Sports.kz сайти томонидан таъсис этилган ва Қозоғистон Премьер-лигасининг ҳар ойдаги энг яхши футболчисини аниқлаб келаётган "Олмос" соврининг август ойи якунлари эълон қилинди. Унга кўра "Актобе" футболчиси Александр Гейнрих 3-ўринни эгаллади.
Сўровномада Премьер-лиганинг 12та клуби бош мураббийи ва ҳар бир клубнинг бир нафардан футболчиси иштирок этади. Улар 3 нафардан футболчига овоз беришади.
Александр Гейнрих сўровномада 16 очко жамғарди. Унга икки нафар иштирокчи 1-ўринни берган бўлса, 3 нафари уни 2-ўринда кўрсатган. Яна 4 нафар киши эса уни 3-ўринга муносиб деб топган. Натижада унинг ҳисобида 16 очко тўпланди.
Гейнрих август ойида жамоаси билан Европа лигаси саралаш босқичининг бир нечта ўйинларида иштирок этди. У Исландиянинг "Брейдаблик" ва Киевнинг "Динамо" клубларига қарши баҳсларда ўзининг энг яхши ўйинларини кўрсатди. Шунингдек, у мамлакат чемпионатида "Қайрат" дарвозасини ишғол қилди.
Дарвоқе, Гейнрихнинг ўзи ҳам сўровномада "Актобе" футболчиси сифатида ўз овози билан иштирок этган. Ҳамюртимиз "Шахтёр" ҳужумчиси Сергей Хижниченко, "Актобе" футболчилари — Марат Хайруллин ва Андрей Сидельниковга овоз берган.
Хижниченко эса энг кўп очко тўплаб, август ойида Премьер-лиганинг энг яхши футболчиси деб топилди. "Шахтёр" футболчиси ҳисобида 28 балл тўпланди (6та 1-ўрин ва 5та 2-ўрин). Иккинчи ўрин ҳам "Шахтёр" аъзоси Александр Мокинга насиб этди. Қарағандалик дарвозабон ЕЧЛ саралаш баҳсларида дарвозани ишончли қўриқлагани билан ёдда қолди. Мокин сўровномада 20 балл тўплади.
Сўровномада Шавкат Саломов ва Темур Кападзенинг ҳам номлари тилга олинган. Саломовни ўз мураббийи, "Жетису" устози Омари Тетрадзе 2-ўринда кўрсатган бўлса, Кападзега "Акжайик" мураббийи Любо Петрович 3-ўринни берган. Темур Кападзе июнь ойида Премьер-лиганинг энг яхши футбболчиси деб топилганини ҳам таъкидлаб ўтиш лозим.