Англия терма жамоасини, кутилганидек, жаҳон чемпионатининг 1/8 финалида маҳаллий терма жамоага қарши ўйин олдидан Мексикада совуқ кутиб олишди. Жамоа меҳмонхонага етиб келган вақтда юзлаб маҳаллий мухлислар инглиз футболчиларини ҳуштаклар билан кутиб олишди, деб қайд этмоқда BBC.
Ўйинга бўлган қизиқиш юқорилиги сабабли расмийлар хавфсизлик чораларини кучайтирди. Меҳмонхона атрофига полиция ходимлари ва Мексика Миллий гвардияси жангчилари жойлаштирилди, туташ кўчалар эса тўсиқлар билан ёпилди.
Инглизлар Эквадор терма жамоаси билан содир бўлган вазият такрорланишидан қўрқиб, яшаш жойларини сир сақлашга ҳаракат қилишган эди. Мексикага қарши 1/16 финал учрашуви олдидан Эквадор футболчилари меҳмонхона яқинидаги шовқиндан ФИФАга шикоят қилишганди: мексикаликлар ярим кечаси карнайлар, машина сигналлари ва мотоцикллардан фойдаланиб, жамоанинг ухлашига халақит беришган. Натижада эквадорликлар турнир мезбонларига 0:2 ҳисобида имкониятни бой беришди.
Бундан ташқари, об-ҳаво шароити туфайли ҳам қўшимча қийинчиликлар юзага келди. ФИФА кутилаётган момақалдироқлар сабабли учрашув бошланиш вақтини бирданига 6 соатга суришни кўриб чиқди, бироқ Англия футбол ассоциацияси ва Мексика футбол федерацияси билан муҳокамалардан сўнг вақт ўзгаришсиз қолди.
Англия жамоаси учун яна бир синов денгиз сатҳидан баландлик бўлади. Ўйин денгиз сатҳидан тахминан 2240 метр баландликда жойлашган шаҳарда бўлиб ўтади. Кислород миқдори пастлиги сабабли футболчиларга жисмоний юкламаларни кўтариш қийинроқ бўлади.
Англия ва Мексика ўртасидаги 1/8 финал учрашуви 6 июль куни бўлиб ўтади ва Тошкент вақти билан соат 05:00 да бошланади.













