Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Мен кимман..?

Баҳо:
+5 | -

P/S: Бу ҳикояни анчадан бери ёзаман деб кўнгилга тугиб қуйгандим, буни қарангки, савил иш, ўқиш билан бўлиб бунга қўлим етмай турганди, десам сал баҳона қилганга ўхшаб қоламан. Инчунун, илгари бу мавзуда бирон бир жўяли ижодий иш қилмаганлик важидан озроқ ҳадиксираганим ҳам бор гап. Бироқ, айни пайтда халқ дарди билан яшайдиган қалам аҳли сийраклашди, чамамда (ёши улуғроқ ёзувчиларимизни инобатга олмасак, бирон-бир дуруст қалам тебратадиган ёзувчи қўл билан санагулик ҳолатга келиб қолди). Хуллас, ҳикоянинг асосий мавзусига қайтсам, сўнгги пайтда Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳақидаги узун қулоқ гаплар ҳамда унинг атрофида юз берган турли можаролар, миллионлаб футбол мухлис ва ишқибозларининг (улар ичида камина ҳам бор) армон-у ҳасратлари ахийри, қўлимга қалам тутқазиб оқни қоралашга ундади чоғи. Фақири ожизингиз буни қанчалар уддалай олдим баҳосини сиз берарсиз, азиз ўқигувчи. Ҳа-я, сал бўлмаса ёдимдан кўтарила ёзибди, ҳикоянинг номини бежизга бундай деб қўймадим, кейин сиздан илтимос, ҳикояни диққат билан ўқинг: мабодо унда сизга таниш бўлган қаҳрамонлар учраса ҳайрон бўлманг.

***

Ишидан эрта қайтган Ҳакимжон эшикдан ҳовлиқиб кира солиб, остонага оёқ кийимини ечар-ечмас тезда ошхонага ўтди. Ошхонада овқат қилиш билан андармон бўлган хотини бегона шарпани сезиб бир сесканиб тушди, ёғнинг тутуни ичра эрининг қорасини таниб ўнг қўлининг учи билан чит кўйлагининг кўкрагидан тепароқ, бўйнига яқинроқ қисмини кўтариб туфлади. Норози қиёфада эрига қараб сўз қотди:

— Сизмидиз, ким экан дебман, сал секинроқ келсайиз бўлмайдими? Ўтакамни нақ ёрворай дедиз-а!

Ошхонада туриб бўлмасди: хонани куйдирилмаган пахта ёғининг аччиқ иси тутган, тумандек ҳамма нарса ғира-шира кўринарди. Ҳакимжоннинг кўнгли беҳузур бўлди; бурнининг учини жийириб "фуу!" деди-да, кафти билан димоғини дарров беркитди. Ачишган кўзларини ишқалаётган хотинига дабдурустдан:

— Соғат нечи бўлди ? — деб, сўради бўғиқ оҳангда. Эрининг беўхшов сўрови хотинига нашъа қилди шекилли, киноя оҳанг аралаш:
— Ассолому алайкум! — деди. Эри "бунга гапириш хайф" дегандек чап қўлини силтаб, шошганча хотининг олдидан шамолдай ўтиб, ошхонадан ёпиқ айвонга чиқди. Тўрда турган қутининг тугмасини босди. Зангори экраннинг қулоғини тиққиллаб бурай бошлади, экрандаги таниш манзарани кўзга ташлангач, бурашдан тўхтаб овозини кўтарди-да, юпқа кўрпачага бориб ён бошлади. Телевизор карнайидан қадрдон шарҳловчининг овози эшитилди:
"Ассалому алайкум, ҳурматли футбол ихлосмандлари, бугун барчангизни Тошкентдаги "Жар" стадионига таклиф этамиз..."

Шу пайт ошхонадаги "карнай" жаврай бошлади:
— Вой тавба, бу кишимга мен эмас, путбол керак! Эй ўлсин шу путбол-мутболлариям, ҳайронман нимаси яхши шуни, ўнта тентак у ердан бу ерга бир коптокнинг кетидан арпа еган такадай югуради, нима ош-нон берармиди шу...

Ҳакимжон хуноби ошиб, олдида турган хонтахтанинг четига мушти билан зарб урди: "Хаҳ..! Овозинг ўчгур, яна бошлади дийдиёсини!.." деди, ғазаб билан. Ошхонадан пиёзнинг пичоқ билан шахд аралаш тақиллаб кесилаётган уни эшитила бошланди...

Ҳакимжон мадҳия янграши билан жойидан туриб, қўлини кўксига қуйди. Бир нарсалар деб лаблари пичирлади... Ичларидаги қизил томирлари ранг тортган дийдаларининг пардаси намлангандек бўлди. Мадҳия садоларининг янграши тўхтагач яна қайтиб жойига чўзилди, шу ётганича жойида тош қотди: гуё бутун вужуди кўзга айланди, қолди. Телевизор карнайидан эса яна ҳалиги шарҳловчининг овози эшитиларди: "Япониялик ҳакам соатига қараяпти, ҳуштак чалинди — ўйин бошланди. Тўп билан бизникилар Галиулин — Аҳмедов. Аҳмедов рақибларни бирин-кетин алдаб тўпни Азизбек Ҳайдаровга оширди. Энди тўпни ўнг қанотдан Андреев қабул қилиб олди. У ўнг қанот бўйлаб тўпни олиб юриб жарима майдончасига узатди..." Бирдан Ҳакимжон ўрнидан қалқиб тушди:

— У-уур!! "...Тўп майдон ташқарисига форс футболчисига тегиб чиқиб кетди. Чап қанот бурчагидан тўпни Вагиз Галиулин киритади, у стадиондаги мухлисларни фаолроқ бўлишга чорламоқда, ҳа, бугун "Жар" одамлар билан тўлиб-тошган..." Шу пайт эшик қўнғироғи чалинди. Ҳакимжон ҳушёр тортди. Ўрнидан қўзғалмоқчи бўлди-ю, яна "Хотиним очар" деган ҳаёлда ўрнидан жилмади. Хотини бир нарсалар деб тўнғиллаган кўйи, эшикни очди. Ҳакимжон икки кўзи футболда бўлган билан қулоғи эшикда эди. Аёлининг "Келинг Шокиржон, ...тоғангизми? Ана, путбол кўряпти, балконда" деган сўзларини эшитди-ю, кўнгли жойига тушди. Жияни — талаба. Баъзи вақт зерикканида уникига келиб туради. Бугун футбол баҳонасида хабар олгани келган эди. Ҳакимжон жияни билан ўрнидан турмай қўл узатиб наридан-бери кўришган бўлди. Шокиржон ҳам хафа бўлмади. Тоғасининг одатини яхши билади. Ўйин вақтида ҳеч нарса демади. Фақат тўп майдон ташқарисига чиққанида бир-икки оғиз гаплашгандек бўлишарди. Ниҳоят, ўйинни бошқариб бораётган ҳакам ҳуштак чалиб, жамоаларни танаффусга чорлади. Ҳакимжон енгил тин олиб, ёнбошлаб турган еридан қоматини тиклаб олди. Рўпарасидаги жияни билан қайтадан сўрашди:

— Қалей, Шокиржон, яхши юрибсанми, ўқишларинг яхшими, уйдагиларинг тинчми?
— Раҳмат, ҳаммалари тинч, ўзиз қалейсиз, ишлариз яхшими?
— Чидаса бўлади, юрибмиз унда-бунда. Ҳакимжон шундай дегач, бир нарсадан бетоқат бўлгандек ошхонадаги хотинига овозини бир қадар кўтариб гапирди: "Онаси, овқатинг тайёр бўлдими? Бўла қол, ҳозир бошланиб қолади, кейин ея олмайман". Гап айланиб, яна ўша долзарб мавзуга тақалди:
— Стадионга бормадизми ?
— ..., — жиянининг тўсатдан берган саволига Ҳакимжон нима деб жавоб беришни билмай ўнғайсизланди, ёнида турган лаби учган пиёладаги совуқ чойдан бир-икки хўплаган бўлди. Савол жавобсиз қолса, бўлмасди:
— ...Ҳа, борувдим, билет тугаб қопти, шунга...,— Ҳакимжон бошқа гапирмади, гапира олмади. Ошхонадаги хотини иккита косага мастава сузиб келтирди. Бирини эрига, иккинчисини меҳмонга узатиб, ўзи чиқиб кетди. Ҳакимжон нонни ушатиб, жиянини овқатга уннади. Шокиржон ҳам стадионга бориб чипта ола олмай қуруқ қайтганди. Шунинг учун, тоғасининг бояги гапини тасдиқлагандек бошини қимирлатиб қўйди.

Ҳакимжон косадаги овқатни иштаҳа билан ер экан, қошиғига илашиб чиққан узун сочга кўзи тушиб, жиянига сездирмай косани бир четга суриб қўйди. Худди ичаётган шаффоф сувидан заҳарли қора зулук илкис сузиб чиққандек бўлди. Чойнакдаги шаммаси қотиб қолган чойни пиёлага ҳафсаласиз қуйиб ичар экан:
— ...Лаънатилар, қўлда ўн баравар қимматига пуллашаяпти, — деб қўйди.
Шокир ҳайрон бўлди:
— Битта паспортга иккита чипта берилар экан деб эшитувдим.
— ..., — Тоғаси индамасдан ўзи эшитадиган қилиб: "Эшитганингга эмас, кўрганингга ишон..." деди пичирлаб. Бу орада хотини кириб косаларни йиғиб олар экан, эрининг овқатни яримлатиб емаганини кўриб кўнгли хира тортди. Эри унга қараб ўғриниб бир уқрайдида, индамади. Телевизор карнайидан ҳалиги шарҳловчи яна гапира бошлади. Тоға-жиян беихтиёр кўзларини ойнаи жаҳонга тикишди.

"...Ҳакам иккинчи таймни бошлаш учун ҳуштагини чалди. Энди тўп билан эронлик футболчилар муомала қилмоқдалар. Форслар ҳимоячиси Темурян тўпни ҳужум чизиғига етказиб берди. Жаримамиз майдончасида тўп учун кураш кечмоқда. Ҳимоячиларимиз эҳтиёт бўлиши керак. Хавфли вазият, зарба!" Ҳакимжон худди ток ургандек сесканиб қўйди. "Хайрият, тўпни ҳимоячиларимиз бартараф этишга муваффақ бўлишди". Шокиржон ҳам қизиқиш билан футбол томоша қила туриб, тоғасига:

— Ҳойнайой, Эрон бизани ютса керак, чатоқ ўйнашяпти занғарилар, — деди. Тоғаси жиянига норози қараб қуйди-да:
— Бизникилар ютади, мана кўрасан, шу форсларингни-чи, энасини кўрсатиб чиқариб юборишади! — деди, ишонч билан. Жияни тоғасига айтган сўзидан бироз ҳижолат чекди, ахир тоғасини характерини яхши билади-да: унга "Бразилия-Ўзбекистон ўйнади. Ҳисоб 5-0 бўлди" дейишса, тоғаси дарров "голларни бизникилардан ким урди ?" деб сўрайдиганлар хилидан.

"...Ўйиннинг 73-дақиқаси ўтиб бормоқда ҳисоб: 0-0. Тўп билан бизникилар — Ҳайдаров-Кападзе. У тўпни орқароққа оширишни афзал билди. Исмоилов жамоамизнинг янги ҳужумини бошлаб беради. Тўп форслар жарима майдон часида, хавфли вазият — зарба! Яна бир зарба — Го-оол!!..." Ҳакимжон ўрнидан тура солиб қувончдан сакрагудай бўлди-ю, карнайдан "...Япониялик ҳакам голни инобатга олмади. Такрорий лавҳада тўп чизиқни кесиб ўтгани кўриниб турибди, аммо ҳакам тўп чизиқдан қайтарилди — деб ҳисобламоқда" деган гапларини эшитдию, бўғзидан ғазаб аралаш чиққан сўзни қайтара олмади: "Ярамас қисиқкўз!!".

Орадан ҳийла фурсат ўтди. Бу вақт мобайнида Ҳакимжон игнада ўтирган одамдек тўлғонар, ҳадиксирар, типирчилаб гоҳ ўрнига чўзилиб, гоҳ ўрнидан туриб "футбол" томоша қилар эди. "Ўйин ниҳоясига етиб бормоқда, япониялик ҳакам ўйиндаги узилишлар вақтини қоплаш учун тўрт дақиқа қўшиб берди. Тўп билан яна бизникилар, Эътибор беринг, бизникилар ҳужумга бутун жамоа билан ўтиб олишган. Форслар фақат ҳимояланмоқда, рақиб футболчилари тўпни майдондан узоқлаштиришга эришди, тўп орқароққа Андреевга оширилди, форслар олдинга қараб ташланди. Тўпни Станислав олдириб қўйди... Рақиблар тезкор қарши ҳужуми, хавфли вазият!...— Гол! Рақиблар қўшиб берилган вақтнинг тўртинчи дақиқаси сўнги сонияларида Нестеров дарвозасини ишғол қилдилар...!" Ҳакимжон шаҳдам юриб бориб, телевизор симини електр манбасидан ўзиб олди. Зангори қути "чирс" қилиб ўчди-ю, экран марказида кўкиш нуқта пайдо бўлди. Ниҳоят, боядан бери тинч турган вулқон отилиб чиқди:

— Паъдарига лаънат ҳаммасини, шу ўйинни кўриб мен аҳмоқ !!! Хотин, "валидол" қани ?! ...Музлатгич устига қўйгандим-ку! Шокиржон худди ҳаммасига у айбдордек ўзини қаерга қўйишни билмай талмовсиради, агар бироз ўтирса, боя тоғасига айтган гапи учун худо кўрсатмасин "халқ душмани"га чиқиб кетиши мумкинлигини пайқаб, совуққина хайрлашиб жуфтакни ростлади.

****


...Каравот ғичирлади. Ҳакимжон кўнгли ағдарилган кўйи "валидол" шимганича ухлашга уриниб, кўзларини зўрма-зўраки юмди. Юраги гупиллаб ўйнайди. Хаёлини чалғитиш учун яхши нарсалар ҳақида ўйлайди: дўхтир шунақа деган. Шу ётганича пинакка кетади. Туш кўради. Қараса баланд доирасимон иморат олдида турганмиш. Иморатни тумонат одам дарвозаси олдида ўрмалаб юрармиш. Ҳакимжон умри бино бўлиб бундай иншоотни кўрмаган эмиш. Оғзи очилиб, шовқин-сурон қилиб ғимирлаб юрган одамларга боқармиш. Қизиқ, одамлар ҳам турфа хил: бири қора, бири оқ, бири қизил... Ҳамма дарвозадан уёғига киришга интилаётган эмиш. Дарвозанинг шундоққина ёнида ялтироқ шим-костюм кийиб олган тепакал Паттачи қўлини карнай қилиб қичқирар эмиш: "Барча чиптасини кўрсатсин, чиптаси йуқлар мусобақага кирмайди!". Бу одам Ҳакимжоннинг кўзига иссиқ кўринар эмиш-у, бироқ қаерда, қачон учратганини негадир эслай олмас эмиш. Унинг қўлида иккита чиптаси бор эмиш. У ҳам ихтиёрсиз дарвоза томон талпинар эмиш. Шу онда унинг эътиборини четда бир-бирига бақириб, жанжал кўтараётган икки киши тортганмиш. Иккаласи ҳам ажнабий: бири Пистакўз, иккинчиси сочлари узунроқ, Бургуткўз. Ҳакимжон азалдан шунақа: икки кишининг ёқалашаётганини кўрса дарров ажратиб, келиштиради. "Бу дунё ўткинчи, эртага ким бор-у, ким йуқ", шуни тушунтиради. Бу сафар ҳам худди шундай қилганмиш. Ҳакимжон ҳай-ҳайлаб ажратиб, можаронинг сабабини сўриштирса, иккаласи битта чиптани бўлиша олмаётган эмиш. Ҳакимжон уларни тинчлантириб, қўлидаги иккита чиптанинг бирини Пистакўзга тутқазиб, уларни тинчлантирибди-да, шунга "ота гўри қозихона-ми ? Қани юринглар, "ўйинга" барчамиз биргалашиб кирамиз" — деганмиш. Кейин ҳаммалари, Паттачининг олдига яқинлашиб, бирин-кетин чипталарини кўрсатиб, ичкарига кира бошлабдилар. Аввал, бургуткўз, сўнгра пистакўз, унинг ортидан Ҳакимжон. Тепакал паттачи бургуткўз билан пистакўзни ичкарига қўйган эмиш-у, негадир унга келганда таранг қилганмиш: " Сизни чиптангиз яримта, бу ерга фақат бутун чиптаси борлар киради!". Ҳакимжоннинг боши қотган эмиш, қўлидаги рангли чиптани у ер бу ерини айлантириб, "Тавба, чиптанинг ҳам яримталиги бўлади-ми?" — деган эмиш. Тепакал одам унинг кўзларига қараб иблисона илжаярмиш. Сўнг, бирдан ҳандон отиб кулиб юборганмиш. "Ҳалойиқ, манави ғалчани қаранглар! Худди менга биринчи марта яримталик чипта олиб келгандай, савол беришини-чи !! Саволингга жавобни чиптани сенга олиб берганлар берсин, овсар!!" — деганмиш ўзини кулгудан боса олмай. Атрофдагилар ҳам унга қараб қулоқни қоматга келтириб қах-қахлаб юборган эмиш. Шу лаҳзада Ҳакимжоннинг бошлари гир-гир айланиб кетгандай бўлиб, оёқлари чалишиб, ҳар тарафга қараб югурар эмиш. Ҳамма ёқда эса бир хил садо эшитилаётган эмиш: Хах-хах-хах-хааа...!!!

...— А-аа!!.. Каравот бу сафар қаттиқроқ ғичирлади, Ҳакимжон ҳансираган кўйи пешаналаридан оқаётган қора терни кафтининг орқаси билан сидраб ташлади. Ётоғнинг эшиги олдида Шарпа пайдо бўлди. Ҳамон даҳшатдан ўзига кела олмай, тили айланмай турган Ҳакимжоннинг юраги потирлаб қафасидан чиқаёзаётгандек бўлди. Уйқусираган кўзларини катта очиб шарпани таниди. "Ҳали ухламадингми?" Унинг саволига Шарпа лом-мим демади, маъюс ҳўрсинди-да, эшик саҳнидан оҳиста ғойиб бўлди.

Ҳакимжоннинг яна юраги сиқди. Алаҳсираганича, боя ухлашдан олдин чўнтагига солиб қўйган юрак дорисини пайпаслади. Чўнтагидан муқоваси йиртилган, ичидан бир дона дориси қолган қоғоз ўрам илашиб чиқди. Шошганича дармонни оғзига солар экан хаёлидан "Хайрият, бахтим бор экан" деган ўй кечди. Бир зум дорини шимиб ётди-да, чуқур ҳаёл сурганича одатдагидек ўзи эшитадиган қилиб пичирлади "Ҳа-ааа, мен чинданда дунёдаги "энг бахтли инсонман"..."

Овсарбек

P/S-2: Шу ўринда, машхур голивуд режиссиёри Ридлей Скоттнинг "Муқаддас замин" фильмидаги бир эпизод ёдимга келди. Фильмни томоша қилган бўлсангиз, христиан салбчилар мусулмонлар яшайдиган Қуддус шаҳрини эгаллаб олган бўлишади ва мусулмонлардан қўшин тузган Миср подшоси Салоҳиддин Айюбий шаҳарни қайтариб олиш учун жонбозлик кўрсатади. Бир неча кунлик оғир жанглардан сўнг иккала томон сулҳ тузишга келишиб, христианлар ҳарбий сардори билан Салоҳиддин Айюбий музокара олиб боради. Натижада, христианлар шаҳарни жангсиз мусулмонларга топширадиган, мусулмонлар эса бунинг эвазига уларнинг зиёнсиз кетишига йўл қуйиб беришга келишишади. Сулҳ тузилиб Миср подшоси кетишга чоғланиб турганда христианлар сардори унга ғалати савол беради: "Қуддус сен учун нима?" Салоҳиддин Айюбий бунга жавобан ҳеч иккиланмасдан "ҳеч нарса" дейди-да, орқа ўгириб секин юриб кетади. Бир неча оғир қадам ташлагач, ортига шарт бурилади-да, унга ҳайратланиб боқиб турган христианлар саркардасига юзланиб, мағрурона "ва бутун дунё демакдир..." деб қўшиб қуяди... Назаримда, Миллат жамоаси ҳам, ҳеч шубҳасиз, ана шундай таърифга лойиқ.

Миллий терма жамоа — бу бутун бир халқнинг юзи саналади ! Халқнинг юзини булғашга ҳеч кимнинг ҳаққи йуқ ! Бас шундай экан, Миллат жамоасига (хоҳ у футбол бўлсин, хоҳ бошқа спорт тури) мухлислик қилиш ҳам аслида ватанпарварликнинг бир нишонасидир!

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 09:17, 21.09.2013.
Ўқилди: 11546 марта.
Фикрлар: 45 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.