"Зенит" клуби ўз сафига Одил Аҳмедовни қўшиб олиш масаласини кўриб чиқмоқда. Санкт-петербургликлар қишки трансфер вақтида Ўзбекистон терма жамоасининг ярим ҳимоячисини ўз сафларига қўшиб олишлари мумкин.
"Известия" газетасининг хабар тарқатишича, меҳнаткаш ва иқтидорли футболчига "Зенит" бош мураббийи Лучано Спалетти қизиқиб қолган. Мутахассис жамоанинг қария футболчиси Константин Зиряновнинг ўрнида айнан Одилни ўйнатмоқчи. Томонлар ўзаро музокара ўтказишга улгуришди ва Аҳмедов қишда Санкт-Петербургга кўчиб ўтиши мумкин. Трансфер нархи 10 миллион еврони ташкил этади.
"Зенит"нинг собиқ футболчиси Александр Пановнинг фикрича, Аҳмедовни қўлга киритиш раҳбарият томонидан яхши ўйланган ва ўзини оқлайдиган қарор бўлади. Боиси, жамоа айнан таянч зонасида муаммоларга дуч келмоқда.
— Игорь Денисов "Зенит"ни тарк этганидан кейин жамоа таянч зонасида яхши футболчига эҳтиёж сеза бошлагани кўриниб турибди, — дейди Панов. — Жамоанинг ҳозирги таркибида ушбу амплуада бир нафар футболчи бор — Тимошчук, лекин Анатолийнинг ёши катта бўлиб қолди ва у кам ўйин амалиётига эга бўлмоқда. Витсель бор, аммо белгиьялик футболчи — классик марказий ҳимоячи. У жамоанинг ҳужумида ҳам, ҳимоясида ҳам иштирок этиб, клубнинг ўйин ритмини аниқлаб беради. Энг аввало жамоа Одил Аҳмедов каби абжир таянч ярим ҳимоячисини таклиф қилиши лозим. "Атлетико"га қарши ўйин кўрсатиб бердики, "Зенит" ҳимоявий ўйинда муаммоларга эга.
Одил Аҳмедов "Пахтакор" клуби тарбияланувчиси ҳисобланади. У шонли жамоанинг асосий таркибига 2006 йилдан бошлаб кира бошлаган. Ўшанда жамоани россиялик мутахассис Валерий Непомняший бошқарарди. Мураббийнинг фикрича, "Анжи" ярим ҳимоячиси юқори амбицияга эга бўлган ҳар қандай жамоани кучайтира олади.
— Мен Одил Аҳмедовни идеаллаштирмоқчи эмасман. Аммо унинг профессионал жиҳатлари ҳақида гапирганда, ундан заррача бўлса ҳам нуқсон ва камчилик топа олмайман, — дейди Непомняший. — Ушбу футболчи — ҳар қандай жамоа учун топилманинг ўзгинаси. Аҳмедов майдон марказининг исталган жойида ўйнай олади. Ҳам яратувчи, ҳам бузувчи вазифасини аъло даражада бажара олади. Сўнгги пайтларда "Анжи"нинг асосий таркибида Одилга нима учун жой топилмаётганига мен ҳаттоки тушунмаяпман. Унинг инсоний сифатларига тўхталадиган бўлсам, Аҳмедов — ноёб одам. Яхши тарбияга эга, уруш-жанжал чиқармайди, ҳамиша жамоадошлари ва мураббийлар штаби билан яхши тил топишади. Ўзбекистонлик ярим ҳимоячи ҳар қандай жамоани кучайтира олади, жумладан, Европанинг топ жамоаларини ҳам. Бунга ишончим комил.
2011 йилнинг февраль ойида Аҳмедов Махачқалъанинг "Анжи" клубидан ижарага олинганди. Ижара шартномаси муддати тугаши билан доғистонликлар унинг трансфер ҳуқуқини сотиб олишга қарор қилишди ва адашишмади. 2011 йил якуни бўйича Одил "Анжи"нинг энг яхши футболчиси деб топилди. "Анжи" ривожланиш йўналишини ўзгартирганидан кейин ҳам футболчи жамоада қолишга қарор қилди. Ҳозирги кунда у "Анжи" етакчиси ҳисобланади. Аҳмедов Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида 52та ўйинда майдонга тушиб, 7та гол урган.
Махачқалъаликлар ва футболчи ўртасида мавжуд шартнома 2015 йилнинг ёзига қадар амалда бўлади. Transfermart.de сайти Аҳмедовнинг трансфер баҳосини 6 миллион еврога баҳолаган. Ёзда эса Россиянинг бошқа бир жамоаси "Краснодар" Аҳмедов учун 9 миллион евро таклиф қилганди. Аммо футболчининг ўзи ҳам, клуб ҳам бу трансферга рози бўлишмаганди.