«Манчестер Сити» бош мураббийи Хосеп Гвардиола жорий мавсум якунида ўз лавозимини тарк этиши мумкин. Fichajes нашри тарқатган маълумотларга кўра, «шаҳарликлар» раҳбарияти испаниялик мутахассисни лойиҳада қолишга кўндириш учун бор имкониятини ишга солмоқда.
Манчестер клуби Гвардиолани олиб қолиш мақсадида унга «ПСЖ» ярим ҳимоячиси Жоау Невешни сотиб олиб беришга тайёр. Пеп португалиялик иқтидор эгасининг ўйин услубига юқори баҳо бериши ва уни ўз жамоасида кўришни исташи айтилмоқда.
Қайд этилишича, «Манчестер Сити»ни парижликлар томонидан белгиланган 150 миллион евролик нарх ҳам тўхтата олмаяпти. Агар ушбу трансфер амалга ошса, бу клуб тарихидаги энг қиммат харидга айланиши мумкин.
Маълумот учун, Жоау Невеш жорий мавсумда «ПСЖ» сафида барча турнирларда 29 та ўйинда майдонга тушиб, 6 та гол урди ва 4 та голли узатмани амалга оширди. Унинг Париж клуби билан амалдаги шартномаси 2029 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган.













