Ҳимоячи Киран Триппьер жорий мавсум якунида «Ньюкасл Юнайтед» клубини тарк этишини маълум қилди.
«4,5 йилдан сўнг ушбу ажойиб клубни тарк этиш вақти келди. Бу ерда ўзимни уйимдагидек ҳис қилдим. Бу жуда ҳиссий лаҳза ва мен бу ерни чиндан ҳам соғинаман.
Мухлисларга раҳмат, Эдди Хауга, мураббийлар штабига ва ортида меҳнат қиладиган барча инсонларга миннатдорчилик билдираман. Мураббий менга икки марта ишонч билдирди, бу буюк клуб шарафини ҳимоя қилиш ва унинг сардори бўлиш имкониятини берди. Энг муҳими, биз соврин ютишга муваффақ бўлдик», — деди футболчи.
Киран Триппьер «Ньюкасл Юнайтед» сафида 157 та ўйин ўтказиб, 4 та гол урди ва 29 та голли узатма амалга оширди. У жамоа билан бирга Англия Лига кубогини қўлга киритган.













