Германия терма жамоаси бош мураббийи Юлиан Нагельсманн Англия терма жамоаси устози Томас Тухелнинг фикрини қўллаб-қувватлади. Бундан олдинроқ Тухель Жаҳон чемпионати ўйинларида давлат мадҳиялари янграётган маҳал фотографларнинг жойлашувини кескин танқид қилган эди.
Тухелнинг сўзларига кўра, фотомухбирлар жамоалар захира ўриндиғига ҳаддан ташқари яқин келиб олишмоқда. Оқибатда мураббийлар штаби улардан бошқа ҳеч кимни, ҳатто ўз футболчиларини ҳам кўра олишмаяпти.
«Бу борада қанчалик шикоят қилишимиз тўғри бўлади, билмадим-у, лекин мен Тухелнинг фикрига мутлақо қўшиламан. Миллий мадҳия ижро этилаётган дақиқалар — жуда ҳиссиётли лаҳзалардир. Менда шундай таассурот уйғонмоқдаки, уларнинг улкан объективлари бир сантиметр масофадан туриб, ҳатто бурнимнинг ичидаги тукларни ҳам суратга олаётгандек», — дея Нагельсманннинг сўзларини келтиради «Globo Esporte».
Ушбу ноқулайликларга қарамай, инглизлар мундиал стартида Хорватия устидан ишончли ғалабага (4:2) эришишди. Германия терма жамоаси эса Кюрасаони тор-мор этганидан сўнг (7:1), иккинчи турда Кот-д'Ивуар тўсиғидан қийинчилик билан (2:1) ўтиб олди.













