«Интер Майами» «Ливерпуль» ҳужумчиси Муҳаммад Салоҳни ўз сафига қўшиб олиш бўйича музокаралар олиб бормаяпти. Бу ҳақда журналист Фабрицио Романо ўзининг X (Twitter) саҳифасида маълум қилди.
Манбага кўра, айни вақтда томонлар ўртасида ҳеч қандай музокаралар бўлмаган.
Салоҳ 24 март, сешанба куни мавсум якунида «Ливерпуль»ни тарк этишини эълон қилган эди. Мисрлик ҳужумчи 2017 йилдан буён мерсисайдликлар сафида ўйнаб келмоқда. Шу вақт давомида у барча мусобақаларда 435 та ўйинда иштирок этиб, 255 та гол урди ва 122 та голли узатма амалга оширди.
Футболчининг клуб билан амалдаги шартномаси 2027 йил ёзига қадар мўлжалланган.













