Каталониянинг «Барселона» клубига тегишли бўлган испаниялик ярим ҳимоячи Дани Ольмо фаолиятини Саудия Арабистони чемпионатида давом эттириши мумкин. Бу ҳақда Marca газетаси журналистлари хабар бермоқда.
Манбанинг маълумотларига кўра, «Ал-Қодисия» клуби ярим ҳимоячини ўз сафига қўшиб олишни истамоқда. Саудия клуби скаутлари Ольмонинг «кўк-анорранглилар» таркибидаги сўнгги ўйинларини бевосита кузатишган.
27 ёшли хавбек ва каталонияликлар ўртасидаги амалдаги меҳнат шартномаси 2030 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган. Ольмонинг трансфер қиймати 60 миллион еврога баҳоланмоқда.
Ла Лиганинг жорий мавсумида Дани 24 та учрашувда майдонга тушди. Ярим ҳимоячи ўз ҳисобига еттита гол ва олтита голли узатмани ёзиб қўйишга муваффақ бўлди.













