EUFOR (Европа Иттифоқининг тезкор жавоб кучлари) таркибидаги италиялик ҳарбий Босния ва Герцеговина терма жамоаси машғулотини суратга олаётган пайтда қўлга тушди. Бу ҳақда Sportsport.ba нашри хабар берди.
Бугун, 31 март куни Босния ва Герцеговина ҳамда Италия термалари ўртасида ЖЧ–2026 саралаш плей-офф босқичи финал учрашуви бўлиб ўтади.
Манба маълумотига кўра, ҳарбий Болқон жамоаси машғулоти давомида панжара ёнига келиб, бўлаётган жараённи телефонга ёзиб олган. Уни тез орада пайқаб қолишган ва тўхтатишган. Кейинчалик Босния ва Герцеговина футбол ассоциацияси EUFOR миссиясига расмий шикоят билан мурожаат қилган.
Плей-офф ярим финалида Италия термаси Шимолий Ирландияни 2:0 ҳисобида мағлуб этган бўлса, Босния ва Герцеговина Уэльсни (1:1) пенальтилар сериясида (4:2) мағлуб этган эди.













