Профессионал футбол лигаси «Бунёдкор» клубининг оғир молиявий аҳволини инобатга олган ҳолда, Суперлиганинг 16-туридан ўрин олган ОКМКга қарши уй учрашувини ташкил этиш бўйича клубга амалий ёрдам кўрсатишини маълум қилди.
Аввалроқ «Бунёдкор» молиявий қийинчиликлар сабабли Суперлиганинг 15-турида «Қизилқум»га қарши Навоийда ўтадиган сафар учрашувига бора олмаслигини маълум қилган эди. Бу каби ҳолат клуб тарихида илк бор кузатилмоқда.
Шунингдек, жаҳон чемпионати муносабати билан юзага келган танаффусдан кейин ҳам «Бунёдкор» ўз майдонида расмий учрашувлар ўтказа олмаяпти. Жумладан, «Насаф»га қарши баҳс Олимпия стадионида ташкил этилди, кейинчалик эса стадион тайёр эмаслиги сабабли «Пахтакор»га қарши Тошкент дербиси рақиб майдонига кўчирилди.
Лига маълум қилишича, «Бунёдкор» «Қизилқум»га қарши баҳсга ҳатто ўринбосарлар таркиби билан ҳам йўл олиши мумкин эди. Бироқ клуб ҳисоб рақамининг солиқ қарздорлиги туфайли фаол эмаслиги сафар харажатларини қоплаш имконини бермаган.
31 июль куни Лига ва «Бунёдкор» маркетинг бўлимлари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Унда 8 август куни бўлиб ўтадиган «Бунёдкор» — ОКМК учрашуви учун чипталарни электрон тарзда сотиш таклифи илгари сурилди.
Ушбу ташаббусни iTicket платформаси қўллаб-қувватлаб, мажбурий солиқ тўловлари сақлаб қолинган ҳолда, мазкур учрашув учун хизмат кўрсатишдан олинадиган комиссия тўловисиз «Бунёдкор»га амалий ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.
Шу тариқа, «Бунёдкор» мухлислари ва мамлакат футболи ихлосмандлари ОКМКга қарши учрашув учун чипта харид қилиш орқали клубни қўллаб-қувватлаш имкониятига эга бўлади. Чипта нархлари ва бошқа ташкилий масалалар ҳақида клуб қўшимча маълумот беради.
Профессионал футбол лигаси мазкур учрашувни ўз ахборот платформаларида фаол ёритишини маълум қилди. Шунингдек, мамлакат футболига бефарқ бўлмаган оммавий ахборот воситалари ва блогерларни ҳам «Бунёдкор» — ОКМК учрашуви чипталари савдосини кенг ёритишга чақирди.













