Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия 0-0 Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР 2-3 Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн 0-1 Хитой
14/11 19:00 Кувайт 1-3 Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон 1-0 Фаластин
14/11 21:15 Ироқ 0-0 Иордания
14/11 21:15 Қатар 3-2 Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА 3-0 Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия - Япония

Биз билган ва билмаган Шацких

Баҳо:
+ | -

Кеча, 30 август куни Максим Шацких 35 ёшни қаршилади. Украина сайтларидан бири ҳужумчининг фаолиятига оид қизиқ ва кўпчиликка маълум бўлмаган 35та фактларни тақдим этди.

1. Шацкихнинг ота-онаси — рус.
Максимнинг ота-онаси ҳалигача Тошкентда яшашса ҳам, лекин уларнинг миллати рус. Улар 1966 йил 26 апрелдаги зилзиладан кейин Тошкентни қайтар қуриш учун келишган ва у ерда бутун умр қолиб кетишган. Футболчининг отаси прораб-қурувчи бўлиб ишлаган бўлса, онаси бутун умр заводда меҳнат қилган.

2. Максимнинг акаси — Ўзбекистон чемпионатининг икки карра тўпурари
Максимнинг Олег исмли акаси бор, у ҳам футболчи бўлган. Ўз вақтида у Киевнинг "Динамо" клуби кузатувида бўлган! "Мен улғайганимда кўп клублар бизни жуфтликда ҳужум чизиғида ўйнатиб кўришмоқчи бўлган, — дея эслайди Максим. — Ҳаттоки терма жамоага ҳам биргаликда таклиф қилишган. Аммо у буни рад қилган. Бунга маълум сабаблар бор эди. Сабаблар ҳақида ҳозир гапирмоқчи эмасман". Олег Шацких "Навбаҳор" сафида ўйнаб, Ўзбекистоннинг икки карра энг яхши футболчиси бўлган. 1995 йилда эса Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси деб топилган. Афсуски, жароҳат туфайли у фаолиятини давом эттира олмаган. Икки йил аввал у Одессанинг "Черноморец" клуби кўригида бўлди, лекин ўзини кўрсата олмади.

3. Киевнинг "Динамо" клуби — Максим Шацкихнинг футболдаги биринчи ва ягона муҳаббати.

4. Дарвозабон бўлишни истаган
Кичкина Макс футболдаги илк қадамларини "Пахтакор" футбол мактабида ташлаган. Ўша пайтда унга дарвозада туриш ёқарди. Лекин болалар жамоаси мураббийи Сергей Михайлович Ковалев болакайда тезкорлик йўқлигини сезиб, уни ҳужумга ўтказган.

5. 15 ёшида "Тоттенхэм" эътиборини тортган
15 ёшли Максим Англияда ўтказилган халқаро мусобақада тўпурар бўлган. Унда "Пахтакор" 1-ўринни эгаллаганди. Ўшандаёқ ўзбекистонлик ҳужумчи "Тоттенхэм" скаутлари эътиборига тушган. Аниқроқ айтганда, "шпорлар"нинг даниялик мутахассиси Франк Арнесен уни кўз остига олиб қўйган.

6. 17 ёшида Ўзбекистон Иккинчи лигаси тўпурари бўлди
Максим Шацких ўзининг катта футболдаги дебютини "Пахтакор" футбол мактабининг 1978 йилда туғилган битирувчилари асосида ташкил этилган "ЮТКО" жамоасида ўтказди. Ушбу клуби иккинчи лигада ўйнади ва 17 ёшли Шацких тўпурарга айланди. У 34 ўйинда 22та гол уришга муваффақ бўлди.

7. Биринчи лига жамоаси Олий лигага чиқишига ёрдам берди
1995 йилнинг сўнгида Тошкентнинг "Чилонзор" клуби Максим Шацкихни Олий лигага чиқиш учун ҳал қилувчи 4та ўйинга ижарага олди. Шацких ушбу ўйинларда муваффақиятли ҳаракат қилиб, бир нечта голлар урди ва "Чилонзор"нинг Олий лига йўлланмасини қўлга киритди.

8. "Спартак"ка ўтиши мумкин эди
Россия чемпионатининг барча қуйи лигаларида ўйнаб чиққан Шацких, мамлакатнинг кучли жамоаларига киришга уриниб кўрди. Ҳужумчи Москванинг "Спартак" жамоаси билан Исроилдаги йиғинга борди. Лекин Олег Романцев Максимда ажралиб турувчи ҳеч қандай хислат кўрмади. Шунга қарамай, футболчини олиб кетиш учун Киевдан вакиллар ташриф буюришганида, уни дарҳол эсга олишди. Аммо кеч бўлганди. Ўзининг қадрини биладиган футболчи "қизил-оқлар"нинг таклифини қатъий рад қилди. "Агар мени Киевнинг "Динамо" жамоасига қабул қилишмаганида ҳам, мен "Спартак"ка бормасдим", дея эслайди Максим.

9. "Зенит"да ўйнаши ҳам мумкин эди
"Спартак"дан кейин Шацкихни Анатолий Бишовец кўрикка чақирди. Петербургда ҳаттоки унга шартнома ҳам таклиф қилишди, аммо бу жамоа ёш футболчининг кўнглига "ўтирмади". Макс Калининград вариантини танлади ва кейинчалик бу қарордан асло афсусланмади.

10. Еврокубоклардаги дебюти "дубл" билан нишонлади
"Динамо" сафидаги ўзининг халқаро ўйиндаги илк голларини 1999 йили киритганди. "Жальгирис" дарвозасига у 2та тўп киритиб, киевликларнинг меҳрини қозонганди. Ўшанда "Динамо"ни асосий юлдуз Андрей Шевченко тарк этган пайтлар эди.

11. "Спорт-Экспресс" журналистлари билан можаро
2004 йилнинг июль ойида Шацких ва "Спорт-Экспресс" газетаси журналисти Дмитрий Ильченко ўртасида можаро юзага келганди. Журналист футболчининг сўзларини бошқа талқинда ўқувчиларга етказган. "Эълон қилинган материалда мен журналистнинг шахсий фантазияларини ўқигандим, — дейди ажабланган Максим. — Мен гапирмаган гапларни у ёзганди. Бундан ташқари, Ильченко ўзига алоқаси бўлмаган нарсага мени ҳам алоқадор қилиб қўйганди. Нима деб ўйлайсиз, "Закарпатье"га қарши иккинчи тур ўйинида алмаштирилмаган бўлсам, буни қандай қилиб муҳокама қилишим мумкин? Ҳаммасидан ошиб тушгани, у ўзининг Нанни ва Верпаковский ҳақидаги фикрларини менинг устимга қуриб, мени руҳий барқарорликдан чиқаришга уринганди. Қанақасига бундай бўлиши мумкин? Ахир бу мураббийларнинг, футбол мутахассисларининг, ва ниҳоят, мухлисларнинг ҳуқуқлари ҳисобланади...".

12. Шацкихнинг аёли — Максим фаолияти тарихининг бош қўриқчиси
Футболчининг аёли — Олеся бир нечта спорт нашларига обуна бўлган ва ўз эри ҳақида матбуот эълон қилинган маълумотларни билан танишиб боришга ҳаракат қилади. Шунингдек, Олеся Шацкихнинг фаолиятига оид барча видеолавҳаларни, унинг голларини ва Максим алмашган футболкаларни тўплаб боради.

13. "Бой" лақабини Чубаров берган
Максга "Бой" лақабини "Динамо" Киевнинг машҳур маъмури Александр Чубаров берган. "Бу лақаб менга "Динамо" пайтидан мерос қолган. "Бой" — бой инсон. Марказий Осиёда бу ибора ўзига тўқ инсонларга нисбатан ишлатилади. Мени Чубаров шундай деб чақирганди, — дея эслайди Максим. — Ўша пайтда бизга инглиз тилини ўқитишганди ва дарслардан биридан мендан лақабим ҳақида сўрашди. Мен "Бой" дедим. Ўшандан бери бу лақаб мен билан бирга. "Динамо"да бирга ўйнгана футболчилар ҳалигача мени бу лақаб билан чақиришади".

14. Папе Диакате билан жанжал
Шацких майдонда ҳеч қачон таслим бўлмайди ва охиригача курашади. Машғулотлардаги тинимсиз меҳнатсиз у бунга эриша олмасди. У машғулотда ҳам ютқазишни истамайди. Шундай кунларнинг бирида Шацких "Динамо"да биринчи марта машғулот ўтказаётган Папе Диакате билан уришиб кетган. Яхшиямки, ўшанда бу нарса жиддий жанжалга айланиб кетмади. Футболчилар тезда келишиб кетишди.

15. Цунамидан омон қолган
2004 йилнинг декабрь ойида Максим таътилнинг бир қисмини ўтказиш учун Мальдив оролларига бормоқчи бўлган, лекин бу фикрдан қайтган. Кейинчалик бу ерни цунами босганди.

16. Ўзбекистон терма жамоаси дарвозасига 2та гол
2005 йилнинг қишида Максим Ўзбекистон терма жамоаси дарвозасига 2та гол урганди! Қишки йиғин даврида "Динамо" Ўзбекистон терма жамоаси билан назорат ўйинини ўтказди (3:3). Шацких эса 2та гол уришдан  ташқари битта голга ҳам ассистентлик қилганди.

17. Максим Шацких клуби асосчиси
Легионер-тўпурарлар клуби Максим Шацких номи билан аталди. Унга украин клублари сафида камида 40та гол урган футболчилар аъзо қилинади. Макснинг ҳисобида эса 165та гол бор. Унинг энг яқин таъқибчиси, "Шахтёр"нинг собиқ футболчиси Брандао эса 91та голга эга.

18. Туманли Альбионга кўчиб ўтиши мумкин эди
Максим Шацких фаолиятининг чўққисига чиққанида у билан Англиянинг "Ньюкасл", "Вест Хэм", "Вест Бромвич Альбион", Туркиянинг "Галатасарой", шунингдек, Россиянинг "Крилья Советов" клублари қизиқиш билдиришган. Аммо клуб хўжайини Игорь Суркис томонидан футболчига нисбатан қўйилган баҳо бу клубларни чўчитиб юборганди — 5.5 млн евро. "Динамо"даги фаолияти якунланаётганда эса у Польшанинг "Висла", Луцкнинг "Волинь" (бу клубга уни Анатолий Демьяненко таклиф қилганди), шунингдек, Краснодарнинг "Кубань" клубларига ўтиши ҳам мумкин эди. Лекин Шацких ҳеч қачон "Шахтёр" жамоаси шарафини ҳимоя қилмаган бўларди. Бу ҳақда интервьюларидан бирида таъкидлаб ўтди: "Шахтёр"га ўтиш? Йўқ, ҳеч қачон".

19. Қирувчи Макс 16
Киевликлар қанчалик ҳужумчини танқид қилишмасин, Шацких мухлислар меҳрини қозонган. 2009 йилнинг май ойида Максим Шацкихни қай тариқа тантанали кузатишганини ўз кўзларим билан кўрганман. Афсуски, Юрий Сёмин "Динамо"нинг "Шахтёр"га қарши сўнгги уй учрашувида Максга сўнгги ўйинни ўтказиш имконини бермади. Шунга қарамай, футболчи билан хайрлашув маросими чиройли ва таъсирчан кечганди. Шацкихнинг шарафига мухлислар миннатдорчилик сўзлари битилган бир нечта баннерларни кўтаришганди. Улкан баннер эса анча дабдали чиққанди: "MAX 16 қирувчи самолёти. 328 ҳарбий парвоз ва 142та аниқ нишон". Тўққиз йил давомида Шацких "Динамо" сафида шунча ўйинда иштирок этган ва гол урган. Макс кўзёшларини тутиб тура олмаганди... Қизиқ томони, асосий таркиб жамоалари ўртасидаги ўйиндан бир кун аввал Шацких "кончилар" дарвозасига гол урганди.

20. Титов ва Тихонов билан бирга ўйнаган
"Динамо" билан шартнома якунига етиши билан Максим Қозоғистонни забт этиш учун йўл олди. Астананинг "Локомотив" жамоасига уни Сергей Юран таклиф қилди. Шацкихдан ташқари "темирйўлчилар" шарафини Егор Титов ва Андрей Тихонов ҳимоя қилишганди. Ҳужум чизиғида у ўзининг деярли фамилиядоши Александр Шатских билан жуфтлик ҳосил қилганди. Тўғри, Макс Астанада узоқ қолиб кетмади. Клуб молиявий муаммоларга дуч келди. Натижада жамоа юлдуз футболчилар билан шартномаларни бекор қилди.

21. Автомашинасини ўғирлатганди
2009 йилнинг ёзида Шацких ёқимсиз воқеани бошидан ўтказганди. Футболчи Қозоғистонда ўйнаётганида, Киевда унинг 120 минг доллар турадиган "Лексус"ини ўғирлаб кетишди. Максим йўқлигида ушбу машинани хотинининг укаси ҳайдаб юрарди. Ўғрилар бундан фойдаланиб қолишди. Ўғрилар дарҳол Максимга қўнғироқ қилишиб, милицияга ариза бермасликни ва барчасини тинч йўл билан ҳал қилишни таклиф қилишди. Бунинг учун Шацких 47 минг долларнинг баҳридан ўтса кифоя. Футболчи бу таклифга рози бўлди в пулни берганидан кейин машинасини соппа-соғ ҳолатда қайтариб олди. Кейинчалик ушбу воқеанинг тафсилотларини унинг аёли маълум қилганди: "Энг аламлиси, машина ҳақидаги маълумотларни бизнинг яқин кишимиз ўғриларга етказган. У футболчи эмас, аммо бизнинг ва "Динамо" оиласига яқин одам эди. Биз буни билганимизда шокка тушганмиз. Кейинчалик бу одамнинг қриндошлари келиб, биздан узр сўрашган. Пулни қайтаришга ваъда беришган. Биз бу инсонларга ишониб, ҳеч қандай эътирозимиз йўқлиги ҳақида милицияга ариза ёзиб берганмиз. Лекин пулни тўлиқ қайтаришмади — фақат ярмини беришди".

22. Шацкихнинг агенти — Украина чемпиони
Максим Шацкихнинг агенти собиқ футболчи Сефер Алибаев ҳисобланади. Бу агент нафақат ўзбекистон тўпурар, балки ўз вақтида Олег Шелаев ва Вячеслав Кернозенконинг ҳам ишларини юритган. Максим каби Алибаев ҳам Ўзбекистонда туғилган. У фтуболдаги илк қадамларини ўз Ватанида ташлаган. Кейинчалик эса Украинага кўчиб ўтиб, улкан ютуқларга эришган. Сефер ҳам худди Максим каби мустақил Украина чемпионатининг олтин медалига эга. У 1992 йили ташкил этилган мусобақада "Таврия" билан Александр Заяев қўлостида Украинанинг биринчи чемпионига айланган. "Биз оилавий борди-келди қилиб турамиз, — дейди Шацких агенти билан муносабатлари ҳақида гапираркан. — Болаларимиз ҳам ўзаро дўстона алоқада. Дам олиш кунлари бир-биримизнинг уйимизга меҳмонга бориб турамиз. Айнан Алибаевнинг ҳаракатлари билан "Арсенал"га ўтганман".

23. 15-рақамни қизимнинг шарафига олганман
"Арсенал" билан шартнома имзолаганидан кейин Максим Шацких 15-рақамни танлади. Унинг "Динамо"даги 16-рақами банд эди ва у 15-рақамни катта қизи Ренатанинг шарафига олган. Рената ўша пайтда 15 ёшга тўлганди. Маълумот ўрнида, Рената украин мактабида ўқимоқда ва украин тилини рус тилига нисбатан яхшироқ билади.

24. "Олтин тўп" эгаси
Максим Шацких совринлари орасида "Олтин тўп" ҳам бор! Ушбу совринни унга "Франс футбол" топширмаган, аммо бу соврин футболчи учун қадрли. Унга бу совринни "Арсенал" хўжайини Вадим Рабинович Украина чемпионатларида 100-голини ургани учун совға қилган. Шу билан бирга Шацких Украина клубларида 100 ва ундан кўп гол урган футболчи сифатида "Олег Блохин клуби"га аъзо бўлиб кирди. Ҳозирда унинг ҳисобида 165та гол бор.

25. Украина фуқароси
Шацких терма жамоадаги фаолиятини якунлаганидан кейин 2011 йилда Украина паспортини олди. Шунингдек, унинг хотини Олеся (Ўзбекистонда туғилган) ва икки нафар қизлари аллақачон Украина фуқаролигини қабул қилишган.

26. Россияга рад жавобини берган
Максим Шацких — ҳақиқий ватанпарвар. 1996 йилда уни Россия ёшлар терма жамоасига ва фуқароликни ўзгариришни таклиф қилишган. Максим эса қатъиян бунга рад жавобини берган: "Ватан танланмайди. Мен у ерда туғилдим, улғайдим... Мен осонгина қўнғироқ қилиб: "Йигитлар, кечирасизлар, мен фуқароликни ўзгартирдим", дейишим ҳам мумкин эди. Улар мени оёққа турғзишди, мен у ерда футбол сирларини ўргандим. Мен уларга керакман ва охиригача бирга бўламан".

27. Ҳайвонларни яхши кўради
Максим Шацких ҳайвонларни яхши кўради. Уйида йоркшир ити, британ мушуги Кнопа, шунингдек, "бомж"дан олган Вася лақабли оддий мушуги бор. Бундан ташқари, "Арсенал" ҳужумчиси ҳайвонот боғларининг ишқибози ҳисобланади: "Мен борган ҳар бир мамлакатдаги ҳайвонот боғига киришга ҳаракат қиламан. Кўпроқ йиртқич ҳайвонлар — оқ айиқ, шер, йўлбарсни яхши кураман.

28. Терма жамоада унга фақат сизлаб муомалада бўлишади
Терма жамоада Максга сизлаб мурожаат қилишади ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчига чуқур эҳтиром кўрсатишади. Миллий терма жамоа сафида Шацких 60та ўйин ўтказиб, 34та гол урган.

29. Ўзбекистон рекордчиси
2007 йилнинг октябрь ойида Максим Шацких Хитой Тайпейи дарвозасига 5та гол урган. Ўзбекистон бу ўйинда 9:0 ҳисобида ғалаба қозонган. Бунгача ҳеч бир ўзбек футболчиси терма жамоа сафида битта ўйинда бешта гол урмаганди.

30. Осиёнинг энг яхши ўйинчиси бўлишига бир баҳя қолганди
2005 йилда Максим Шацких "Осиёнинг энг яхши футболчиси" номинациясида иккинчи ўринни эгаллаган.

31. Ўзбекистоннинг энг кўп даромад топадиган спортчиси
ESPN The Magazine журналининг 2011 йил апрель ойидаги сонида ўз мамлакатида энг кўп даромад топадиган 182 нафар спортчининг рўйхати келтирилган. Ўша пайтда "Арсенал" шарафини ҳимоя қилаётган бугунги қаҳрамонимиз йилига 120 минг доллар даромад билан Ўзбекистоннинг энг кўп маблағ топадиган спортчиси сифатида эътироф этилганди.

32. Максим Шацких — Фредди Меркьюри ва "Queen" гуруҳи ишқибози. Шунингдек, КВНни жудаям яхши кўради.

33. Футболдан ташқари балиқ овини яхши кўради
Макс 12 ёшида 35 килоли сом балиғини тутган. Балиқни сувдан тортиб олишда унга отаси ёрдам берган. Бунга эса 50 дақиқа вақт кетган.

34. НБА ва НХЛдаги муҳитдан ҳайратда
Шацких учун энг ёдда қолган хорижий сафар — Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси сафида АҚШда, Нью-Йоркда ўтказилган халқаро турнир бўлган. Ўшанда жамоа НБА ва НХЛ ўйинларига киришган. Спорт мажмуасидаги муҳит бутун умр ёдида қолган.

35. Украинадаги энг чиройли гол танлови ғолиби
"Динамо" мухлислари Максим Шацкихни имкониятлардан фойдалана олмаслиги учун танқид қилиб келишган бўлса-да, 2005 йилги энг чиройли гол танловида ғолиб чиққанини кўпчилик билмаса керак. Ушба танлов "Команда" газетаси томонидан таъсис этилган. Лекин Шацких фаолиятида энг чиройли гол — Чемпионлар лигаси доирасида "Ньюкасл" дарвозасига урилган гол.

Манба: www.footballnews.com.ua
Киритилди: 15:23, 31.08.2013.
Ўқилди: 11524 марта.
Фикрлар: 37 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.