Иордания Шаҳзодаси, Иордания футбол ассоциацияси президенти Али бин Ҳусайн кеча юртимизга ташриф буюрганидан хабарингиз бор. У Иордания терма жамоасининг ўйиндан олдинги расмий машғулотидан кейин футболчилар билан кечки овқат дастурхони устида суҳбатлашди. Суҳбат давомида мамлакат футболи раҳбари ўйиннинг муҳимлиги, ғалабани қўлга киритиб, Бразилияда ўтадиган ЖЧ йўлланмаси учун курашни давом эттириш кераклигини таъкидлади. Шунингдек, у ижобий натижа қайд этиш учун футболчиларнинг қобилияти ва имкониятларига ишонаётганини айтиб ўтди. Бунинг учун эса Аммонда бўлиб ўтган биринчи ўйинни (1:1) унутиб, фақат ушбу ўйинга эътиборни жалаш лозимлиги ҳақида гапирди.
Алининг фикрича, ўйин Тошкентда ўтаётганига қарамай, кейинги босқичга чиқиш учун ҳар иккала жамоанинг имкониятлари бир хил. "Ижобий натижани қўлга киритиши учун олдимизда тўқсон дақиқа бор. Ишончим комил, сизлар масъулиятни яхши ҳис қилиб турибсиз ва Иордания халқининг орзусини рўёбга чиқара оласизлар", дейди Бин Ҳусайн.
Ўз навбатида терма жамоанинг мисрларбош мураббийи Ҳуссом Ҳассан футболчиларнинг ўйинга жисмоний, техник ва руҳий жиҳатдан тайёр эканини таъкидлади: "Биз биринчи ўйиндан қолган ҳар қандай салбий таъсирлардан халос бўламиз. Биринчи ўйинни яхши ўрганиб чиқдик ва хатоларни тўғрилаб, уларни тўғрилашга ҳаракат қилдик. Сўнгги машғулотларда булар устида ишладик. Бу бизга кейинги босқичга чиқиш учун имкон бериши керак", деди мураббий.
Футболчилар ҳам ўйиннинг муҳимлигини англаб, масъулиятни тўлиқ ҳис қилишаётганини таъкидлашди.
Ушбу учрашувда Иорданиянинг Ўзбекистондаги элчиси Муҳаммад Балкар ва элчихонанинг бир қатор ходимлари иштирок этишди.