«Манчестер Юнайтед»нинг собиқ ҳужумчиси Уэйн Руни ЖЧ-2026да Англия терма жамоасининг ўйини борасида хавотирларини билдирди.
Томас Тухель жамоаси 1/16 финалда ДР Конго терма жамоасини мағлуб этди (2:1). Кейинги босқичда инглизлар Мексикага қарши ўйнайди.
«Менда жиддий хавотирлар бор. Албатта, Англия кейинги босқичга чиққанидан хурсандман, лекин хавотирланиш учун сабаблар жуда кўп.
Биринчи навбатда, Англия тўпни йўқотганда, жамоа жуда заиф бўлиб қоляпти. ДР Конгога тан бериш керак, аммо кучлироқ рақибга қарши ўйинда, агар буни тузатмасак, бизни катта муаммолар кутмоқда.
Бизда майдон маркази ҳаддан ташқари очиқ қолиб кетяпти. Менимча, ҳимоя чизиғи ва ярим ҳимоя ўртасидаги боғлиқлик анча заиф. Қанот ҳимоячилари жиддий қийинчиликларга дуч келишмоқда. Нико О’Райли бугун яхши ўйнади, лекин умуман олганда, қанот ҳимоячиларида катта муаммолар бор.
Мадуэке ҳам энг яхши ўйинини кўрсата олмади – футболчилар ўртасида шунчаки ўзаро тушуниш йўқ. Майдон марказида улкан бўшлиқлар пайдо бўлмоқда ва айнан мана шу нарса мени энг кўп ташвишга солмоқда.
Ҳаддан ташқари пессимистик кўринишни хоҳламайман, лекин кўрганларимни очиқ айтишга мажбурман. Бу гаплар фақат шу ўйин ҳақида эмас – бундан олдинги баҳсларда ҳам шундай ҳолат кузатилганди.
Бу Томас Тухелга саволларнинг жавобини бермоқда. Аввалроқ айтганимдек, у энди нима билан тўқнаш келаётганини тушуниб турибди ва бу муаммолар билан жиддий шуғулланиши керак. Акс ҳолда, мусобақани тарк этамиз», – деди Руни BBC эфирида.













