The Telegraph нашри берган хабарга кўра, «Ноттингем Форест» ушбу ёзги трансфер ойнасида янги ҳужумчи сотиб олишни устувор вазифа қилиб белгилаган ва «Челси» форварди Лиам Делап клубнинг узоқ муддатли нишонларидан бири сифатида қолмоқда.
Манбанинг қайд этишича, «Форест» раҳбарияти Крис Вуд билан муносиб рақобатлаша оладиган, тезкор, жисмонан бақувват ва мавсумда камида 10 тадан ортиқ гол уришга қодир бўлган ҳужумчини таркибга қўшиб олмоқчи.
«Ўрмончилар» бу каби трансферни амалга ошириш, айниқса еврокубокларсиз ўйинчиларни жалб қилиш қийин ва қимматга тушишини яхши англаб туришибди. Делап ўтган йили клуб билан музокаралар ўтказганидан сўнг номзодлар рўйхатидан жой олган. Бундан ташқари, «Форест»нинг янги бош мураббийи Оливер Гласнер ҳам «Челси» форвардининг ўйин услубига юқори баҳо бериши айтилмоқда.
34 ёшли Крис Вуд тиззасидан олган жароҳати сабабли ўтган мавсумнинг салмоқли қисмини ўтказиб юборган эди, бироқ ундан олдинги мавсумда Премьер-лига доирасида рақиблар дарвозасига 20 та гол уришга эришган.
Янги Зеландия терма жамоаси аъзоси «Сити Граунд»да ҳали ҳам муҳим фигура бўлиб қолмоқда, шундай бўлса-да, «Ноттингем Форест» янги мавсум олдидан ҳужум чизиғини янада кучайтириш ниятида.













