Эроннинг "Mehr News" нашри журналисти ва эксперти Меҳди Мортазавиан ЖЧ-2026 доирасида Ўзбекистон ва Португалия терма жамоалари ўртасидаги бўлажак учрашув ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
«Ҳа, 2018 йилги жаҳон чемпионати гуруҳ босқичида Эрон Португалияга қарши жуда драматик ва унутилмас ўйин ўтказган эди. 1:1 ҳисобида якунланган ўша баҳс Эрон футболи тарихидаги энг муҳим учрашувлардан бири бўлиб қолган. Чунки биз ўшанда катта сенсация яратишга жуда яқин келгандик.
Агар Эрон ўша ўйинда ғалаба қозонганида, жамоа ўз тарихида илк бор плей-офф босқичига чиққан бўларди. Жаҳон футболи грандларидан бирига қарши тарихий натижа қайд этиш учун бизга жуда озгина нарса етишмаган эди. Ўша баҳс жаҳон чемпионати даражасида ҳар қандай кучли терма жамоага қарши муносиб қаршилик кўрсатиш мумкинлигини исботлади.
Менимча, бу Ўзбекистон учун муҳим сабоқ бўлиши мумкин. Жаҳон чемпионати кўпинча кутилмаган натижаларни тақдим этадиган турнир ҳисобланади. Грандларга қарши муносиб курашиш учун турнирда қатнашиш бўйича бой тарихга эга бўлиш шарт эмас. Энг муҳими — ўз кучига ишониш, тактик интизом ва муҳим вазиятлардан унумли фойдаланишдир.
Шунинг учун ҳам мен Ўзбекистон ушбу мусобақада исталган кучли жамоага, ҳатто Португалия каби машҳур рақибга қарши ҳам сенсация қайд этиши мумкин деб ҳисоблайман. Ўзбекистон таркибида иқтидорли футболчилар етарли, жамоанинг ўзига бўлган ишончи ошиб бормоқда, тарихий дебют эса қўшимча мотивация бағишламоқда. Бу омилларнинг барчаси катта кучга айланиши мумкин.
Эроннинг 2018 йилги жаҳон чемпионатида Португалияга қарши ўйинидан чиқариладиган асосий хулоса жуда оддий: рақибнинг номи ёки обрўсидан қўрқмаслик керак. Агар жамоа интизомли бўлса, ўзига ишонса ва яхши тайёргарлик кўрган бўлса, жаҳон чемпионатида ҳар қандай рақиб билан тенгма-тенг кураша олади», — деди Меҳди Мортазавиан.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоаси 23 июнь куни ЖЧ-2026 гуруҳ босқичининг иккинчи турида Португалияга қарши майдонга тушади. Биринчи турда Фабио Каннаваро шогирдлари Колумбияга 1:3 ҳисобида мағлуб бўлган эди.













