Франция Профессионал футбол лигаси (LFP) сайтида Лига 1нинг «Ланс» – «ПСЖ» ва «Брест» – «Страсбург» учрашувларини бошқа муддатга кўчириш тўғрисида қарор қабул қилингани хабар қилинди.
«ПСЖ» ва «Страсбург» клубларининг ўйинларни кўчириш борасидаги сўровлари қаноатлантирилди. Энди жамоалар бор эътиборини еврокубокларнинг чорак финалига қаратишлари мумкин бўлади. Хусусан, «ПСЖ»да Чемпионлар лигаси чорак финали доирасидаги «Ливерпуль»га қарши ўйинлар (8 ва 14 апрель) оралиғида ички чемпионат баҳси бўлмайди. «Страсбург» эса Конференциялар лигаси чорак финалидаги «Майнц» билан учрашувлар (9 ва 16 апрель) орасида дам олади.
«ПСЖ» ва «Страсбург» иштирокидаги ушбу ўйинлар 13 май санасига кўчирилди.
«Ўйинларни кўчириш ҳақидаги қарорлар директорлар кенгашининг стратегик йўналишига мос келади. Бундан кўзланган асосий мақсад — Франциянинг УЕФА рейтингидаги бешинчи ўрнини сақлаб қолишдир. Бу ўрин мамлакатга Чемпионлар лигаси учун тўртта йўлланмани тақдим этади», — дея изоҳ беради Франция Профессионал лигаси.
Аввалроқ «Ланс» клуби «ПСЖ» билан ўйиннинг кўчирилишига қарши чиққан эди.













