«Челси» клуби чап қанот ҳимоячиси Марк Кукурелья Мадриднинг «Реал» клубига расман ўтиш арафасида турибди.
Якшанба куни маълум бўлишича, «қаймоқранглилар» ушбу трансфер борасида Лондон клуби ва футболчининг ўзи билан тўлиқ келишувга эришган. Cadena SER нашри тарқатган маълумотларга кўра, «қироллик клуби» ушбу битимни бугун — душанба куниёқ расман эълон қилиши кутилмоқда. Бу хабарни таниқли инсайдер Фабрицио Романо ҳам тасдиқлади.
Мавжуд маълумотларга кўра, «Реал» Марк Кукурельянинг трансфери учун 55 миллион евро тўлайди, яна 5 миллион евро эса бонуслар кўринишида амалга оширилиши мумкин. Қизиқарли жиҳати шундаки, яқингача 27 ёшли футболчи учун Ла Лиганинг бошқа грандлари — «Барселона» ва «Атлетико» асосий даъвогар ҳисобланаётган эди.













