«Манчестер Юнайтед» клуби собиқ ҳужумчиси Луи Саа «қизил иблислар» раҳбариятига «Челси» ярим ҳимоячиси Энцо Фернандес трансфери устида ишлашни маслаҳат берди.
Саанинг фикрича, аргентиналик футболчи Манчестер клуби марказий чизиғини кучайтириш учун энг муносиб номзодлардан бири ҳисобланади.
«Менимча, Энцо Фернандес Бруну Фернандеш билан бир хил услубда ўйнамайди, лекин у барибир жамоа ярим ҳимоясига жуда яхши мос тушган бўларди. Унда тўп билан ишлашда хотиржамлик, юқори интеллект ва ҳужумларни ривожлантириш қобилияти бор.
У Кайседо каби тоза таянч ярим ҳимоячиси эмас, аммо унда ҳам агрессия ва юқори сифат мужассам. Агар уни сотиб олиш имкони бўлса, «МЮ» бу вариантни албатта кўриб чиқиши керак. Бу жуда мантиқий ва тўғри қарор бўларди», — дея Саанинг сўзларини келтирмоқда Goal нашри.
Маълумот ўрнида, 25 ёшли Энцо Фернандеснинг «Челси» билан амалдаги шартномаси 2032 йилга қадар мўлжалланган. Нуфузли Transfermarkt портали жаҳон чемпионининг бозор қийматини айни дамда 90 миллион еврога баҳоламоқда.













