат” ўйин услуби бир биридан фарқ қиларди. У ерда ўйнаган футболчи бизда, бизда ўзини кўрсатган футболчи “Қайрат”да яхши ўйнай олмасди.

Мақолани жуда узоқдан бошлаб олиб келаётганимнинг сабаби бугунги кундаги катталар терма жамоамиз ва уларнинг ўйинидир. Жепаров, Аҳмедов, Ҳайдаров каби яхги техникага эга бўлган ярим ҳимоячиларимиз бўлишига қарамасдан Миржалол Қосимов жамоаси бутунлай бошқача ўйинни намойиш қилмоқда. Худди Қосимов “Пахтакор” ўйинчилари билан “Қайрат”ни яратмоқчидек. Ўзбеклар ҳеч қачон тўпсиз, ҳимояда ўйнашни эплай олишмаган.

Биз кўпроқ тўп билан ўйнашимиз керак, агар тартибли ва ёпиқ ўйнашга ҳаракат қилсак, албатта хато қиламиз. Кейин жисмоний кўрсаткичларимиз ҳам ҳозир, ундан олдин, бундан кейин ҳам у даражада юқори бўлмайди. Қосимов истаётган “югур, теп” ёки “пистирма” услублари характеримизга умуман мос келмайди.  

Агар Қосимов шу услуб орқали қандайдир система яратаётган бўлса ҳам майли эди. Аммо терма жамоа ҳақида бундай тор фикрлаш нафақат саралаш ўйинларидаги натижамизга, балки бутун мамлакат футболига таъсир қилади. Жумладан:

- Ёшроқ терма жамоаларимиз улғайгунча бир футболни ўйнаб, улғайгач Қосимов қўлига бориб тушади ва бутунлай бошқа талабларга тўқнаш келади. Мусаев, Нуралиев, Евстафеев каби мураббийлар қўл остида бир неча йил ўйнаб, жаҳон чемпионатларида орттирган тажрибаси ҳавога учади. Мана кўриб турибмиз-ку, ёш футболчилар терма жамоа ўйинига мослашиб кета олишмаяпти.
- Қосимов терма жамоа мураббийлигига жуда тор қарамоқда. Бу битта жамоа, мақсад жаҳон чемпионатига чиқиш. Мақсад Кореяда билан дуранг ўйнаш ёки Қатарни ютиш деб қараяпти. У ўз даражасида ҳақ бўлиши мумкин, бутун ўзбек халқи шуни истади, мухлислик қилди. Лекин мураббий мухлислар ёки журналистлар билан бирга юрмаслиги, улардан бир қадам олдинда бўлиши керак. Мураббий узоқроқни кўзлаши, миллий футболга пойдевор қўйишни ҳам ўйлаши керак. Ҳамма, айниқса, терма жамоамизнинг натижасидан кўнгли тўлаётганлар асосан ўша тўпланган очколарга урғу беришяпти холос. Жаҳон чемпионатига чиқсак ёки чиқмасак, мана шу давр футболимизга қанчалик фойда берди ёки йўқ ўйлашмаяпти.

Кеча Уругвайнинг Бразилия билан ўйинини ҳам кўрдим. Умуман Лотин Америкаси анча кучли жамоаларга эга ва биз улар билан тўқнаш келамиз. Асосий мақсад улар билан қандай ўйнаш, камроқ ҳисобга ютқазиб, мана ўсяпмиз, деб мақтаниш эмас, ўйинлар ва мақсадлардан қатъий назар терма жамоамизнинг бир рельсга тушиб олиши керак деб ўйлайман.
Бунинг учун кўп журналистларимиз таъкидлаётган чет эллик мураббийдан кўра, Вадим Абрамовни қайтариш мақсадга мувофиқ бўларди. Пастда бу фикримни асослашга ҳаракат қиламан.

1) Вадим Абрамов “Терма жамоа” тушунчасига янада кенгроқ қараган мураббий деб биламан. У келиши билан ўз ғоясини илгари сурди, барча ёшдаги терма жамоалар бир хил услубга эга бўлиши кераклиги ҳақида гапира бошлади. Қуруқ гап эмас, ўз услубини тақдим этди ва амалиётда қўллай бошлади. Натижа ҳам олиб келди.

2) Терма жамоага таклиф қилиниши билан “Локомотив” билан шартномасини бекор қилди. Бу ҳам Абрамовнинг “Терма жамоа” тушунчасига кенгроқ ва жиддийроқ қараганини билдиради. Бошқа тренерлар клубдан воз кечишни кўпинча исташмаган, натижада, номзодлар борасида ўша клуб билан чекланиб қолишган.

3) У Олимпия терма жамоасини ҳам назорат қилишга ҳаракат қилди. Бу ҳам Абрамовнинг “Терма жамоа” тушунчасига кенгроқ ва жиддийроқ қараганини билдиради. Абрамов фақат жаҳон чемпионати ёки олимпиада чиқишни эмас, шу цикл давомида авлодлар алмашинувини ҳам ўтказиш, умуман барча терма жамоаларимизни ўз атрофига жалб қилган система яратишни ҳам мақсад қилганди. Бунақа тажриба Европада ҳам кўп қўлланилади. Мисол учун Германияда ҳам Иохим Лев барча ёшдаги терма жамоалар устидан назорат ўрнатган. Кўриб турибмиз, ҳозир ҳеч қайси терма жамоа немислардагидек ҳар чизиққа бир нечта номзодга эга эмас.

4) Ўйинни бир нечта етакчи футболчилар эмас, аниқ ғоя устига қуришга ҳаракат қилди. Етакчиларсиз ҳаракат қилган жуда кўп ўйинларда, жумладан Япония, Украина, Эрон билан ўйинларимизда бу сезилди. Ҳар бир чизиққа бир нечта футболчини номзодини ушлаб туришга катта аҳамият беради. У учун юлдуз футболчилар йўқ. Илк ойлардаёқ ғоясидан воз кечмаган, Хайдаров ва Ҳасанов билан бўлган воқеалар энг етакчи футболчиларни ҳам сергак торттирган.

5) Майдонда ҳаракатланиш ва тўпни назорат қилишда ўз фундаментига эга. Футболчиларга нимани ҳисобига рақибга қаршилик кўрсатишни тушунтира олади. Украина билан ўртоқлик ўйинида биз Жепаров каби етакчиларсиз ўйнаган бўлсак-да, биринчи таймда рақибдан устунлик ҳам қилгандик. Фақат иккинчи таймда мезбонлар босимни кучайтириб, таркибимиздаги футбочиларнинг тажрибасизлиги ҳисобига ғалаба қозонганди. 

6) Юртимиздаги бошқа мураббийлардан устунроқ жиҳати, у бу терма жамоа билан анча вақт ишлаган. Хозирги таркибдаги кўп футболчиларни олдин олимпия терма жамоасида, кейин миллий терма жамоада бошқарган. Футболчилар уни хурмат қилишади. Мабодо у эртага тренер бўлса, индиндан ўз йўлига тушиб кетаверадиган даражада. Танишув, ўз футбочиларга ўз фикрини тушунтириб олиш, ўзига нима кералигини билиб олиш учун ортиқча вақт керак бўлмайди. Қосимовни алмаштириши керак бўлган мураббийлар ичида энг риски ози Вадим Абрамовдир.

7) Абрамов мухлисларга ва четдагиларга ёқадиган ва тан олдирадиган имижни ярата олган. Қатардаги Осиё Кубогида барча етакчи мутахассислар терма жамоамиз ўйинига юқори баҳо берган. Терма жамоамиз Японияга яқин савияда ўйнай олганди. Ироқ, Иорданияга ўхшаб, бирор нимага ёпишиб, ҳимояда тартибди бўлиб, қаҳрамонлик кўрсатиб, чемпионликка эришсаям бўлади. Лекин бу соврин холос, Ўзбекистон учун имиж яратмайди. Грециянинг Европа футболидаги имижи Хорватияникидан анча пастроқ, чемпион бўлишган бўлсаям.

ЭНГ АСОСИЙСИ
8) Чет эллик мураббийни олиб келсак, навбатдаги 4 ўйин учун  жамоани тайёрлай олишига ишонса бўлади. Лекин ўша мураббий ҳам барибир ўртадаги шартнома даврида ўз вазифасини бажариш яъни терма жамоа билан яхшироқ натижага эришишга ҳаракат қилади. Унинг бутун мамлакат футболи учун қайғуриб, из қолдиришга ҳаракат қилишига ишонч йўқ. Мисол учун Қаҳрамон Асланов айтган ўша Сколари ҳам аввалига қоп ваъдалар бериб, кейин ўз шогирдларини бошқалардан устун кўрди ва манфаатларини аралаштиришни бошлади-ку?

Ҳозир масалан қайси жамоалар дунёда етакчилик қиляпти? Испания ўз услуби билан. Осиёда эса Япония. Японлар ҳам уз услублари орқали етакчилар. Уларда ҳам энди нечта тренер алмашса ҳам фарқи йўқ, жамоага унчалик таъсир қилмайди. Келадиган мураббий ўша қолипда ўз чизгиларини ўтказади холос. Бизда бўлса, ҳар мураббий алмашганда ўзи тарафга тортавериб бечора футболчилар сарсон бўлиши мумкин.

Чет эллик мураббий барибир бир кун келиши керак деган гапга қўшиламан. Лекин биз уни таклиф қилганимизда, у ишлаши учун тайёр система бўлиши, у ўша системани бир поғона юқорига кўтариб бериши керак. Биз қандай ўйнашимиз кераклиги, қандай услубни ўзлаштиришимиз кераклиги ҳақида тушунча ҳосил бўлиб, ўша услуб орқали яхши натижаларга эришсак, ўша услубда пишиб етилган бир нечта футболчиларга эга бўлсак, келадиган чет эллик мураббий учун ҳам қолип бўлади. Балки ўша услубимизга мослаб туриб мураббий олиб келамиз. Акс ҳолда, кимнидир чақириб, кел ЖЧ га чиқиб бергин, десангиз, ўша натижа учун 2-3 йил борини ташлайди, кейин яна ҳеч нарсасиз қолаверамиз.

Яхшиси, Вадим Абрамовга ишонайлик. У бошлаган ишини охиригача етказсин, барча терма жамоаларимизни бошини қовуштириб, ўзи танлаб берган ва натижа келтираётган ғояси атрофида тизимни ташқил қилиб берсин. Ҳаммамиз ўша ғоя атрофида бирлашайлик. Шунга мажбурмиз ёки сиз терма жамоага мана шунақа муносабатда бўлган ва ўз ғояси билан кириб келган бошқа мутахассисни танийсизми? Танисангиз, айтинг, марҳамат.

Терма жамоамизнинг бугунги футбочилари учун эмас, Мексикада, Туркияда барчанинг оғзига тушган ёшларимиз учун ҳам Абрамов керак. Улар ўз юришларини давом эттиришлари шарт

Мираброр Зуфарович, тўғри, сиз учун ҳам биз учун ҳам, жуда оғир ҳолат. Ҳадеб, Қосимов-Абрамов рокировкасини қилавериш терма жамоамиз имижига таъсир кўрсатиши шубҳасиз. Аммо ўзбек футболига бўлган жонкуярлигингиз олдида бундай тўсиқлар ҳеч нарса эмас. Ўтган йил ҳам сиз футболни ўйлаб Қосимовни қўйгандингиз, бу сафар ҳам шу футбол туфайли қарор қабул қилсангиз сизни қувватлайман.

Бразилияга йўлланма олиб беринг деб хархаша қилмаяпмиз, сизни яхши тушунамиз. Бизга Абрамовни, барча ёшдаги термаларимиз учун мос услубни, футболни, ишончни қайтаринг. “Пахтакор” собиқ иттифоқ пайтида атиги икки марта 6-ўринни олган, бир марта кубок финалида ўйнаган. Шу холос натижалар. Лекин имиж, хурмат жиҳатидан жуда кўп жамоалардан устунроқ ва хурматга эга эди. Чиройли ва шарқона футбол ўйнаш  туфайли. Ўзбек футболига, у дунёнинг қаерида бўлса ҳам, танила оладиган дўппи кийгизайлик. Уёғи, насиб қилса ўз ўзидан келаверади.

Аҳроржон Ҳошимов
Фарғона вилояти, Данғара тумани

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 16:07, 27.06.2013.
Ўқилди: 19686 марта.
Фикрлар: 240 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.