Тошкентда «Локомотив»га қарши кечган шиддатли баҳсда «Андижон»нинг учинчи голига муаллифлик қилган Ҳамидулло Каримов Суперлигадаги дебют голини киритишга муваффақ бўлди.
U21 чемпионатида тўпурарлар сафида бораётган иқтидорли ҳужумчи энди Суперлигада ҳам ўзининг голлар ҳисобига старт берди.
У «Андижон» клуби матбуот хизмати саволларига жавоб берди.
— Ҳамидулло, «Локомотив»га қарши ўйинда асосий жамоадаги дебют голингизни урдингиз. Бундан аввал Кубок баҳсида ҳам гол урган эдингиз. Аммо Суперлигадаги илк голингизнинг ҳиссиётлари қандай?
— Албатта, ҳиссиётларимни сўз билан ифодалаш қийин. Бу мен учун унутилмас кун бўлди. Кубок баҳсида ҳам гол урган эдим, аммо Суперлигадаги илк голимнинг аҳамияти бошқача. Аввало, менга ишонч билдирган мураббийлар штабига, жамоадошларимга ва бизни қўллаб-қувватлаган мухлисларимизга катта раҳмат айтаман. Бу гол менга янада катта ишонч бағишлади. Энди шу билан тўхтаб қолмасдан, янада кўпроқ меҳнат қилиб, жамоамга кўпроқ фойда келтиришга ҳаракат қиламан.
— Ўйиннинг охирги дақиқаларида захирадан майдонга тушаётганингизда нималарни ўйладингиз? Мураббийлар қандай кўрсатма беришди?
— Ҳа, ўйиннинг сўнгги дақиқалари эди. Майдонга тушишим билан жамоага фойдам тегиши ҳақида ўйладим. Ҳар бир имкониятдан унумли фойдаланишга ҳаракат қилдим. Мураббийлар эса хотиржам ўйнаш, ҳужумда фаол бўлиш ва рақиб ҳимоячиларига босим ўтказиш бўйича кўрсатма беришди. Шу вазифаларни бажаришга интилдим ва бахтимга гол уриш насиб қилди.
— Қизиғи, сиз ўринбосарлар жамоаси сафида ҳам бир кун аввал «Локомотив» дарвозасини ишғол қилгандингиз. Асосий жамоалар баҳсида ҳам гол урдингиз. Буни кутганмидингиз?
— Ҳа, ростдан ҳам қизиқ ҳолат бўлди. Бир кун аввал ўринбосарлар таркибида ҳам «Локомотив»га қарши гол ургандим. Албатта, иккинчи куни ҳам гол ураман, деб аниқ ўйламаганман. Лекин майдонга тушсам, жамоамга фойда келтириш ва имконият бўлса, гол уриш ҳақида ўйлаганман. Худога шукур, ҳаммаси кўнгилдагидек бўлди. Бу мен учун катта мотивация ва келгуси ўйинларда янада кўпроқ меҳнат қилишга ундайди.
— Гол ураётганингизда дарвозабон билан тўқнашиб кетдингиз. Жароҳат жиддий эмасми?
— Ҳа, ўша вазиятда дарвозабон билан тўқнашув бўлди. Бироз оғриқ сезилди, лекин ҳозир ўзимни яхши ҳис қилаяпман. Шукрки, жиддий жароҳат йўқ. Энг муҳими, жамоамга фойда келтириб, гол уришга муваффақ бўлганимдан хурсандман.
— Голингизни кимга бағишладингиз?
— Ростини айтсам, бу голни мени қўллаб-қувватлаб келаётган барча инсонларга бағишлайман. Бу ҳали бошланиши. Олдинда янада кўпроқ меҳнат қилиб, уларни хурсанд қилишга ҳаракат қиламан.













