Ўзбекистон миллий терма жамоаси собиқ футболчиси Андрей Фёдоров Фабио Каннаваро бошчилигидаги миллий жамоанинг ЖЧ-2026даги муваффақиятсиз иштироки ҳақида ўз фикрини билдирди.
«Мен Каннаварони Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинламаган бўлардим, балки Кападзени қолдирган маъқул эди. У терма жамоа бош мураббийи сифатидаги вазифаларни яхши уддалаётганди. Каннаваронинг Ўзбекистонда ишлашдан ўз манфаати (мотивацияси) бор», — дея собиқ футболчининг сўзларидан иқтибос келтиради Metaratings.ru.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоаси ўз тарихида илк бор мундиалда иштирок этмоқда. Каннаваро шогирдлари гуруҳ босқичида иккита ўйин ўтказиб, ҳали очко жамғара олишмади. Жаҳон чемпионатининг старт турида Ўзбекистон Колумбияга имкониятни бой берди (1:3), шундан сўнг Португалиядан жавобсиз бешта гол ўтказиб юборди. 3-турда терма жамоа Конго ДР билан тўқнаш келади, ўйин 28 июнь куни бўлиб ўтади.













