Унаи Эмерининг «Астон Вилла» бош мураббийлиги лавозимидан кетиш эҳтимоли кучаймоқда. Бу ҳақда Football Insider нашри хабар бермоқда.
Манбанинг маълумотига кўра, Эмери клуб томонидан қўйилаётган молиявий чекловларнинг кучайиб бораётганидан тобора кўпроқ норози бўлмоқда. У жамоани 2022 йилда, клуб АПЛда жон сақлаб қолиш учун курашаётган бир пайтда қабул қилиб олган эди. Ўшандан бери «Астон Вилла» доимий равишда еврокубокларда ўйнаб келмоқда, бироқ бу ҳолат молиялаштириш билан боғлиқ вазиятга ижобий таъсир кўрсатмаяпти.
Айни дамда «Астон Вилла» Премьер-лигада 29 та ўйиндан сўнг 51 очко тўплаган ҳолда, тўртинчи ўринни эгаллаб турибди ва Чемпионлар лигаси зонасида бормоқда.
Шунингдек, 12 март куни «Астон Вилла» Европа Лигаси 1/8 финали доирасида «Лилль»га қарши дастлабки учрашувни ўтказади. Ўйин Тошкент вақти билан соат 22:45 да бошланади.













