Кириш Регистрация
11/09 19:00 Локомотив 3-0 Машъал
11/09 19:00 Бухоро 1-4 Навбаҳор
11/09 23:45 Венеция 2-4 Фиорентина
12/09 00:00 Севилья 1-0 Валенсия

Қарши давлат университети стадиони Про лига учрашувларини қабул қилишга шай

Баҳо:
+ | -

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси ва олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда. Университет жамоаларининг Лига тизимига кириб келиши, профессионал мусобақаларда иштирок этиши ва бунинг ортидан футбол инфратузилмасининг ривожлантирилиши мамлакат футболи географиясини кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Қарши давлат университетининг «Лочин» футбол клуби ана шундай катта мақсадлар сари дадил одимлаётган жамоалардан биридир.

«Лочин»нинг профессионал футбол тизимидаги йўли 2025 йилда янги босқичга кўтарилди. Қарши давлат университети жамоаси расман Лига аъзосига айланди. Клуб 4 апрель куни Лига байроғи остидаги дастлабки учрашувини Ўзбекистон кубоги доирасида ўтказиб, мусобақанинг гуруҳ босқичига йўлланма олди.

Лига раҳбарияти ва Қарши давлат университети ўртасидаги ҳамкорлик фақатгина «Лочин»нинг профессионал мусобақалардаги иштироки билан чекланиб қолмади. Лига раҳбари ҚарДУ ректори Дилмурод Набиев билан учрашув давомида университет ҳудудида футбол майдони барпо этиш, унга туташ ҳудудларни футбол инфратузилмаси талабларига мослаштириш масалаларини ҳам муҳокама қилганди. Орадан вақт ўтиб, ўша режалар амалий натижага айланди.

«Лочин» эса профессионал футболга кириб келган илк мавсумидаёқ ўз олдига катта мақсадлар қўя олишини кўрсатди. Жамоа 2025 йилги Ўзбекистон Биринчи лигасида иштирок этиб, мусобақанинг чорак финал босқичига қадар етиб борди.

Қаршиликлар Ўзбекистон кубогидаги иштироки билан ҳам футбол жамоатчилиги эътиборини тортди. «Лочин» гуруҳ босқичида мусобақанинг амалдаги ғолиби — «Андижон» ҳамда элита вакили — «Сурхон»ни мағлубиятга учратиб, нимчорак финал йўлланмасини қўлга киритди. Шу тариқа, ҚарДУ жамоаси 2025 йилги мавсумда Ўзбекистон кубогининг ушбу босқичига етиб борган ягона Биринчи лига вакилига айланди.

Майдондаги натижалар ортидан клуб инфратузилмасини янги босқичга олиб чиқиш бўйича ҳам катта ҳажмдаги ишлар бошланди. 2026 йилги мавсум аввалида Қарши давлат университети ҳудудидаги «Лочин» стадиони капитал таъмирлаш учун ёпилди. Асосий мақсад жамоанинг профессионал мақомига муносиб, футболчилар ва мухлислар учун зарур шароитларга эга стадионни шакллантириш эди.

Қурилиш ва реконструкция жараёнида, аввало, майдоннинг асоси ҳамда дренаж тизими билан боғлиқ ишлар амалга оширилди. Шундан сўнг, замонавий суғориш тизими ўрнатилиб, чим асосини ташкил этувчи қум қатлами ётқизилди. Стадион фақатгина футбол майдони билан чекланиб қолмади. Жамоалар учун кийиниш хоналари, матбуот анжуманлари зали ва учрашувларни профессионал даражада ташкил этиш учун зарур бўлган бошқа хоналар ҳам таъмирдан чиқарилди.

Бугунга келиб, «Лочин» стадионида олиб борилган капитал таъмирлаш ишлари якунланди. Энг муҳими, стадион профессионал футбол учрашувларини қабул қилиш имкониятига эга бўлди ва «Лочин» навбатдаги учрашувини ўз майдонида ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Бу — шунчаки бир стадионнинг таъмирдан чиқарилиши эмас. Бу Қарши давлат университетида футболга бўлган муносабат, талаба-ёшлар учун яратилаётган имконият ва профессионал футбол сари қурилаётган мустаҳкам кўприкнинг амалий ифодасидир. Кеча университет жамоаси сифатида ўз йўлини бошлаган «Лочин» бугун профессионал футбол тизимининг бир қисмига айланиб, ўз стадионида Лига учрашувларини қабул қилиш даражасига етиб келди.

Олий таълим муассасаларида мана шундай футбол муҳитининг шаклланиши талабалар орасида спортга бўлган қизиқишни янада оширади. Энг муҳими, ёш футболчи олдида танлов пайдо бўлади: у олий таълим олиш билан бир вақтда катта футбол сари ҳам интилиши мумкин. Университет жамоаларининг профессионал футбол тизимида мустаҳкам ўрин эгаллаши эса келажакда клублар учун янги футболчилар, мураббийлар ва мутахассислар етишиб чиқишига хизмат қилади.

Профессионал футбол сари дадил қадамлар ташлаётган «Лочин» футбол клубига Лига келгуси фаолиятида омад ва зафарлар тилайди. Қарши давлат университетида яратилаётган футбол муҳити эса келажакда нафақат «Лочин», балки Қашқадарё ва ўзбек футболига хизмат қиладиган янги авлод вакилларини етиштиришига ишонамиз.

Манба: pfl.uz
Киритилди: 22:15, 10.09.2026.
Ўқилди: 730 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.


счётчик