«Ланс» клуби Франция чемпионати доирасидаги «ПСЖ»га қарши ўйиннинг кўчирилишига қарши чиққан эди, бироқ Профессионал футбол лигаси барибир парижликлар манфаатини кўзлаб учрашувни бошқа муддатга қолдирди. Энди «ПСЖ» Чемпионлар лигаси чорак финалида «Ливерпуль»га қарши ўйинлар оралиғида ички биринчиликда майдонга тушмайди.
Ўйин кўчирилиши эълон қилинганидан сўнг, «Ланс» расмий баёнот билан чиқди. «Қонли-олтинранглилар» бу қарорга рози бўлмасалар-да, уни қабул қилишга мажбур бўлдилар.
«LFP директорлар кенгашининг «ПСЖ»га қарши ўйинни кўчириш борасидаги бир овоздан қабул қилган қарорига норозилик билдирган ҳолда, «Ланс» уни масъулият билан қабул қилади ва ўз олдига қўйган спорт мақсадларига эришиш йўлидаги қатъиятини тасдиқлайди», — дейилади клуб баёнотида.
Айни дамда «Ланс» Лига 1 турнир жадвалида иккинчи ўринни эгаллаб турибди ва «ПСЖ»дан бир очко орқада қолмоқда. Шу билан бирга, парижликлар ҳисобида битта захира ўйини мавжуд.













