«Лилль» клуби ва Марокаш терма жамоаси ярим ҳимоячиси Айюб Буадди Англия Премьер-лигасининг яна бир клуби — «Тоттенхэм» эътиборини тортди.
18 ёшли футболчининг Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичи 1-туридан ўрин олган Бразилия терма жамоасига қарши баҳсдаги (1:1) ёрқин ўйинидан сўнг, унинг эҳтимолий трансфери ҳақидаги миш-мишлар тезлик билан тарқала бошлади. Foot Mercato нашри берган маълумотларга кўра, ярим ҳимоячига даъвогарлар қаторига «Тоттенхэм» ҳам қўшилган. Ушбу трансфер қиймати 50 миллион евродан ошиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Айюб Буаддига Лондоннинг «Арсенал» клуби ҳам жиддий қизиқиш билдираётгани ҳақида хабар берилган эди. Бундан ташқари, порлаётган ёш юлдузнинг даъвогарлари қаторида «ПСЖ» ва «Ливерпуль» клублари номи ҳам тилга олинмоқда.













