Кириш Регистрация
17/01 00:45 Пиза 1-1 Аталанта
17/01 01:00 Эспаньол 0-2 Жирона
17/01 16:30 Ўзбекистон 0-0 Хитой
17/01 17:30 Ман. Юнайтед 2-0 Манчестер Сити
17/01 18:00 Реал Мадрид 2-0 Леванте
17/01 19:00 Удинезе 0-1 Интер
17/01 20:00 Челси 2-0 Брентфорд
17/01 20:00 Лидс 1-0 Фулхэм
17/01 20:00 Ливерпуль 1-1 Бёрнли
17/01 20:00 Сандерленд 2-1 Кристал Пэлас
17/01 20:00 Тоттенхэм 1-2 Вест Хэм
17/01 20:15 Мальорка 3-2 Атлетик Бильбао
17/01 20:30 Австралия 1-2 Жанубий Корея
17/01 22:00 Наполи 1-0 Сассуоло
17/01 22:30 Осасуна 3-2 Реал Овьедо
17/01 22:30 Ноттингем Форест 0-0 Арсенал
18/01 00:45 Кальяри - Ювентус
18/01 01:00 Бетис - Вильярреал
18/01 16:30 Парма - Женоа
18/01 18:00 Хетафе - Валенсия
18/01 19:00 Болонья - Фиорентина
18/01 19:00 Вулверхэмптон - Ньюкасл
18/01 20:15 Атлетико - Алавес
18/01 21:30 Астон Вилла - Эвертон
18/01 22:00 Торино - Рома
18/01 22:30 Сельта - Райо Вальекано
19/01 00:45 Милан - Лечче
19/01 01:00 Реал Сосьедад - Барселона
19/01 22:30 Кремонезе - Верона

Дебютдаги хатодан жамоа етакчиси бўлишгача — Squawka нашри Абдуқодир Ҳусанов ҳақида мақола эълон қилди

Баҳо:
+ | -1

Дебют учрашувида йўл қўйилган кичик хатодан сўнг Абдуқодир Ҳусанов танқидлар остида қолган эди. Аммо вақт, сабр ва тўғри ёндашув ўзбекистонлик ҳимоячига ўзига бўлган ишончни тиклаш имконини берди. Бугунга келиб Ҳусанов “Манчестер Сити” сафида ўзининг ҳақиқий салоҳиятини намоён этмоқда. Squawka нашри футболчининг Англиядаги дастлабки қийин даври, ўзига нисбатан ишончни қайта тиклаши ҳамда сўнгги учрашувларда кўрсатаётган ўйинларини батафсил таҳлил қилди.

Ёш ҳимоячи Англиядаги фаолиятини омадсиз бошлагани сабаб маълум даражада “обрў” орттириб олди. Абдуқодир Ҳусанов ўтган йилнинг январь ойида бўлган “Челси”га қарши учрашувда дебют қилди. Футболчи дастлабки дақиқалардаёқ хатога йўл қўйиб, рақиб голига сабабчи бўлганди. “Манчестер Сити” ўша учрашувда 3:1 ҳисобида ғалаба қозонганига қарамай, ушбу эпизод мухлислар ва футбол таҳлилчилари хотирасида узоқ вақт сақланиб қолди.

Шундан буён Ҳусановнинг ҳар бир ўйини айнан шу эпизод орқали баҳоланадиган бўлди. Пеп Гвардиола вазиятни тўғри баҳолаб, ёш футболчини босимдан ҳимоялаш мақсадида уни вақтинча асосий таркибдан четлатди. 21 ёшли ҳимоячи Англияга келганидан кейинги 12 ой ичида АПЛ доирасида атиги олти марта асосий таркибда майдонга тушди.

Янги мамлакатга мослашиш, талаблар ниҳоятда юқори бўлган жамоага келишнинг ўзиёқ мураккаб вазифа эди. Бунга қўшимча равишда, Ҳусанов инглиз тилини билмагани ҳам мослашув жараёнини янада қийинлаштирди.

Эътибордан четда қолган футболчи

Асосий таркибдан узоқлашган Ҳусанов бир муддат деярли унутилган футболчига айланди. Ўнг қанот ҳимоясида Матеус Нуньес деярли хатосиз ўйнади, марказий ҳимоя чизиғига Рубен Диаш, Йошко Гвардиол ва Жон Стоунс жавобгар бўлди. Бироқ тақдир бошқа режани тайёрлаб қўйганди.

Яқинда “Манчестер Сити”нинг “Челси”га қарши уй учрашувида Диаш ва Гвардиол жароҳат олди. Гвардиол мавсумнинг қолган қисмини ўтказиб юбориши кутилмоқда. Шу тариқа Ҳусанов яна диққат марказига қайтди. У кетма-кет “Брайтон”, “Эксетер” ва “Ньюкасл”га қарши учрашувларда асосий таркибда майдонга тушди. 20 ёшли Макс Аллейн билан бирга Ҳусанов ҳимоя марказида энг тажрибали футболчи сифатида ҳаракат қилди.

Синовлар ва ўсиш

Албатта, “Эксетер” устидан 10:1 ҳисобидаги йирик ғалаба Ҳусановнинг ҳақиқий даражасини кўриш учун жиддий мезон бўла олмади. “Брайтон” билан дуранг эса кўпроқ “Сити”нинг ҳужум чизиғидаги камчиликлар билан изоҳланди. Аммо ҳафта ўртасида сафарда “Ньюкасл”га қарши учрашувда қўлга киритилган 2:0 ҳисобидаги ғалаба Ҳусановнинг нималарга қодир эканлигини яққол кўрсатиб берди.

Аслида Ҳусанов ҳар доим юқори савиядаги марказий ҳимоячи сифатида эътироф этиб келинган. Гап фақат унинг Англияда муваффақият қозона олишига бўлган ишончини қайта тиклашда эди. “Сент-Жеймс Парк” стадионидаги ўйин эса Абдуқодир бу синовни енгиб ўтганини яққол кўрсатиб берди. Сабаби “Ньюкасл” стадиони ҳар қандай жамоа учун мураккаб арена ҳисобланади. Мухлислар босими футболчиларга руҳий таъсир ўтказади. Аммо ўзбекистонлик бу ҳолатларга эътибор бермай, учрашувнинг энг яхши футболчиларидан бирига айланди.

“Ньюкасл”га қарши асосий фигурага айланди

Учрашувдан кейин кўпчилик бор эътиборини узоқ давом этган VAR текширувларига қаратди (Семеньонинг иккинчи голи VAR орқали бекор қилинган — таҳр), ҳолбуки асосий эътибор Ҳусановга қаратилиши керак эди. “Ньюкасл” ушбу ўйинда дарвозага атиги икки марта аниқ зарба бера олди. Ваҳоланки, “қарғалар” бу мавсум уй учрашувларида ўртача ҳар 90 дақиқада 5,9 та аниқ зарба бериб келаётганди.

Ҳусанов 6 марта тўпни хавфли ҳудуддан узоқлаштирди, 4 марта тўпни рақиб футболчиларидан олиб қўйди (100 фоизлик самарадорлик қайд этган). Бу кўрсаткичлар “Сити”нинг сафарда кетма-кет иккинчи ўйинда дарвозаси дахлсиз қолишига хизмат қилди (“Сандерленд”га қарши 0:0, “Ньюкасл” билан учрашув 0:2).

Бундай статистикалар тасодиф эмас. Камида 10 марта тўп учун курашга кирган 303 футболчи орасида Ҳусановнинг 91,7 фоизлик самарадорлиги Англия Премьер Лигасининг 2025/26-йилги мавсумида бешинчи энг юқори кўрсаткичдир. Ҳимоячилар орасида эса у тўртинчи ўринда, ундан фақат Йошко Гвардиол (94,7%) юқорироқ натижа қайд этган.

Жорий мавсумда Ҳусанов майдонга тушган еттида ўйинда уни атиги бир марта алдаб ўтишган. Бу ҳолат ҳам “Манчестер Юнайтед”га қарши учрашувда, у ўнг қанот ҳимоячиси сифатида ҳаракат қилган пайтда юз берган.

Хато узатмалар ҳақидаги стереотип

Ҳусановнинг пас бериш қобилияти борасидаги шубҳалар ҳам асоссиз. Унинг 88,5 фоизлик умумий пас аниқлиги Гвардиола жамоасидаги ҳимоячи учун пастдек кўриниши мумкин. Аммо унинг энг суст ўйинлари айнан ўнг қанот ҳимоясида — “Манчестер Юнайтед” ва “Арсенал”га қарши баҳсларга тўғри келган.

Марказий ҳимояда эса у анча ишончли. “Ньюкасл”га қарши учрашувда Ҳусанов 93,5 фоизлик пас аниқлигини қайд этди, 58 та пас билан майдондаги энг кўп пас узатган футболчига айланди. Натижада “Манчестер Сити” ўйиннинг 57,6 фоизида тўп назоратини ўзида сақлаб турди.

Гвардиоланинг эътирофи

Пеп Гвардиола Ҳусанов ҳақида қуйидагича фикр билдирди:

“У жуда яхши трансфер. Абдуқодир Ҳусанов рақиб узатмаларни яхши назорат қилиб, ўз тезлиги орқали майдондаги очиқ ҳудудларни тўлиқ ёпиб бера олади. У — жуда тезкор. Албатта, Абдуқодир ҳали ўз ўйинини янада ривожлантиради: жараёнга кўпроқ қўшилиши, ўйинда фаолроқ бўлиши ва янада дадилроқ ҳаракат қилиши керак. Аммо бу вақт масаласи. Шуни ҳам айтишим керакки, Ҳусанов ҳозир ҳам ҳимояда ажойиб ўйин кўрсатмоқда”.

Ҳусановнинг сўнгги ўйинлардаги ўсиши айнан мана шу омиллар билан боғлиқ. Ёш футболчи сифатида унга тўғри йўл-йўриқ зарур эди. Ҳозирча майдонга тушган ўйинлари кўп эмас, бироқ унинг ҳимоядаги ва тўп билан ўйнашдаги ривожи 12 ой аввалги ҳолат билан солиштирганда яққол кўзга ташланади.

“Ньюкасл”га қарши синовдан муносиб ўтган Абдуқодир Ҳусановни энди навбатдаги жиддий имтиҳон кутмоқда. “Манчестер Юнайтед” аввалгидек қудратли бўлмаслиги мумкин, аммо мураббий алмашинуви шанба кунги баҳсга алоҳида аҳамият касб этади. Рақиб номи қанчалик баланд бўлмасин, ҳатто у “Манчестер Юнайтед” бўлса ҳам Ўзбекистон терма жамоаси ҳимоячисидан яна бир барқарор ва ишончли ўйин кутиш мумкин. “Манчестер Сити” эса бу орада турнир жадвалида “Арсенал”га босимни янада кучайтирмоқда.

Манба: daryo.uz
Киритилди: 15:49, 17.01.2026.
Ўқилди: 2111 марта.
Фикрлар: 5 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.