Испания терма жамоаси бош мураббийи Луис де ла Фуэнте Франция устидан қозонилган ғалаба ва ЖЧ–2026 финалига чиққанидан сўнг ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.
Мутахассис ярим финалда майдонга тушмаган футболчиларнинг муносабатига алоҳида тўхталди. Унинг таъкидлашича, улар учрашув тугаганидан кейин ҳам машғулотларни давом эттиришган.
«Бугун майдонга тушмаган барча футболчилар машғулотларда қолишди. Бу жамоамиз қандай характерга эга эканини яққол кўрсатади», — деди де ла Фуэнте DAZN'га берган интервьюсида.
Шунингдек, испаниялик мураббий терма жамоа бошқарувига келган дастлабки даврларини эслаб, бугунги натижани тасодиф деб ҳисобламаслигини таъкидлади.
«Ҳаёт шундай. Мен кўп жиҳатдан эътиқодимга таянаман ва бундай воқеалар тасодифан юз бермаслигини яхши тушунаман. Балки бу тақдирга битилгандир. Ҳозир биз энг катта мақсадга жуда яқинмиз. Менинг хизматим бошқаларникидан ортиқ эмас, аммо ҳеч қачон меҳнат қилишдан тўхтамаганман. Йиқиласан, кейин яна туриб олға ҳаракат қиласан. Ўзимни кимгадир намуна деб билмайман, аммо агар менинг ҳаёт йўлим кимгадир ёрдам берса, бундан фақат хурсанд бўламан. Илгари ким биз бу даражагача етиб келишимизни айтган бўларди? Ва мен доимо айтганимдек: нега энди йўқ?» — деди мураббий.
Эслатиб ўтамиз, Испания ярим финалда Францияни 2:0 ҳисобида мағлуб этиб, ЖЧ–2026 финалига йўл олди. Энди испанияликлар ҳал қилувчи баҳсда Англия — Аргентина жуфтлиги ғолиби билан куч синашади.













