АҚШ президенти Дональд Трамп Австралия ҳукуматини Эрон аёллар терма жамоаси футболчиларига сиёсий бошпана беришга чақирди. Бу ҳақда ABC News хабар берди.
Эронлик беш нафар аёл футболчи — Фотима Пасандиде, Заҳро Ганбари, Заҳро Сарбали, Отифа Рамазонзода ва Мона Ҳамудий март ойи бошида аёллар ўртасидаги Осиё кубогининг очилиш ўйинида Жанубий Кореяга қарши баҳсдан аввал Эрон давлат мадҳиясини куйлашдан бош тортган эди.
Ушбу ҳаракатдан сўнг спортчилар Эрон давлат ОАВ томонидан кескин танқидга учради. Жамоанинг ушбу беш нафар аъзоси Голд Кост шаҳридаги меҳмонхонада ўз назоратчиларидан қочиб кетишга муваффақ бўлган ва ҳозирда Квинсленд полицияси ҳимоясида хавфсиз жойда қолмоқда. Фаоллар ва спортчиларнинг яқинларига кўра, агар улар ватанига қайца, шафқатсиз таъқиблар, ҳатто ўлим жазосига дучор бўлиши мумкин.
Трамп ўзининг Truth Social платформасида Австралия бош вазири Энтони Альбанесга қарата очиқ мурожаат йўллади.
“Австралия Эрон аёллар терма жамоасини ўлим кутилаётган мамлакатига қайтаришга уриниб, даҳшатли гуманитар хатога йўл қўймоқда. Жаноб бош вазир, бундай қилманг, уларга бошпана беринг. Агар сиз қилмасангиз, АҚШ уларни ўз бағрига олади”, деб ёзди Трамп.
Нью Саут Уэлс штатининг қулликка қарши кураш бўйича комиссари Жеймс Кокайн жамоанинг қолган аъзоларига нисбатан “замонавий қуллик” аломатлари борлигини текширишни талаб қилди. Унинг айтишича, футболчиларга меҳмонхонадан кузатувчиларсиз чиқиш тақиқланган, уларнинг сўз ва ҳаракат эркинлиги чекланган.
“Эрон ҳукумати спортчилар ва уларнинг оилаларига таҳдид қилиб, сиёсий мухолифатни бостириш учун улардан фойдаланиши барчага маълум”, дея қўшимча қилди Кокайн.
Эроннинг сўнгги шоҳи ўғли ва сургундаги валиаҳд шаҳзодаси Ризо Паҳлавий ҳам Instagram’да ушбу спортчиларни қўллаб-қувватлади. У беш нафар аёл футболчи жамоа лагерини тарк этиб, хавфсиз жойга ўтганини ва “Эрон миллий шер ва қуёш инқилоби”га (Lion and Sun Revolution) қўшилганини эълон қилди.













