Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Асқар Жадигеров: «Андижон»нинг Олий лигага қайтишига ёрдам бермоқчиман»

Баҳо:
+ | -

Жорий мавсум биринчи лигада ҳам кўплаб таниқли футболчилар фаолият кўрсатишаётганини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Ўз вақтида “Пахтакор” ва “Бунёдкор”да Ўзбекистон чемпиони бўлган тажрибали ҳимоячи Александр Хвостунов “NBU-Осиё” жамоаси шарафини ҳимоя қилаётган бўлса, Дилявер Ваниев ҳамда Виктор Клишин “Машъал” сафида тўп суришмоқда.

Бу йил биринчи лигада иштирок этаётган “Андижон” таркибида эса Асқар Жадигеров фаолият кўрсатмоқда. Тажрибали ярим ҳимоячини ёзги танаффусда олий лига клубларига ўтиб кетиши ҳамда унга “Нефтчи” ва “Қизилқум” жамоаларидан таклифлар бўлганилиги тўғрисида маълумотлар тарқалганди. Аммо Жадигеров яна “Андижон”га қайтиб келди ва Азамат Абдураимов қўли остида машғулотларни давом эттирмоқда. “Андижон”га қайтгани боис мухлисларни уни “Нефтчи” ёки олий лиганинг бошқа жамоалари кўригидан ўта олмаган деган фикрларга бораётган бўлиши табиий. Куни кеча Жадигеров билан суҳбатлашганимизда у ўзи тўғрисидаги фикрларга муносабатини билдирди. Бундан ташқари футболчи нима учун биринчи лига жамоасида ўйнаётгани ва ўтган йили Таиландда ўтган фаолиятига ҳам тўхталди.

“НЕФТЧИ”ГА БОРМАГАНИ ТЎҒРИСИДА
— Тўғри, ёзги танаффусда олий лига клубларида ўйнамоқчи бўлгандим. Бу борада бош мураббий Азамат Абдураимов билан келишувимиз ҳам бор эди. Яъни, мавсумнинг ярмида олий лига жамоаларидан таклиф тушадиган бўлса, “Андижон”дагилар кетишимга қаршилик қилишмасди. Яширмайман “Нефтчи”дан чақирув бўлганди. Амет Меметни яхши билардим ва унинг қўл остида илгари “Бунёдкор” ҳамда “Андижон”да тўп сургандим. Аммо Амет Абдуллаевич “Нефтчи”да дастлаб кўрикдан ўтишим кераклигини маълум қилди. Бу таклиф эса менга маъқул келмади. Чунки ҳозир мен кўрикдан ўтадиган ёшда эмасман. Шунинг учун фарғоналиклар сафига қўшилганим йўқ. Мухлислар эса мени “Нефтчи” кўригидан ўта олмади деган фикрлар билдиришган. Албатта, бу нотўғри. Чунки “Нефтчи”нинг Тошкентдаги йиғинида иштирок этганим йўқ.

“АНДИЖОН”ДАГИ ФАОЛИЯТИ ҲАҚИДА
— Таиландда олган жароҳатим ўтган йили мени анча қийнаб қўйди. Шу сабабли мавсумнинг иккинчи ярмида “Динамо”да ўз ўйинимни кўрсата олмадим. Ҳатто жароҳат туфайли тўрт ой мобайнида ўз устимда шуғулланганим йўқ. Анча пайт шуғулланмаганим боис қишда яхши формада эмасдим. Биринчи галда аввалгидек яхши спорт формасига кириб олишим учун биринчи лигада иштирок этишига қарамай “Андижон”да ўйнашга қарор қилдим. Боз устига бу жамоа мен учун бегона эмас ва “Андижон”да жуда яхши дамларни ўтказганман. Бундан ташқари андижонлик ишқибозларни ҳам қаттиқ ҳурмат қиламан. “Андижон”га келиб тўғри қарор қабул қилдим деб ўйлайман. Аввалги ҳолатимга қайтиш учун машғулотларда астойдил ишладим. Биринчи босқич баҳслари “Андижон” аъло даражада ўтказди ва “Шарқ” минтақасида пешқадамликни қўлга киритди. Бу муваффақиятга мен ҳам қўлимдан келганча ўз ҳиссамни қўшишга ҳаракат қилдим. Тўғри, олий лига клубларига кетсам ҳам бўларди ва олдимда вариантлар ҳам йўқ эмасди. Аммо яхшилаб ўйлаб кўрганимдан сўнг “Андижон”га қайтишга қарор қилдим. Чунки ҳали формамни тўла тиклаб олганим йўқ. Айни дамда ўйнаш учун 60 фоизга тайёрман. Бундан ташқари “Андижон”ни олий лигага қайтариш учун ёрдам беришни ҳам хоҳладим. Яна қайтариб айтаман, “Андижон” мен учун қадрдон жамоа бўлиб қолган.

ОЛИЙ ЛИГАГА ЧИҚИШ ИМКОНИЯТИ ХУСУСИДА
— Олдинда ҳал қилувчи иккинчи босқич ўйинлари турибди. Бунга пухта тайёргарлик кўриш учун айни пайтда машғулотларга зўр берганмиз. Олдимизга фақат олий лигага қайтиш вазифаси қўйилган. Бу масъулиятни яхши қилган ҳолда астойдил тайёргарлик кўряпмиз. Машғулотлар кунига икки маҳалдан кучайтирилган тарзда олиб борилмоқда. Иккинчи босқичда ҳам чиройли ўйинлармиз билан мухлисларни хурсанд этишга ҳаракат қиламиз. Умуман олганда, “Андижон” келаси мавсум яна кучлилар сафида иштирок этишига ишонаман.

Манба: www.andijon-pfc.uz
Киритилди: 16:13, 30.07.2013.
Ўқилди: 3357 марта.
Фикрлар: 10 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.