«Ланс» бош мураббийи Дино Топпмёллер Франция Суперкубоги финалида «ПСЖ» устидан қозонилган 1:0 ҳисобидаги сенсацион ғалабадан сўнг ўз таассуротлари билан ўртоқлашди. Эътиборлиси, «Ланс» 45 дақиқадан ортиқ вақт давомида майдонда бир киши кам бўлиб ҳаракат қилди.
«Бу жуда ўзгача туйғу. Бу менинг бу ердаги, мухлисларимиз қаршисидаги илк расмий ўйиним эди. Бу ҳақиқатан ҳам бутун жамоанинг ва ходимларнинг биргаликдаги ғалабаси бўлди. Стадиондаги атмосфера клуб учун ушбу титулни қўлга киритишимизда жуда катта ёрдам берди.
Мени жуда катта фахр туйғуси қамраб олди, чунки футболчилар майдонда бор кучларини беришди. Техник жиҳатдан жуда кучли ва жарима майдончасида хавфли бўлган жамоага қарши ўйин жуда оғир кечишини билардик. Қарши ҳужумларда имкониятимиз бўлишини тушуниб тургандик. Бугун жамоа чин дилдан, жон жаҳди билан ўйнади. Буни ҳамма кўрди ва мен учун энг муҳими шу.
Такрорлайман, футболда ҳар доим ҳам ижобий натижага кафолат бериб бўлмайди. Лекин бошқа томондан, биз ҳамиша майдонда бор кучимизни беришимиз шарт. Бундай мухлислар қўллаб-қувватлови билан эса ҳар қандай рақибни мағлуб эта оламиз», — дейди Топпмёллер Footmercato нашрига.













