Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Азамат Мамажонов: «Оқ-тепа» билан ажойиб мавсумни ўтказяпман»

Баҳо:
+ | -

Ўз вақтида ўсмирлар ва ёшлар термаси билан Осиё чемпионатларида иштирок этган “Пахтакор” жамоаси ҳимоячиси Азамат Мамажонов ушбу мавсумдан буён 1-лига вакили “Оқ-тепа” шарафини ҳимоя қилмоқда. Чемпионат бошланиши арафасидагина тошкентликлар сафида қўшилган Мамажонов 22 ўйиннинг атиги 1тасида майдонга тушмади. Қолган барча баҳсларда ҳаракат қилди. Куни кеча биз ҳимоячи билан учрашиб, унинг дилидаги гапларни қоғозга туширдик.

МАЪЛУМОТ УЧУН
АЗАМАТ МАМАЖОНОВ
Туғилган санаси: 06/01/1992
Туғилган жойи: Тожикистон, Душанбе шаҳри
Амплуаси: ҳимоячи
Бўйи: 180.
Вазни: 69
Биринчи мураббийи: Роберт Гай
Қайси футбол мактаби тарбияланувчиси: “Пахтакор” футбол академияси
Ўйнаган клублари: “Пахтакор” (ўринбосарлар, 2000-2010), “Локомотив” (2011), “Пахтакор-2” (2012), “Оқ-тепа” (2013 йилдан)
Хоббиси: коллекция йиғиш

Футболга кириб келиши, “Пахтакор” ва терма жамоалар
- Аниқ йилини эслай олмайманку, адашмасам 14 йил аввал футболга илк қадамларимни қўйганман. Футболчи бўлишимда асосий “айбдор” дадажоним десам хато қилмаган бўламан. Сабаби, айнан падарибузрукворим мени “Пахтакор” футбол академиясига етаклаб келганлар. Бу даргоҳда биринчи мураббийим Роберт Гай қўл остида миллионлар ўйинининг илк сир-асрорларини ўргандим. Тенгдошларим - Егор Кримец, Арам Бабаян, Бобур Абдураҳмонов, Максим Уткин, Александр Галеев, Темур Галимов билан бир гуруҳда шуғулланиб, кўп йиллар бирга тўп сурдик.

Хабарингиз бор, 2008 йил Тошкент ўз тарихида илк бор ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатига мезбонлик қилди. Ўша мусобақада юртимиз шарафини Роберт Гай бош мураббийлигидаги ўсмирлар терма жамоаси ҳимоя қилганди. Терма жамоа таркибида мен ҳам бор эдим. Биз саралаш ўйинларини муваффақиятли ўтказиб, гуруҳ пешқадами сифатида қитъа чемпионати йўлланмасини қўлга киритгандик. Пойтахтимизда ташкил этилган Осиё биринчилигини ҳам ёмон бошламагандик. Гуруҳдаги дастлабки учрашувда Сингапурни йирик – 7:0 ҳисобида “таслим” этдик, аммо кейинги беллашувда Эронга ютқазиб қўйдик. Мағлубият гуруҳдаги ҳолатимизга таъсир қилди. Натижада сўнгги ўйинда Баҳрайнни мағлуб этган бўлсак-да, иккинчи ўрин билан чорак финалга чиқдик. Мазкур босқичда қитъа “гегемони” Жанубий Корея қаршисида “ожиз” қолдик. Харчанд уринмайлик, корейслар дарвозасига йўл топа олмадик. Шу тариқа терма жамоамизнинг Осиё чемпионатидаги “юриши” тўхтаганди. Энг ёмони, ўз майдонимизда тўп сурган бўлишимизга қарамасдан, жаҳон чемпионатига бериладиган чиптани қўлга кирита олмагандик. Бунинг учун биздан ярим финалга чиқиш талаб этиларди холос. 2010 йил энди Марат Кабаев бошчилигидаги ёшлар терма жамоаси билан Осиё чемпионатида иштирок этдим. Аввалгисидан фарқли равишда, саралаш ўйинларида тўп сурмадим. Хитойда ташкиллаштирилган мусобақада финал босқичида ҳам биттагина ўйинда майдонга тушдим. 3-турда Ироқ билан бўлган баҳсда тўлиқ ҳаракат қилдик. Афсусланарлиси, яна мундиалдан “қуруқ” қолдик. Бу сафар йўлимизга Саудия Арабистони тўғаноқ бўлди. Беллашувда ҳисобни биз очгандик, бироқ сўнгги дақиқаларда ўз дарвозамиздан тўп ўтказиб юбордик, аввалига ҳисоб тенглашди. Қўшимча вақтда эса, араблар ғалаба тўпини киритиб, нафақат ярим финал, балки жаҳон чемпионати йўлланмасини ҳам қўлга киритишди. Иккинчи марта терма жамоа билан қитъа биринчилигида қатнашган бўлсам-да, ҳар иккисида ҳам мундиал йўлланмасини қўлга киритиш насиб қилмади. Ёшлар терма жамоаси билан Осиё чемпионатидан қайтиб келганимиздан сўнг, “Пахтакор” мени “Локомотив”га ижарага берди. Боиси, жамоада рақобат кучлилиги боис, асосий таркибга кира олмаётгандим. Қолаверса, ўринбосарлар таркиби ҳам ёшариб бораётганди. Биласиз, “темирйўлчилар” 2011 йилни 1-лигада ўтказди. “Локо”даги бир йиллик фаолиятимдан сўнг яна “Пахтакор”га қайтдим, фақат клубнинг 1-лигада қатнашадиган иккинчи жамоаси сафига қўшилдим. Ўтган йили “Пахтакор-2”нинг чемпионатдаги омади юришмади. Боиси, биринчи босқичда саккизликка кира олмай, мусобақа билан эртароқ хайрлашдик. Лекин “ўтиш турнири”да муваффақиятли иштирок этиб, яна 1-лигага қайтдик. Бу орада клубнинг Тошкент шаҳар чемпионатида тўп сурадиган жамоаси таркибида ҳам тўп суришга улгурдим.

“Оқ-тепа” ва кейинги режалари ҳақида
- 2012 йилги мавсум якунлангач “Пахтакор”дан кетишим лозимлигини тушуниб етдим. Чунки “Пахтакор-2”да тўп суриш учун ёшим тўғри келмасди, асосий таркибда рақобат кучли эди. Мамлакатимизнинг энг номдор жамоаси сафида бир неча йиллик умрим ўтгани боис, клуб менга ўз уйимдек бўлиб қолганди. “Шерлар” билан боғлиқ улкан мақсадларим бор эди. Гарчи рақобат кучли бўлса-да, жамоанинг асосий ўйинчиларидан бири бўлиш, асосий таркибдан жой олишни ният қилгандим. Шунга мос равишда машғулотларда чин дилимдан меҳнат қилдим, тинмай шуғулландим, бироқ қайсидир жиҳатларим мураббийларга маъқул келмаган шекилли, охир-оқибат клубдан кетишга мажбур бўлдим. Қишда Самарқанднинг “Динамо” жамоаси кўригида ҳам бўлдим, бироқ у ерда ҳам омадим келмади. Кейин Қозоғистонга жўнаб кетишимга бир баҳя қолди. Боиси, Чимкентнинг бир жамоаси менга қизиқиш билдирганди, лекин легионер лимити тўлгани туфайли қўшни юртга кета олмадим. “Заявка” муддатининг якунланишига бир кун қолганида эркин агент сифатида биринчи лигада иштирок этувчи Тошкентнинг “Оқ-тепа” жамоаси таркибидан жой олдим. Аниқроғи, собиқ устозим Илҳом Мўминжоновнинг таклифига биноан мавсумни шу клуб сафида бошлашим аниқ бўлди. Рости, “Оқ-тепа”нинг ички муҳитига мослашиб кетишим унчалик қийин бўлмади. Сабаби, жамоадошларим мени илиқ қабул қилишди. Аҳил коллектив ичида ўзингизни бегонадек ҳис қилмас экансиз. Қолаверса, бош мураббийимизнинг иш услубига ҳам тез кўникиб кетдим. Александр Султанович Токовнинг дунёқараши, иш услуби каминага манзур бўлди. Устозимиз ўтказадиган машғулотлар “Пахтакор”дагидан тубдан фарқ қилади. Биз кўпроқ тўпни ўзимизда ушлаб туриш орқали ўйин ташкил қиламиз. Шахсан менга бу тактика ёқди. Бундан ташқари, Тошкент дербиси ҳам эътиборимни тортди. Пойтахтда “Бунёдкор” – “Пахтакор” дербисидан бошқаси борлигига ишонмасдим. Лекин майдонда ўйнаб, шунга амин бўлдимки, “Оқ-тепа” – “НБУ-Осиё” дербиси ҳам бошқа дербилардан қолишмас экан. Бу ҳақида клубдаги жамоадошларим айтганида ҳам тўғриси, ишонмагандим.

Майдонга тушиб, кичик дерби ҳам анча жиддий ўйин эканлигига амин бўлдим. Биринчи даврани ёмон ўтказдик дея олмайман, аммо бундан ҳам яхшироқ натижаларга эришишимиз мумкин эди. Хусусан, ўз уйимизда кутилмаганда “Чуст-Пахтакор”га ютқазиб қўйиб, тайёр ғалабани қўлдан чиқардик. Ваҳоланки, ўша куни уч очколик бўлишимиз учун бизда етарлича имкониятлар бўлганди. Меҳмонлар дарвозаси олдида голга тортадиган жуда кўп хавфли вазият содиқ этдик, бироқ футболнинг ёзилмаган - “сен урмасанг, сенга уришади” қоидаси шу куни ўз сўзини айтди. Сўнгги ўн дақиқада ўз дарвозамиздан иккита тўп олиб чиқдик. “НБУ-Осиё” билан бўлган иккала баҳсда ҳам ғалаба қозонишимиз мумкин эди, лекин мазкур беллашувда ҳам вазиятлардан фойдалана олмаслик бизга панд берди. Тез орада иккинчи босқич ўйинлари старт олади. Насиб қилса, биринчи босқичда йўқотилган очколар ўрнини мавсумнинг иккинчи қисмида тўлдириб оламиз. Бунга куч ва имкониятимиз етади. Ҳали ёшман, футболчи сифатида жуда кўп нарсаларга эришишим мумкин. Келажакда олий лига клублари сафида ўйнаб, терма жамоага қайтишни режалаштирганман. Бунинг учун қўлимдан келган барча имкониятни ишга соламан.

Фурқатбек НИШОНОВ ёзиб олди

Манба: www.oq-tepa.uz
Киритилди: 17:00, 27.07.2013.
Ўқилди: 4843 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.