«Манчестер Юнайтед»нинг собиқ ярим ҳимоячиси Поль Погба жамоа сардори Бруну Фернандешнинг ўйини борасида ўз фикрларини билдириб ўтди. Португалиялик футболчи жорий мавсумда ҳайратланарли натижа кўрсатмоқда ва Премьер-лиганинг бир мавсумдаги голли узатмалар рекордини янгилаши кутилмоқда.
Погба Рио Фердинанднинг подкастида иштирок этар экан, Фернандешнинг салоҳиятига юқори баҳо берди.
«Брунуни «Манчестер Сити»га юборинг — шунда у «Олтин тўп» учун курашадиган кучли учликдан жой олади», — деди франциялик футболчи.
Маълумот учун, Поль Погба 2022 йилда «қизил иблислар» сафини тарк этган ва айни дамда «Монако» аъзоси ҳисобланади. Бруну Фернандеш эса 2020 йилдан буён «Манчестер Юнайтед» шарафини ҳимоя қилиб келмоқда.
Жорий мавсумда 31 ёшли ярим ҳимоячи «МЮ» либосида барча мусобақаларда 32 та ўйинда майдонга тушиб, 8 та гол ва 19 та голли узатмани ўз ҳисобига ёздириб қўйди.
Бундан ташқари, аввалроқ футболчига Туркиянинг «Галатасарой» клуби томонидан жиддий қизиқиш бўлаётгани ҳақида хабар берилган эди.













