"Болонья" ҳужум чизиғини "Фиорентина" форварди Роберто Пикколи билан кучайтирди.
25 ёшли ҳужумчи "Болонья" сафига 2027 йил 30 июнга қадар ижара асосида қўшилди. Келишувда маълум шартлар бажарилган тақдирда футболчини мажбурий тарзда сотиб олиш банди ҳам мавжуд.
Хабарларга кўра, Пикколининг кейинги тўлиқ трансфери 18 млн еврога тушади. Бундан ташқари, яна 2 млн евро миқдорида бонуслар ҳам кўзда тутилган.
Пикколи 2025 йил ёзида "Кальяри"дан "Фиорентина"га 25 млн евро эвазига ўтган эди.
У Флоренция клуби сафида барча мусобақалар доирасида 43 та ўйинда майдонга тушиб, 8 та гол урди ва 2 та голли узатмани амалга оширди.













