«Галатасарой» «Штутгарт» ҳужумчиси Эрмедин Демирович трансфери бўйича келишувга эришишга яқин турибди. Бу ҳақда инсайдер Ягиз Сабунжуўғли X ижтимоий тармоғида хабар берди.
Манба маълумотига кўра, Туркия клуби Босния ва Герцеговина терма жамоасининг 28 ёшли футболчисини 20 миллион евро эвазига сотиб олишни режалаштирмоқда.
Демировичнинг «Штутгарт» билан амалдаги шартномаси 2028 йилга қадар мўлжалланган. Transfermarkt портали ҳужумчининг бозор қийматини 22 миллион еврога баҳоламоқда.
Ўтган мавсумда Демирович барча мусобақалар доирасида 38 та учрашувда майдонга тушиб, 15 та гол урди ва 5 та голли узатмани амалга оширди.
Шунингдек, ҳужумчи 2026 йилги Жаҳон чемпионатида Босния ва Герцеговина терма жамоасининг тўртта учрашувида ҳам асосий таркибда майдонга тушди.













