Жанубий Корея футбол ассоциацияси 2035 йилги Осиё кубогини ўтказиш истагини билдирган расмий мактубни Осиё футбол конфедерациясига (ОФК) тақдим этди.
Бу қарор ОФК 2031 йилги Осиё кубоги билан бир қаторда 2035 йилги турнир учун ҳам мезбон давлатни аниқлаш жараёнини бошлашга қарор қилганидан кейин қабул қилинди.
Корея футбол ассоциацияси 2031 йилги турнир учун Австралия, Индонезия, Ҳиндистон, Қувайт ҳамда Марказий Осиёнинг уч давлати — Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон билан рақобат кучли эканига қарамай, 2035 йилги Осиё кубогига ҳам номзод қўйиб, мусобақани қабул қилиш борасида қатъий нияти борлигини намоён этди. Эслатиб ўтиш жоиз, 2031 йилги турнирни қабул қилишни режалаштирган БАА ўз аризасини қайтариб олган.
Корея футбол ассоциацияси ўтган ойнинг 25-куни Чхонанда жойлашган Korea Football Park майдонида бўлиб ўтган 2025 йил учун 10-бошқарув йиғилиши ҳамда 2-фавқулодда делегатлар йиғинида 2035 йилги ОФК Осиё кубогини қабул қилиш учун расман ариза бериш тўғрисида қарор қабул қилди.
Ассоциация вакили шундай деди:
«Иккала турнирга бир вақтнинг ўзида ариза беришимиз Осиё кубогини қабул қилиш борасидаги фаол ва ташаббускор ёндашувимизни яққол кўрсатади, деб ҳисоблаймиз. Бошқа номзод давлатлар вазияти ва ОФК ичидаги муҳитни инобатга олган ҳолда, мезбонлик имкониятларини ошириш учун стратегик тарзда иш олиб борамиз».
Маълумот учун, 1956 йилда ташкил этилган Осиё кубоги Осиё қитъасидаги энг нуфузли миллий терма жамоалар мусобақаси бўлиб, ҳар тўрт йилда бир марта ўтказилади. Турнирда 24 жамоа иштирок этади ва жами 51 та учрашув ўтказилади. Корея Осиё кубогини фақат бир марта — 1960 йилда Сеулдаги Хёчанг стадионида ўтказилган 2-турнирда қабул қилган.













