Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси (ПФЛ) ЖЧ-2026 якунидан кейинги Суперлига тақвими ва ўзбек клубларининг халқаро майдондаги иштироки бўйича янги тафсилотларни очиқлади.
Мундиалдан кейинги старт
Жаҳон чемпионатининг финал учрашуви 19 июль куни бўлиб ўтади. Лига режасига кўра, ёзги танаffус айнан шу куни якунланади ва 20 июлдан эътиборан Суперлиганинг 12-турига старт берилади.
Халқаро майдондаги янги имкониятлар
ОФК томонидан квоталарнинг қайта тақсимланиши натижасида, жорий йилнинг сентябрь ойидан бошланадиган янги форматдаги турнирларда («Элит Чемпионлар лигаси» ва «Чемпионлар лигаси 2») Ўзбекистоннинг учта клуби иштирок этиши кутилмоқда.
Хусусан, «Пахтакор» клубида «Элит Чемпионлар лигаси»нинг саралаш босқичида қатнашиш имконияти юзага келди. Дастлабки маълумотларга кўра:
-
«Пахтакор» саралаш учрашувини 11 август куни БААда ўтказади.
-
Ғалаба қозонилса — «Элит Чемпионлар лигаси»нинг асосий босқичига йўл олади.
-
Мағлубият қайд этилса — «Насаф» билан биргаликда «Чемпионлар лигаси 2» гуруҳ босқичида иштирок этади.
Тақвимдаги номутаносиблик ва ўзгаришлар
Қуръа жараёнида «Пахтакор»нинг 11 августдаги ўйинини Тошкентда ўтказиш режалаштирилган эди. Бироқ халқаро тақвим сабабли «шерлар» айнан шу куни сафарда бўлишади.
Шу боис, ПФЛ мавсумнинг иккинчи ярми учун тақвимга ўзгартириш киритишни режалаштирмоқда. 20 июлдан 30 августга қадар Суперлига жамоалари (Кубок баҳслари билан бирга) 9 та учрашувда майдонга тушишлари лозим. Тиғиз график сабабли «Пахтакор»нинг 16-тур доирасидаги «Бухоро»га қарши ўйини бошқа муддатга кўчирилиши мумкин. Ушбу баҳс ЖЧ-2026нинг ярим финал учрашувларидан кейинги бўш кунларга белгиланиши эҳтимоли юқори.
Ҳозирда Лига июль ойидан бошлаб ўтказиладиган учрашувларнинг аниқ саналар билан тасдиқланган тақвимини ишлаб чиқмоқда. Тез орада расмий саналар ПФЛ сайтида эълон қилинади.













