«Андижон» ОЧЛ-2 мусобақаси гуруҳ босқичи 6-тури доирасида Қатарда «Ал-Аҳли» клуби меҳмони бўлди. Учрашув бошиданоқ андижонликлар фаол ҳаракат қилишга интилишди. Аммо илк хавфли вазиятни мезбонлар юзага келтиришди: учрашувнинг 5-дақиқасида Элдор Адҳамов ишончли сейви билан жамоасини голдан асраб қолди.
Ўйиннинг биринчи бўлимида «Андижон» асосан стандарт вазиятлар орқали ҳужумлар уюштирди. 11 ва 12-дақиқаларда кетма-кет бурчак зарбалари амалга оширилди. Бироқ 26-дақиқада рақиб стандарт вазиятдан унумли фойдаланиб, ҳисобни очди — 1:0. Орадан кўп ўтмай, андижонликлар яна бир голдан омон қолди: тўп дарвоза устунига тегиб қайтди.
Биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда ҳисоб ўзгармади ва жамоалар танаффусга «Ал-Аҳли»нинг минимал устунлиги билан йўл олишди.
Меҳмонлар иккинчи бўлимда ҳам фаолликни оширишга ҳаракат қилди, бурчак зарбалари орқали босимни кучайтирди. Аммо 22-дақиқада «Ал-Аҳли» футболчиси узоқ масофадан аниқ зарба йўллаб, жамоасининг иккинчи голини киритди — 2:0.
Учрашувнинг сўнгги дақиқаларида андижонликлар бир неча бор ҳисобни қисқартиришга яқин келди. Усмонали Исмоналиевнинг жаримадан берган зарбасини рақиб посбони қийинчилик билан қайтарди. Абдуманноповнинг зарбаси ноаниқ чиқди, Усмоновнинг зарбасидан сўнг тўп тўсинга теккан ҳолда майдонни тарк этди.
Шу тариқа, учрашув охиригача ҳисоб ўзгармади. «Андижон» «Ал Аҳли»га қарши сафарда 0:2 ҳисобида мағлубиятга учради ҳамда ОЧЛ-2даги юришини якунлади.
Туркманистонинг "Аркадағ" клуби бугун ўз майдонида Баҳрайннинг "Ал-Холидия" жамоасини мағлуб этиб (1:0), "В" гуруҳида 2-ўрин орқали плей-оффга чиқди.
ОЧЛ-2. "В" гуруҳи, 2-тур
"АЛ-АҲЛИ" - "АНДИЖОН" - 2:0
Голлар: Влап (26, 65)













